Линклар

Ўтган ҳафта охирида Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳрида юзага чиққан зўравонликлар ортидан Хитой армияси шаҳарда комендантлик соати жорий қилди ва ҳозирда шаҳар кўчаларини ҳарбийлар назорат қилмоқда.

Хитой расмийларига кўра¸ Қашқардаги озиқ-овқат бозори ва савдо марказида ҳафта охирида юзага чиққан зўравонликларни Покистондаги махсус лагерларда тайëргарликдан ўтган Шарқий Туркистон исломий ҳаракати жангарилари амалга оширган.

Бу ҳужумларда¸ камида 14 одамнинг ўлдирилгани¸ 40 дан ошиғининг жароҳат олгани айтилмоқда.

Қашқардаги ҳужумлардан икки ҳафта олдин Хўтанда юз берган хуружларда ҳам камида 20 одам ўлдирилди ва бу Хитой истилосида қолаëтган Шинжон Уйғур минтақасида кейинги бир йил ичида юзага чиққан энг қонли воқеага айланди.

Маркази Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган Дунë уйғурлари қурултойи етакчилари¸ Қашқардаги воқеаларни уйғур халқининг хон хитойлар сиëсатига нисбатан норозилиги ифодаси дея атади ва Хитой расмийларининг ҳужумлар ҳақида эълон қилган баëнотларини қоралади.

- Хитой ҳукумати ҳар қандай ҳаракатни чет элдаги ташкилотларга боғлашга ҳаракат қилади. 2009 йилдаги воқеани Дунë уйғур қурултойи келтириб чиқарган, деб бизга юклашга ҳаракат қилган. Хитой бу нарсаларга ўзининг хато сиëсати эканлигида деб қарамаган. Бу халқнинг норозилиги. Халқнинг бардош бериш даражаси чидаб бўлмас даражага етганидан чиққан воқеа деб ўйлайман¸ деди Озодлик билан суҳбатда Дунë уйғурлари қурултойи Бош котиби Тўлқин Исо.

Унга кўра¸ ҳозирда ҳарбийлар қуршовида қолган Қашқар шаҳрига кириб-чиқиш йўллари буткул бекитилган¸ Пекин хавфсизлик кучлари шаҳар билан қолган дунë ўртасидаги алоқа йўлларини ҳам тўсиб қўйган.

“Шундай бўлса-да¸ бизгача ҳафта охиридаги воқеалардан сўнг юзлаб уйғур фаолларининг ҳибсга олинаëтгани ва бедарак ғойиб бўлаëтганига оид хабарлар етиб келмоқда”¸ дейди Германиядаги уйғур фаоли.
XS
SM
MD
LG