Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:57

Қорақалпоқ вазири "бизда болалар меҳнати йўқ" деди


“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” болалар меҳнатига оид ҳужжатларга фотосуратларни ҳам илова қилган эди.
“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” болалар меҳнатига оид ҳужжатларга фотосуратларни ҳам илова қилган эди.

Ўзбекистонда, ҳусусан Қорақалпоғистонда мажбурий болалар меҳнати йўқ! Қорақалпоғистон халқ таълими вазири Б. Нурабиллаева имзоси билан “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси”га келган мактубдан шундай маъно чиқади.


Бундан олдин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раиси Акмал Саидов “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси”дан июнь ойида ариза олгач болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланилаётгани тўғрисидаги фактларни текширишни бошлаган эди.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” ёзган мактуб ва ундаги далиллар Миллий марказ томонидан Қорақалпоғистон халқ таълими вазирлигига жўнатилган эди.

Шундан сўнг Қорқалпоғистон халқ таълими вазири ўринбосари Аҳмад Наримбетов Тошкентга учиб келиб, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” раҳбари Елена Урлаева билан учрашди. Ҳуқуқ фаоли вазир ўринбосарига мактаб ўқувчиларининг баҳорги дала ишларига мажбуран жалб қилингани акс этган фотосуратлар ва бошқа ҳужжатларни тақдим этган.

Аҳмад Наримбетов бу фактларни текшириб, натижаси ҳақида хабар беришни ваъда қилган эди.

Эътирозга ўрин бор


Мана жавоб ҳам келди. Жавоб бизни мутлақо қониқтирмайди дейди “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” раҳбари Елена Урлаева:

- Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлигига тақдим қилган ҳужжатларга биз фотосуратларни ва видеотасвирларни илова қилган эдик. Биз Қорақалпоғистондаги аниқ адреслар, мактаб номларини бирма бир келтириб, мажбурий боалар меҳнати мавжудлигини фактлар билан исбот қилганмиз. Улар бўлса оқни қора деб туришибди. Биз жавобдан мутлақо қониқмадик.

Урлаева бу жавоб юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят ëзишини айтди.

Бундан олдин Қорақалпоғистон халқ таълими вазири ўринбосари Ахмад Наримбетов Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам Елена Урлаевадан фотосуратлар ва ҳужжатлар қабул қилиб олганини тасдиқлаган эди.

Қорақалпоғистон ҳудудида 2009 ва 2010 йилларда мажбурий болалар меҳнатини кузатиб мониторинг қилган Ўзбекистон Германия форуми инглиз ва немис тилида чоп қилган хисоботида жуда аниқ фактлар келтирилган.

Пахта ҳақида қўшиқ


Бу нашрларга илова қилинган “Пахта гулининг тикони” филмида ҳам Қорақалпоғистондаги мажбурий болалар меҳнатига оид фактлар тасвирланган.

Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати юзасидан кузатувни ташкил қилган Ўзбекистон Германия форуми раҳбари Умида Ниëзова, бу муаммо Қорақалпоғистонда бошқа ҳудудлардан кўра ëмонроқдир, дейди.

Қорақалпоғистонлик талабалар ижтимоий тармоққа чиқарган “Пахта” филми ҳам таълим вазирлиги мулозимларининг бу ҳудудда мажбурий меҳнат йўқ деган иддаоларини пучга чиқаради.



Youtubeда ëйинланган бу филмда ўқиш ўрнига далага ҳайдалган қорақалпоқ ëшлари ҳажв қилинади.

Филмда қўшиқ куйлаган талаба Темур Султонов хирмонга улуш қўшаман деб ўқишдан қолганларнинг абгор аҳволи ҳақида куйлайди.

Қорақалпоғистон мактабларида шу йилнинг баҳорида мониторинг ўтказган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, деярли барча қишлоқ мактаблари фермер хўжаликларига ҳоким буйруғи билан бириктириб қўйилган.
XS
SM
MD
LG