Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Ўрхон Жамол: "Ўзбек мухолифатига ишончим йўқ"


Ўрхон Жамол Ўзбекистондаги вазиятни халқ ўзгартира олади, лекин ҳозирча халқ бунга тайёр эмас, дея ҳисоблашини айтади.
Ўрхон Жамол Ўзбекистондаги вазиятни халқ ўзгартира олади, лекин ҳозирча халқ бунга тайёр эмас, дея ҳисоблашини айтади.

“Новости Узбекистана” газетасининг АҚШдаги мухбири Айдин Гударзи “Дождь” телеканалининг ҳарбий шарҳловчиси Ўрхон Жамолни “интеллектуал жиҳод” ва “Ислом халифалиги” ғояларини тарғиб этишда айблади. Расмий газета мухбири Гударзи бу ҳақда 12.uz сайтида чоп этилган мақолада ёзди. Озодлик Радиоси ўзини “ислом журналисти”, деб атайдиган ва россиялик бошқа шарҳловчилардан кескин қарашлари билан ажралиб турадиган Ўрхон Жамолни суҳбатга тортди.


Айдин Гударзи ўзининг “Ахборот урушларида” Ким, кимни ва қандай...” тўғрисидаги айрим мулоҳазалар” мақоласида Ўрхон Жамолни собиқ Иттифоқ мамлакатларида Ислом ҳалифалиги ғояларни тарғиб этувчи “исломчи-провокатор” деб атади.

Озодлик билан суҳбатда ҳарбий шарҳловчи Ўрхон Жамол террорчилик, исломлашиш ва Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазият ҳақида сўзлади.

“Гударзи мақоласида сизни собиқ Иттифоқ давлатларида Ислом ҳалифалигини тузиш учун “сўз жиҳодини” бошлаганликда айблади. “Сўз жиҳоди”, “интеллектуал жиҳод” тушунчаларининг мазмун-моҳияти нимадан иборат?” деган саволимизга Ўрхон Жамол шундай жавоб берди.

- Бу Ислом жиҳодининг фисқ, билимсизлик ва нафсу-нопокликка қарши курашдан иборат уч расмий даражасига қарашли ғоялардир. Унга биноан инсонлар бу иллатларга қарши қўл билан, куч билан курашиш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда сўз билан курашмоқлари зарур. Агар ҳатто шундай курашишга имкон топа олмасалар – ўз юракларида буни қораламоқлари керак. Агар Айдин Гударзи мусулмон бўла туриб на қўл ва на сўз билан курашаётган бўлса, ҳеч бўлмаганда юрагида кураш бўлаётганига умид қиламан,- дейди Ўрхон.

Ҳарбий шарҳловчи террорчиликка оид ўз қарашлари ҳам борлигини айтар экан, бу ҳодиса жамият аъзоларининг у ёки бу масалага оид қарашларнинг кескин ифодасидир, дейди.

- Террорчиликнинг ўзи моҳият эмасдир. Агарда бирор одам қолганларни қўрқитиш ёки ўз ҳаловати учунгина қонли акцияларни уюштираётган бўлса, демак у руҳий ноқис одамдир ва уни даволаш керак ёки даволанмаса жамиятдан ажратиб қўймоқ керак. Гап шундаки, террорчилик моҳиятан кураш усули, турли ғояларни ифодалаш усули. Тарихдан маълумки, турли даврларда турли жамиятларда шу йўл билан муайян қатлам ўз хоҳиш-истакларини намоён қилиб келган. Ҳатто, масалан, норвегиялик қотил Брейвик турли ғоялар аралашмасидан иборат дастур ёрдамида нафақат мусулмонларнинг Европада пайдо бўлиши, балки Исроилнинг Фаластинга қарши курашини қўллаб-қувватлаган, аборт ва ҳомосексуализмга расман рухсат берилишини талаб қилган. Оролдаги отишмалар орқали у Европанинг исломлашишига қарши бўлганини намойиш қилди.

Вазиятни инқироз ўзгартира олади холос


Ўрхон Жамол Ўзбекистон мухолиф кучларининг фаолиятига оид ўз танқидий мулоҳазаларини ҳам келтирди. “Ўзбек мухолифати ишлаб чиққан кураш режасининг амалга ошишига шубҳаларим бор”, дейди у.

- Ўзбекистонда оддий сайловлар каби усуллар ёрдамида вазиятни ўзгартириш мумкинлигига ишонмайман. Ўзбекистондаги вазиятни турли сиёсий технологиялар, “тинчлик протести” ва неогандизм каби ғоялар ёрдамида ўзгартириш мумкинлигига ҳам ишонмайман. Шу сабабли Ўзбекистонда вазият ички инқироз бошланганидан кеийн ёки оммавий халқ қўзғолони оқибатида ўзгариши мумкин. Лекин у ерда ҳозир на униси, ва на буниси кузатилади. Айниқса бугун ўзбек мухолифатининг бунга бошчилиқ қила олишига ишончим йўқ,- дея хулоса қилди Ўрхон Жамол.

Ўрхон Жамол – россиялик журналист, “Дождь” телеканалининг ҳарбий таҳлилчиси, Кавказ ва Марказий осиё бўйича эксперт. Москвада 1966 йилда туғилган. Таниқли сиёсатшунос ва Россия Ислом қўмитаси раиси Гейдар Жамолнинг ўғли. “Россия мусулмон журналистлари иттифоқи”нинг асосчилари ва етакчиларидан бири.
XS
SM
MD
LG