Линклар

logo-print

Тожикистонда вазифаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлган янги тузилма ташкил этилди.

“Озиқ-овқат хавфсизлиги кенгаши” деб номланувчи бу тузилмага мамлакат Бош вазири Оқил Оқилов раҳбарлик қилмоқда.

2010 йилнинг декабрида Тожикистон “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди.

Тожик расмийларининг маълум қилишича, “Озиқ-овқат хавфсизлиги кенгаши” ана шу қонун асосида ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, Тожикистон Молия ва Иқтисодий тараққиёт вазирлари ҳам мазкур кенгашга аъзолар.

Давлат янги идорасининг вазифаси нимадан иборат?

Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлигининг иқтисодий сиёсат бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Қодировнинг Озодликка маълум қилишича, янги идоранинг вазифаси озиқ-овқат импорти ҳажмини қисқартириш ва шу йўл билан мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлади.

- Бу кенгашнинг вазифаси озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидларни бартараф қилишдан иборат. Агар энергетика мустақиллигига эришиш ва коммуникацион чекловларни бартараф этиш Тожикистоннинг асосий стратегияси бўлса, яна бир муҳим вазифамиз мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини ҳар томонлама таъминлашдир. “Озиқ-овқат хавфсизлиги кенгаши” олдида турган асосий вазифа маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан импорт ҳажмини қисқартиришдан ва бордию мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи қурғоқчилик ёки сув тошқини каби бирор табиий офат юз бергудек бўлса, бу оғир муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўришдан иборатдир, - дейди Қишлоқ хўжалик вазирлиги масъули Қодиров жаноблари.

Таҳлилчилар: “Тожикистонда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаган”

Ўтган йили Тожикистонда қабул қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунда ҳукумат маҳаллий маҳсулот ҳисобидан аҳоли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаши ва аҳолини калорияли маҳсулотлар билан таъминлаши зарурлиги белгиланган.

Бироқ, айрим таҳлилчилар мулоҳазасича, Тожикистон озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаган мамлакат саналади.

- Озиқ-овқат маҳсулотларининг 90-95 фоизини ташқаридан олиб келаётган Тожикистон таҳдид исканжасида қолган. Бордию бу маҳсулотлар, жумладан, ёғ, ун, шакар каби асосий истеъмол моллари импорти учун бирор чеклов белгилангудек бўлса, у ҳолда, мамлакат инқирозга юз тутади. Аммо бугун ташкил этилган янги идора қай даражада ўз зиммасига олган вазифани бажара олади - буни вақт кўрсатади, - дейди мустақил таҳлилчи Давлатмурод Жумаев.

Ўтган йили Россия ва Қозоғистон қурғоқчилик сабабли ун ва буғдой экспортига чеклов қўйгандан сўнг Тожикистонда ун ва ун маҳсулотлари нархи бир неча бараварга ошиб кетганди, бу эса тожикистонлик орасидан муайян тарангликни юзага келтирганди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини қай йўл билан таъминлаш мумкин?

Тожикистон умумий майдонининг 93 фоизи тоғликлардан иборат бўлиб, экин майдонлари эса атиги етти фоизни ташкил қилади.

Мамлакатда мавжуд текис ерларда ҳамда тоғ ёнбағирларида деҳқончилик қилиш ва боғ-роғлар яратиш учун қулай имконият мавжуд.

Таҳлилчи Фируз Саидов мулоҳазасича, ана шу мавжуд имкониятлар ишга солинмаётгани ва маҳаллий деҳқонлар қолиб, хорижлик ишлаб чиқарувчилар ҳимояланаётгани бугунги кунда Тожикистонда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланишига тўсқинлик қилаяпти.

- “Озиқ-овқат хавфсизлиги кенгаши” энг аввало тожикистонлик маҳсулот ишлаб чиқарувчиларини ҳимоялаши ва уларга имкониятлар яратиб бериши зарур. Ҳозир биз Ўзбекистон, Покистон ва бошқа шу каби бозорларимизга эгалик қилаётган хорижлик ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаб, молиялаштираяпмиз. Менимча, агар биз маҳаллий деҳқонларга зарур имкониятларни яратсак, солиқ борасида имтиёзлар яратсак, минерал ўғит ва ёнилғи билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилсак, мамлакат ичкарисида ишлаб чиқариш ўсади. Бу, ўз навбатида, ўзбекистонлик ва покистонлик ишлаб чиқарувчиларни бозорларимиздан сиқиб чиқаради, - дея мулоҳаза билдиради Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Фируз Саидов.

Тожикистон Қишлоқ хўжалик собиқ вазири Ваҳоб Воҳидов эса биринчи галда ишлаб чиқариш корхоналарини тиклаш, қишлоқ хўжалик ходимларини рағбатлантириш ва деҳқонларга субсидия ажратиш билан мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдидлардан сақлаб қолиш мумкин, деган фикрда.

- Давлат маҳаллий деҳқонларга амалий ёрдам кўрсатмас экан, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида бирор яхши натижага эришиб бўлмайди, бу аниқ. Ҳар йил 75 тонна шакар мамлакатга ташқаридан импорт қилинади. Ваҳоланки, Хатлон регионида лавлаги етиштириш ва ишлаб чиқариш цехларини ишга солиш билан ўз шакаримизга эга бўлишимиз мумкин. Ҳозир бир қоп минерал ўғит 150 сомоний (тахминан 31,5 АҚШ доллари - таҳр.). 1991 йилда республикада 30 мингдан ортиқ трактор бор эди. Ҳозир ўшандан 13 минги қолган, холос. Яъни техника ҳам муаммо. Бу муаммолар ечимига, табиийки, деҳқоннинг кучи етмайди. Бошқа давлатлардаги сингари давлат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга субсидия ажратиши зарур, - дейди собиқ вазир Ваҳоб Воҳидов.

Суҳбатдошимиз берган маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолиси бошига йилига 12 килограмм ёғ тўғри келади. Тожикистонликларнинг ёғга бўлган йиллик эҳтиёжини қондириш учун тахминан 100 минг тонна ёғ зарур бўлади.

- Лекин биз йилига 14 минг тонна ёғ ишлаб чиқараяпмиз. Агар ҳукумат ер эгаларига субсидия ажратса, кунгабоқар етиштиришни йўлга қўйиб, аҳолининг йиллик эҳтиёжини қондириш мумкин бўларди, - дер экан Ваҳоб Воҳидов қишлоқ хўжалик соҳасидаги бошқа муаммоларни ҳам давлат қўлловида ҳал қилиш билан озиқ-овқат хавфсизлигини аста-секинлик билан таъминлаш мумкинлигига ишонишини қайд этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG