Линклар

logo-print
Сурияда мавжуд режимга қарши норозилик билдириб чиққан намойишчиларнинг ҳукумат кучлари тарафидан аёвсиз бостирилиши ва 140 чоғли одамнинг ўлдирилиши халқаро майдонда кескин қораланмоқда.

Суриялик фаолларга кўра, якшанба куни мамлакат бўйлаб 136 намойишчи ўлдирилган, жумладан, ҳукумат кучлари мамлакат шимолидаги Ҳама шаҳрига танклар билан ҳужум қилган, оқибатда бу шаҳарда юздан ортиқ одам ҳалок бўлган.

АҚШ президенти Барак Обама ўз баёнотида Сурия ҳукуматининг ўз халқига нисбатан ваҳшийлигидан ларзага келганини таъкидлади.

“Ҳамадан келаётган хабарлар ўта даҳшатли ва бу Сурия режимининг асл башарасини кўрсатади”, - деди Обама.

Туркия Сурия ҳукуматини зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

“Зўравонликлар муборак Рамазон ойи арафасида рўй бераётгани афсусланарли бил ҳолдир ва бу Ислом дунёсида ташвиш уйғотади”, - дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон Суриядаги қон тўкилишлар, Сурия хавфсизлик кучлари ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ўрнига уларни қирғин қилиши ҳеч бир шаклда қабул қилиб бўлмас ҳол эканини урғулади.

Италия ташқи ишлар вазири Франко Фраттини БМТ Хавфсизлик Кенгашини Суриядаги вазият борасида фавқулодда йиғин ўтказишга чақирди.

Фаолларнинг айтишларича, Сурия бўйлаб март ойи ўрталарида бошланиб кетган норозиликларда 1,5 мингдан зиёд фуқаро ва 350 нафар хавфсизлик ходими ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG