Линклар

Ўзбекистон савдогарлари янги қопқон қаршисида қолди


Ўзбекистон ичкарисига олиб кирилган кундан бошлаб 12 ой ичида сотилмаган импорт маҳсулотларини сотиш 2011 йилнинг 1 июлидан бошлаб "савдо қоидаларини бузиш" деб баҳоланадиган бўлди.

Ўзбекистон ичкарисига олиб кирилган кундан бошлаб 12 ой ичида сотилмаган импорт маҳсулотларини сотиш 2011 йилнинг 1 июлидан бошлаб "савдо қоидаларини бузиш" деб баҳоланадиган бўлди.

Шу кунларда солиқ инспекторлари савдогарлар қўлига аввал кўрилмаган янги огоҳлантириш талабномаси тутқизмоқда.


Озодликка Тошкент шаҳрида импорт моллари савдоси билан фаолият юрғизаëтган хусусий савдогарлардан етиб келган маълумотга кўра¸ жорий йилнинг июл ойи давомида туман солиқ инспекциялари томонидан савдогарлар қўлига “Огоҳлантириш талабномаси” деган расмий қоғоз тутқазилган.

Одатда солиқ тўловларини ўз вақтида тўламаганлик учун юбориладиган талабномадан фарқли¸ бу ҳужжатда савдогарлар Ўзбекистон президентнинг 2010 йил 26 апрелда қабул қилган “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1326-сонли қарорининг 2011 йил 1 июлидан бошлаб кучга кирганидан огоҳлантирилганлар.

Туман солиқ инспекцияси бошлиқлари имзо чеккан бу ҳужжатда Ўзбекистонга “божхона тўловлари тўланиши фактини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач тайëр импорт истеъмол товарлари сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига йўл қўйилмаслиги ва ушбу товарлар туркуми реализация қилиниши савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланиши тўғрисида огоҳлантирамиз”¸ деб ëзиб қўйилган.

Содда қилиб айтганда¸ Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганидан бир йил ўтган маҳсулотни сотиш товарларни ҳужжатларсиз реализация қилиш деб белгиланади.

Президент имзо чеккан қарор иловасида бир йил ичида сотиб тугатилиши лозим импорт маҳсулотлари рўйхати берилган. Бу рўйхатга импорт қилинган тикув маҳсулотлари¸ устки трикотаж¸ ички трикотаж¸ спорт кийимлари¸ пайпоқ маҳсулотлари¸ кўрпа-тўшак маҳсулотлари¸ пардалик матолар¸ сочиқ ва халатлар¸ чарм пойафзал¸ телевизор¸ музлатгич¸ кондиционер ва электрдазмоллар киритилган.

Бозор¸ савдо комплекси ëхуд алоҳида олинган хусусий дўконда савдо қилишидан қатъий назар¸ солиқ инспекторлари бу молларни савдодан олиб ташлаш лозимлигидан огоҳлантирмоқдалар¸ акс ҳолда....

"Энг қизиғи¸ ана шу акс ҳолда нима бўлишини бизга ҳеч ким айтмаëтир"¸ дейди шундай огоҳлантирув олган Тошкентдаги хусусий дўкон эгаларидан бири.

- Ҳали бу қарор ижроси бошланганича йўқ. Менимча, мустақилликкача ҳозир ҳеч кимга тегманглар¸ деб айтишган шекилли. Лекин қанақа ишлашини ўзлари билишмайди. “Сен менга огоҳлантириш бераяпсан. Сен менга огоҳлантириш берганингдан кейин сен ўзинг жавоб беришинг керакку” десам, “Биласизку жавоб йўқ” дейди.

Шу билан бизларни қўрқитиб қўйишди. Нима дейди¸ ҳалиги бомба медленного задействия дейдику. Шунақа нарса ташлаб қўйишди бизларга. Ҳаммани огоҳлантириб, ҳаммани чақириб ҳаммага мана шунақа қўл қўйдиришган. Кимнинг хусусий дўконлари бўлса, каттароқ тадбиркорларнинг ҳаммасини чақириб ҳаммасига шунақа огоҳлантириш беришган¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ўзига қарши босим кучайишидан чўчигани боис исми ошкор қилинмаслигини сўраган хусусий тадбиркорлардан бири.

Бу савдогар Озодлик билан суҳбатда ўзи каби тадбиркорларни қийнаëтган қатор саволларни тилга олди ва уларга Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси расмийларидан жавоб олишда кўмаклашишни сўради.

Бу сўров ортидан Озодлик Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг¸ ўзини мазкур “фармон ижроси бўйича мутахассис” деб таништирган маъсули билан боғланди. “Тошкентдаги савдогарларга огоҳлантириш талабномаси топширилди¸ энди нима қилиш керак улар?” деган саволга:

- Товарингизни олиб қўясиз савдодан. Билмадим, бир йил ичида сотиш керак қарор бўйича. Ëзиб қўйибдику божхона декларациясидан бир йил ўтган товар ҳужжатсиз деб ҳисобланади¸ деб жавоб берди.

Савдога қўйилган маҳсулотнинг импорт қилинганига 12 ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса¸ солиқ инспекторлари бу молларни давлат ҳисобига мусодара қиладими ëхуд жарима соладими¸ деган саволга эса:

- Мусодара қилса керак, бу энди текширган одамга боғлиқ. Қарор чиққаннинг ўзида берилганку. Демак, у товар олиб қўйилади¸ дея мужмал жавоб қилди.

Бугун Ўзбекистондаги аксар хусусий савдогарлар импорт молларини “Абу Саҳий” ширкатидан олади. Бундай олди-бердида “Абу Саҳий” тадбиркорга ҳисоб-фактурадан бошқа ҳужжат бермайди. “Абу Саҳий”дан Ўзбекистон ичкарисида сотиб олинган мол ҳам импорт ҳисобланадими ва бунинг мамлакат ичига кирган муддати қандай аниқланади?”деган саволга жавобан:

- Сизга нима ҳужжатлар беради Абу Саҳий? Божхона тўловлари тўланганини тасдиқловчи ҳужжат борми? У нарса қарорда кўрсатилмаган. Қарорда кўрсатилган божхонадан кирганидан кейин бир йилдан кейин, ëзма мурожаат қилсангиз, ëзма жавобини оласиз. Президент қарори чиқишидан олдин кирганми¸ кейин¸ фарқи йўқ¸ Ўзбекистонга импорт қилинган маҳсулотлар 12 ой ичида реализация қилинмаса¸ ҳужжатсиз мол ҳисобланади ва мусодара қилинади¸ дейилган разрешение келган Кабминдан. Ëзма мурожаат қилинг, ëзма жавобини оласиз¸ дея мавзу ëпилганини англатди Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси.

Озодлик суҳбатлашган хусусий тадбиркор эса¸ Ўзбекистон қонунчилигида савдо қоидаларини бузиш учун маҳсулотни мусодара қилиш ҳақида жазо йўқлигини таъкидлай туриб¸ ўз манбаларидан бошқача жавоб олганини билдиради.

- Мусодара қилмас экан. Мен хўжалик судидан сўрадим. “Булар молни нима қилади?” десам, “Неча пуллик молингиз бўлса, ўшанча пул штраф тўлайсиз. Кейин яна молингизни ўзингиз сотаверасиз” дейди. Булар ҳозир байрамни ўтказади. Байрамга кетган харажатларни қаердандир чиқариш керак бўлади тўғрими? Булар байрамдан кейин ëппасига киришади. Ҳамма деҳқон бозори, савдо-сотиқ мажмуаси бўлса, ҳаммасига яна ëпишадида, қанча ортиқча молингиз бўлса, ўша ортиқча молингизнинг ҳисобидан сиздан штраф олишади. Неча пуллик молингиз ортича бўлса, ҳужжатдан ташқари бўлса. Абу Саҳийнинг ҳужжатидан ташқари бўлса¸ дейди айни кунларда ўз дўконини бир йиллик эски моллардан тозалашга киришган дўкондорлардан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG