Линклар

Инсон ҳақлари билан шуғулланувчи гуруҳларга кўра¸ муборак Рамазон ойининг илк кунида Сурияда хавфсизлик кучлари амалга оширган зўравонликлар оқибатида камида 24 одам ўлдирилган.

Маркази Лондонда жойлашган Суриядаги инсон ҳақларини кузатиш гуруҳининг билдиришича¸ қурбонларнинг аксар қисми якшанба кундан бери оғир ҳарбий амалиëтлар нишонига айланган Ҳама шаҳрида содир бўлган.

Якшанба куни¸ хабарларга кўра¸ бутун Сурия бўйлаб 100 дан ошиқ одам нобуд бўлди.

Душанба куни ëпиқ эшиклар ортида йиғилган БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Сурияда авж олиб бораëтган зўравонликларни муҳокама қилди.
Дипломатларга кўра¸ Ғарб ҳукуматлари Сурия режимининг намойишларни қонга ботирганини қораловчи резолюция лойиҳасини кенгашга қайта тақдим этганлар.

Хавфсизлик кенгашининг вето ваколатига эга икки доимий аъзоси Россия ва Хитой бундай резолюцияга қаршилик кўрсатмоқда.

Айни пайтда душанба куни Россия ҳукумати Сурия режимини репрессияларни тўхтатишга чақирди.

Айни душанба куни Европа Иттифоқи яна беш Сурия расмийсига қарши санкция жорий қилди.

Иттифоқ санкцияларига тортилган жами 35 Сурия расмийси орасида президент Башар ал-Ассад ҳам бор.
XS
SM
MD
LG