Линклар

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли муборак Рамазон ойи аввалига тўғри келган Ҳама шаҳридаги ҳукумат кучлари ишғолини кескин қоралади.

- Ҳама шаҳри ва Суриянинг бошқа шаҳарларида ўтказилган амалиётлардан даҳшатга тушдик ҳамда қаттиқ хавотирдамиз. Амалиётлар услуби ва фурсати мутлақо нотўғридир. Биз уларни кескин қоралаймиз, - деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Тез орада БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга қаратилган йиғилиши бўлиши кутилмоқда.

31 июл куни Сурия ҳарбийларининг Ҳама ва бу шаҳарга яқин ҳудуддаги норозилик намойишлари давом этаётган нуқталарга қилган ишғоли давомида камида 140 одам ўлдирилгани айтилмоқда.

Германия ва Италия ҳукуматлари президент Башар ал-Ассад режимининг бу ҳаракатини кескин қоралаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини зудлик билан чора кўришга чақирди.

Аммо, Ғарб давлатлари ҳам Ливиядаги вазият инобатга олиниб, Сурия мисолида БМТ ваколати остидаги ҳарбий аралашув имконсиз эканини таъкидламоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг Сурия ҳукуматига босим фақатгина Ғарб давлатларидан эмас, балки араб давлатлари ва Туркиядан ҳам кўрсатилиши кераклигини урғулаган эди.
XS
SM
MD
LG