Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:26

Рассом Темур Мирзаҳмедовнинг антигламур ижоди


Темур Мирзаҳмедов: Озчилик орасида бўлиш менга маъқулроқ
Темур Мирзаҳмедов: Озчилик орасида бўлиш менга маъқулроқ

Туркистон рассомлари ҳақидаги туркум мақолаларнинг навбатдаги қаҳрамони ёш рассом Темур Мирзаҳмедов.


Санъатга Туркистон авангарди деган атама ерлашганига ҳам 100 йилдан ошди.

Бугун бу атама янги руҳ бағишлаëтган ëш ўзбек рассоми Темур Мирзаҳмедов билан суҳбатлашамиз.

Темур ўз ижоди орқали ўзбек ëшлари шуурини ажриқ каби қоплаган расмий тарғибот ва моддапарастлик мафкурасига истеҳзоли муносабатда бўлмоқда.

Саррож таққан ўзбеклар

Буғдой янчаëтган эшакларни боши гангимасин, деб кўзини бойлаб қўйишади. Отларни эса атрофга алангламасин дея кўз атрофига сарроч тақиб қўйишади.

Темур Мирзаҳмедовнинг "Саррож" деган лойиҳасида кўзи мафкура латтаси билан боғланган ўзбек ëшларининг тор дунëси акс этади.
"Товуқхона" деган асари эса ўзбек ТВ сининг телетомошабинлари ҳақида....

"Саррож" лойиҳаси кўзи мафкурага йўналтирилган ўзбек ёшлари ҳақида.
Рассомни тушуниш учун у яшаëтган мамлакатга саëҳат қилинг, деган эди таниқли олмон шоири Ҳайнриҳ Ҳайне.

Каримов Ўзбекистони деган мамлакатда яшайдиган 25 яшар рассом Темур Мирзаҳмедов билан телефонда суҳбат қурдик.

Икки гўшак ораси 7000 километр.

Темур Тошкентнинг Себзорида биз эса Европанинг Прагасида.

Нега рассомликни танладингиз, юрист ëки тужжорликни эмас, деб савол берамиз.

- Мен рассомлар яшайдиган Себзордаги маҳаллада вояга етдим. Отам ҳам рассом. Уйимизда устахона бор эди. Мен дунëда ҳуқуқшунос, менеджер деган касблар борлигидан бехабар эдим. Аммо мен ëшлигим бўëқлар ҳидига тўла рассом устахонасидаги, чорчўбга тортилган матолар ичида кечди. Бу муҳит менга жуда ëқар эди. Кейин эса мен ҳам расм чизишга тутиндим. Кейин Беҳзод номли рассомлик коллежига кирдим. Коллежни тугатиб рассомлик институтига ўқишга кирдим. Бир йил ўқиганимдан кейин мен таниқли рассом Слава Охунов билан танишдим.

Устоз ва шогирд


- Слава мени санъатга бўлган қарашимни тарошлади. У менинг кўзимни очди десам ҳам бўлади. Нафақат анъанавий санъат балки муқобил, концептуал санъат ҳам борлигини менга англатди.

Тўғри мен ғарб санъатини олдин ҳам кўрган эдим, аммо англамаган эдим. Замонавий санъат менга жуда ëқди. Айнан бу санъат воситасида мен ўз ичимдаги фикрни аниқ ифода қила олишимни тушундим. Ўз асарларим орқали дунëда, мамлакатим ва ëн веримда бўлаëтган воқеаларга муносабат билдира бошладим.

Энг муҳими мен ўзимни эркин ва озод ҳис қилдим. Бу рассомлик менга эркинлик ато қилди. Мана сизга энг муҳими.

Озчилик ичидаги рассом

Бу гапларни айтаëтган 25 яшар ўзбек рассоми Темурнинг тенгдошлари СНБ, прокуратура, милиция ходими бўлишни орзу қилиб, гламур дунë матоҳларига сиғинаëтган бир пайтда, у бу тушунчаларга қарши протест услубини танлади. Шу маънода Темур 1968 йили Европада бошланган ва бугун ҳам давом этаëтган аксил-майда буржа инқилобчиларига руҳдошдай кўринади.

- Бу руҳ менда болаликдан бери бор. Ҳамма "ҳа", деб турган пайтда мен "йўқ" дер эдим. Мен улар айтган аргументлар асосли эканини тушунсам ҳам эътироз билдираверар эдим. Ўз нуқтаи назаримни ҳимоя қилар эдим. Бу ҳолат менга жуда ëқади. Ўзига ҳос ўйинга ўҳшайди. Яъни кўпчилик орасида эмас озчилик орасида бўлиш.

Руҳий ҳолатим бўйича мен ғирт рокерман. Мени бошқалардан фарқли кўз қарашим бор. Ҳамма каби бўлиш мен учун катта бахтсизлик каби туюлади,- дейди ёш рассом.

Ҳеч ким тушунмайдиган санъат


"Ҳайкаллар" лойиҳаси Ўзбекистондаги мафкура ҳукмронлигини акс эттиради.
Айни пайтда Темурнинг асарлари Ўзбекистондаги мунаққидлар эътирозига ҳам сабаб бўлмоқда. Санъат асари деганда зарҳал рамкага солинган сувратни тушунадиганлар назарида Темур яратган тасвирлар аҳамиятсиз коллажлар холос. Бу эътирозларга Тимурнинг ўз жавоби бор.

- Ўзбекистонда замонавий санъатга эҳтиëж йўқ. Замонавий мусиқага, замонавий кинога, замонавий меъморчиликка эҳтиëж йўқ. Борлари эса Ўзбекистонга керак бўлган “санъат”. Ҳамма кайф қиляпти. Ҳаммага ëқяпти. Аслида барчаси катта таназулл маҳсули. Масалан, кейинги 20 йилда визуал эстетика талабларига жавоб бера оладиган бирорта бино қурилмади. 20 йил ичида битта ҳам қурилмади. Дабдабабозлик бор. Пафос бор. Аммо санъат йўқ.

Темур ўз ижодини антигламур санъат деб билади. Ўз асарларида Ўзбекистондаги мафкура манзарасини очиқ масҳара қилади.

Таҳликали ижод

Бундай санъатга сизнинг отангиз, таниқли рассом Ҳаким Мирзаҳмедов қандай муносабат билдиради деб сўраймиз рассомдан.

- Отам мен қилган расмларга қараб, ишқилиб бундай “ижод” сени турмага элтмаса яхши эди деб хавотир олади.

Замонавий Ўзбекистон тарихида ўз ижоди учун қамоққа тушган бир рассом ҳикояси бор. Таниқли рассом (хозирда марҳум) Медад Кагаровнинг ўғли 1991 йил 19 август куни Янаев бошчилигидаги ҳунтага қарши расм чизиб, Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида намойиш қилди. Уни дарҳол ҳибс қилишди. ГКЧП мағлубиятга учраб Янаевлар қамалган бўлса ҳам, рассом анча вақт қамоқда қолиб кетди.

Яна бир рассом, Кука таҳаллуси билан ном чиқарган Ҳикмат Ғуломов ўтган асрнинг 80-чи йилларида Пикассога тақлид қилгани учун руҳий касалхонага ташланди. Хуллас, Ўзбекистонда ўйиндан ўқ чиқишининг эҳимоли кўп.

Пахтазордаги бетон лайлаклар

Яна суҳбатга қайтсак. Агар сизга Ўзбекистон суратини чизиш топширилса, нимани акс эттирар эдингиз деб савол бердик Темур Мирзаҳмедовга.

- Билмайман. Бу ҳақда ўйламабман. Эҳтимол мен пахта далаларида юрган лайлакларни чизган бўлар эдим. Хозир лайлакка ҳайкал қўйиш урф бўлган. Мен бетондан бўлган лайлакларни пахта далаларига ўрнатиб чиқиб мана сизга Ўзбекистон дер эдим.
XS
SM
MD
LG