Линклар

logo-print

1 августдан Ўзбекистонда бензин нархи 10 фоизга қимматлади. Бензин нархининг ошиши мамлакатда шу йилнинг ўзида иккинчи марта кузатилаётир.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшовчи Шуҳрат ака бозор-ўчар учун шаҳарга тушиб туради. Бугун ҳам бозорга тушмоқчи бўлган Шуҳрат ака йўлкира ошганлигига гувоҳ бўлди:

- Булунғурдан Самарқандгача 30 км. Самарқандга бугун бориб келдим. Шу пайтгача такси машиналар 2 минг сўм эди, бугундан 2500 сўм бўлибди. 500 сўмга ортгани ҳам оғирлик қилади. Ўзи ҳисоб-китоб билан чиқамиз уйдан, - дер экан булунғурлик Шуҳрат ака маҳаллий таксичилар йўлкиранинг ошишини бензин нархи ошиши билан изоҳлаётганларини айтади.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорига мувофиқ, 1 августдан бошлаб аввал 1435 сўмдан сотилган Аи-80 русумидаги бензиннинг бир литри 1580 сўмдан, Аи-91 бензини 1745 сўмдан, Аи-95 бензини эса 1930 сўмдан қилиб белгиланди. Энг қиммат Premium Euro-95 русумидаги бензиннинг бир литри эса 3 минг 200 сўм бўлди. Мазкур бензин бугунгача 3000 сўмдан сотилаётганди.

Тошкент ёнилғи қуйиш шаҳобчалари ходимлари Озодлик билан суҳбатда сотувда ҳозирча бензиннинг икки маркаси борлигини билдиришди:

- Бензин бор. 95-, 80-маркали бензин бор. Нархи ҳамма ерда бир хид, Ўзбекистон бўйича ошди, - деди Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шаҳобчалари ходимларидан бири.

Ўтган йилдан буён бензин танқислиги сезилаётган Қарши шаҳрида ҳам 1 август куни бензинни топса бўлар эди, фақат ёнилғи шаҳобчасидан эмас.

- Кўчаларда икки минг сўмдан сотишаяпти. Заправкаларда бензин йўқ, - дейди исми ошкор этилишини истамаган қаршилик ҳайдовчи.

Ўзбекистонда бензин нархи шу йилнинг январ ойида 30 сўмга кўтарилган эди. Ўшанда бу ҳолат бензин олувчи жисмоний шахсларга нисбатан солиқ миқдорининг ошгани билан боғлиқлиги айтилган эди.

Ўтган 2010 йил ичида бензин нархи уч бора оширилиб, жами 30 фоизга қимматлаган эди.

Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров, расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ёқилғи бозоридаги бензин ва дизел ёқилғисининг 40 фоизини, норасмий манбаларга кўра эса, 60 фоизини хориждан импорт қилинган маҳсулотлар ташкил этишини айтади.

- Табиийки, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сотиб олиш доллар, еврода бўлгани боис нарх корректировкаси бўлаяпти. Йил давомида долларнинг расмий курси 4,5 - 5 фоизга кўтарилди. Бозордаги курс эса 12-13%га кўтарилди. Айтиш мумкинки, бензиннинг 10 фоизга қимматлашиши охиргиси эмас. Балки йил охирида яна кўтарилар. Агар умумий бозор нархи, валюта қиймати кўтарилмаса, бензин нархи қимматламаслиги ҳам мумкин. Ҳаммаси валюта курсига боғлиқ, - деди иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров.

Унинг фикрича, Ўзбекистон бензин импортига эҳтиёж сезган давлатлар қаторида бўлмаганида ёнилғи нархи йил давомида бу қадар кўтарилмас эди.

Поваровга кўра, Ўзбекистондаги нефт заҳиралари камайиб бормоқда, шу боис тайёр ёнилғи маҳсулотлари импорти мамлакатда юқори фоизни ташкил этаяпти.

- Шунинг учун биз ҳозир Ўзбекистонда газ-мотор ёнилғиси ривожланаётганлигини кўраяпмиз. Аксарият машина ҳайдовчилари газ ёнилғисига ўтаётганлиги ҳам бензин танқислигидан чиқиш йўлидир, дея хукумат томонидан урғуланмоқда, - дейди таҳлилчи Дмитрий Поваров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG