Линклар

Сурия ҳукумати Ҳамага аёвсиз ишғол учун қораланмоқда


Ҳукумат қўшинларининг Ҳама шаҳридаги аёвсиз ишғоли акс этган тасвирлар бирин-кетин YouTube сайтига қўйилмоқда.

Ҳукумат қўшинларининг Ҳама шаҳридаги аёвсиз ишғоли акс этган тасвирлар бирин-кетин YouTube сайтига қўйилмоқда.

Ҳукумат қўшинларининг 31 июл кунги амалиёти давомида 140 дан ортиқ одам ўлдирилгани айтилмоқда.


Халқаро жамоатчилик 31 июл куни Сурия ҳарбийларининг Ҳама шаҳрига қилган аёвсиз ишғолини кескин қораламоқда.

Сурия ҳарбийларининг Ҳама ва бу шаҳарга яқин ҳудуддаги норозилик намойишлари давом этаётган нуқталарга қилган ишғоли давомида камида 140 одам ўлдирилгани айтилмоқда.

Германия ва Италия ҳукуматлари президент Башар ал-Ассад режимининг бу ҳаракатини кескин қоралаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини зудлик билан вазиятни муҳокама қилишга чақирмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама ва Европа давлатлари етакчилари ҳам Сурия қўшинларининг муборак Рамазон ойи арафасида қилган рейдини қоралади.

Барак Обама суриялик намойишчиларни "жасур" дея атади ва Сурия ҳукуматининг ўз фуқароларига қарши зўравонлик билан қилган ҳаракатидан "даҳшатга тушгани"ни билдирди.

Буюк Британия Суриянинг турли шаҳарларида ҳукм сураётган бугунги вазиятни ўнглашга оид халқаро жамоатчилик босимини кучайтиришга чақирди.

Аммо, Ливиядаги вазиятни инобатга олиб, Британия Сурия мисолида БМТ ваколати остидаги ҳарбий аралашув имконсиз эканини таъкидлади.

Шунингдек, Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг Сурия ҳукуматига босим фақатгина Ғарб давлатларидан эмас, балки араб давлатлари ва Туркиядан ҳам кўрсатилиши кераклигини урғулади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга қаратилган йиғилиши тез орада бўлиши кутилмоқда. Бироқ, бу йиғилишда ҳам кенгаш аъзолари мунозарага кириб қолиши мумкинлиги кутилмоқда.

Шу вақтга қадар ҳам кенгаш Сурия президенти Башар ал-Ассад режими хусусида бир келишувга эришолмай келмоқда.

Британия, Франция, Германия, Португалия ва АҚШ ҳафталарки Суриядаги зўравонликларни қайсидир бир кўринишда қораловчи ҳужжат қабул қилинишини сўраб келмоқда.

Аммо, Ливияга ҳарбий интервенцияни қоралаган Россия, Хитой, Жанубий Африка, Ҳиндистон ва Бразилия Сурия режимига қарши, ҳаттоки, баёнотни қувватлашдан ҳам бош тортган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий вакили бўлган Россия ва Хитой эса Ассад режимига қарши резолюцияга вето қўйишидан огоҳлантирган.

Суриядаги инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, 31 июл куни Ҳама шаҳри ва бошқа йирик ҳудудларда ҳукумат қўшинлари амалга оширган рейдлар чоғида камида 140 одам ўлдирилган.

Ўлдирилганларнинг 100 нафардан ортиғи Ҳама шаҳрига тўғри келмоқда ва бу норозиликлар бошланган март ойидан буён бу шаҳарга қилинган энг йирик ҳужум бўлди.

Сурия ҳарбийлари танк ва оғир қуроллар ёрдамида намойишчилар қўлбола қилиб қурган тўсиқларни вайрон қилгани, кўпчилик намойишчиларни эса ҳарбий снайперлар отиб ўлдиргани айтилмоқда.

Сурия ҳукумати хориж ахборот воситалари мухбирларига мамлакатга киришни тақиқлагани боис ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга ва Youtube тармоғида пайдо бўлаётган видеотасвирларга ойдинлик киритиш имконсиз қолмоқда.

Мобил телефонларида олинган ва Youtube тармоғига қўйилаётган видеотасвирларда, жумладан, танкларнинг аҳоли уйлари, шаҳардаги биноларни ўққа тутаётгани, бир гуруҳ одамнинг жароҳатланганларга ёрдам беришга уринаётгани акс этган.

Айни пайтда бу тасвирлар фақат сунъий йўлдошга уланувчи телефонлар билангина дунёга узатилаётгани айтилмоқда.

Бундай имкони бўлмаганлар эса ҳимоясиз, дунёдан узилган ҳолда ҳукумат танклари босқини қаршисида ожиз қолаётгани айтилмоқда.

Буни эътироф этган ҳамалик қочқинлардан бири Туркиядаги лагердан туриб Ҳамадаги яқинларига боғлана олмаётганини айтади.

- Бугун менинг оилам аъзоларидан бири ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитдим, лекин қайси бири ўлганини билмайман. У менинг онам, синглим ёки отам бўлиши мумкин. У ердан бирор ахборот ололмаяпмиз. Интернет, электр ва телефон тармоқлари узилган. Ҳамма сукутда қолган,- дейди ҳамалик қочқин Фирал Салғатам.

Сурия ҳукумати аввал бошданоқ Ҳамадаги зўравонликлар учун "бу шаҳарда қарор топган қуролли гуруҳлар"ни айблаб келмоқда.

Башар ал-Ассаднинг ўзи бу гуруҳларни мамлакатда ғалаён қўзғашга уринаётган "қутқучилар", деб қоралаган эди.
XS
SM
MD
LG