Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:53

Х-вариант, телефон ва шпаргалка абитуриентга бу йил ҳам иш берди


Бу йил пойтахтдаги аксарият олий ўқув юртларида имтиҳонга кириш устидан назорат кучлироқ бўлсада, ичкаридаги назорат ҳар йилгидек поранинг кучи билан бемалол юмшагани айтилмоқда.
Бу йил пойтахтдаги аксарият олий ўқув юртларида имтиҳонга кириш устидан назорат кучлироқ бўлсада, ичкаридаги назорат ҳар йилгидек поранинг кучи билан бемалол юмшагани айтилмоқда.

2 август куни Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди.


Тошкент шаҳридаги айрим олий ўқув юртлари қабул ҳайъатлари ходимлари ва имтиҳон топшириб чиққан абитуриенларнинг сўзларига кўра, бу йил имтиҳон олинадиган хонага етиб боргунга қадар абитуриент камида икки – уч босқичли текширувдан ўтказилган.

Жумладан, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига кириш имтиҳонини топширган абитуриент қиз Гулчеҳра текширув кучайтирилгани боис имтиҳон айтилган вақтдан қарийб бир ярим соат кечикканини айтди.

- Имтиҳон 10да бошланди, 1да тугади. Олтитамикин эшикдан қаттиқ назорат билан кирдик, - дейди Низомий университетига имтиҳон топширган Гулчеҳра.

М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ҳужжат топширган яна бир абитуриент Хайрулло ўтирган хонада эса тест саволларини ечишга соат 10 яримда рухсат берилган.

- Уч мартамикан, камида икки марта текширувдан ўтказди. Соат 10, 10 яримда бошландида имтиҳонлар. Текшириш бўлгани учун, гуруҳлар вақтида йиғилмагани учун кечикиб кетди, - дейди тез орада талаба бўлишига қаттиқ умид боғлаган Хайрулло.



Озодликка сўзлаган абитуриентларга кўра имтиҳон топшириладиган хоналарга етиб олиш учун уч-тўрт бора қаттиқ текширувдан ўтказилганига қарамай, бу йил ҳам ичкарида Х-вариант, телефон ва шапаргалка каби ёрдамчи воситалардан фойдаланиб, имтиҳон топширганлар кўпчилик бўлган.

- Масалан, тўртта телефон олишиб, ҳар бир эшикда биттадан бериб кетишдида, ўзига битта қолди. Шундай қилиб телефонни олиб киришди.

Озодлик: Кейин телефонда боғланиб тестнинг жавобларини олишдими?

- Ҳа, лекин жуда қийин ишлатишдида. Ўқиган яхши экан. Мен ўқиган эдим иккала фанимдан ҳам. Учала блогимни ҳам ечиб бўлганимда улар ҳали ҳам телефонда тарихни гаплашиб ўтиришган эдида.

Озодлик: Назоратчилар индамадими?

- Пул беришдида назоратчига.

Озодлик: Қанчадан беришди?

- 10-20 мингдан беришди, - дейди педагогика университетига имтиҳон топширган Гулчеҳра.

Шунингдек, Тошкент Давлат Юридик институтига имтиҳон топширган тошкентлик абитуриентлардан бири ҳам у ўтирган хонадаги ўз илимига ишонмаган ёшлар бемалол шпаргалка ва телефондан фойдаланиб, имтиҳон топширганини сўзлаб берди.

Хуллас, гарчи назоратни кучайтиришга қаттиқ ҳаракат қилинганига қарамай, бу йилги тест синовларининг топиширилиши пайтида ҳам тартиббузарликлар, порахўрликлар кузатилгани айтилмоқда.

Шунингдек, айнан Тошкентдаги Юридика институти ва Миллий университетида бутун бошли коррупцион тизимнинг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан ташкил қилинадиган "Бункер" ва устамон, фахрий абитуриентлар кўмагина амалга ошириладиган "Паровоз" каби услублардан ҳам фойдаланилгани айтилмоқда.

Озодлик манбларига кўра, қайсидир олий ўқув юртларида ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга умуман имкон берилмаган ҳолатлар ҳам кузатилган, аммо бу бармоқ билан санарли даражада оздир.

Бу йил Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари ҳар йилгидан фарқли равишда 1 августда эмас, балки 2 августда бўлиб ўтди ва бу Вазирлар маҳкамасининг қарори билан эълон қилинди.

Тошкент шаҳридаги Олий ўқув юртлари қабул ҳайъатлари ва ректоратларидаги ходимларидан олинган маълумотларга кўра, бу йил абитуриентлар сони ўтган йилгидан сезиларли равишда кўп бўлган.

- Кўп бўлганининг ҳисобига бир кунга сурилдику.

Озодлик: Бир кунга сурилгани абитуриентлар кўплиги билан боғлиқмиди ëки бошқа сабаби бормиди?

- Йўқ, йўқ, абитуриентларнинг кўплиги, сифатлироқ, яхши ташкиллаштириш масаласида, - дейди жумладан Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг ректоратдаги масъул ходимларидан бири.

Айни пайтда Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам бу йилги қабулда республика бўйлаб 418 минг 724 нафар абитуриент ҳужжати қабул қилингани ва бунинг ўтган йилгидан 33 минг нафарга кўп эканини эълон қилган эди.

Шу боис ўтган йили мамлакатдаги барча олий ўқув юртлари бўйлаб бир ўринга ўртача 6 кишидан тўғри келган бўлса, бу йил ўртача 7 кишидан тўғри келди.

Мисол учун, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг қабул ҳайъатида ишлаётган ходимга кўра, бу йил бу даргоҳга 17 минг 357 нафар абитуриент ҳужжати қабул қилинган

Бу ходимнинг сўзларига кўра, бу йил ҳужжатларнинг қабул қилиш чоғида текширув ҳам қаттиқ бўлган. Аммо, бу қабул чоғида айтилгани каби вилоятдан келган абитуриентларни қайтариш эвазига бўлмаган.

- Ҳужжатларни қаттиқроқ текширди. Ўтган йиллари медсправкаларга умуман қарамас эди. Бу йил медсправкаларни пропискаси бор жойда олиб келишни сўрашди. Бироз эътирозлар бўлди. Вилоятдан келгани учун деб ҳеч кимни қайтаргани йўқ, - деди Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг қабул ҳайъатида ишлаётган ходим.

Лекин университет ва институт қабул ҳайъатлари ходимлари оғзидан олинган бу маълумотларга зид келувчи айрим норасмий маълумотлар ҳам бор.

Мисол учун, бу йил ростдан ҳам вилоятдан пойтахтга келаётган абитуриентлар оқимини камайтириш мақсадида қабул жараёнининг кечиктирилгани, лекин бу оқимни камайтиришга муваффақ бўлинмагач, охир-оқибатда, турнақатор ёшларнинг ҳужжатларини қабул қилиш кечикиб, бу жараённинг имтиҳон кунини кечиктиришга сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, Тошкентдаги Олий ўқув юртларида қабул имтиҳонларида бир неча йил назоратчилик манбанинг сўзларига кўра, бу йил давлат тест марказидаги тест саволларига жавоблар қайсидир манбалар орқали сотувга чиқиб кетган ва шу сабаб охирги кунларда тест синови тизимига ўзгартиш киритишга тўғри келган.

Аммо, булар ҳозирча норасмий маълумотлар ва Давлат тест маркази мутасаддиларидан бу маълумотларга ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

Марказнинг телефон гўшагини олган ходим ҳамма тест синови билан бандлиги ва ўрнатилган тартибга кўра, то тест синови натижалари эълон қилинмагунга қадар марказ ходимлари билан боғланиш имконсизлигини айтди.

Эслатиш керак, ушбу марказ йиллар давомида айнан қабул имтиҳонлари жараёнидаги ноқоуний ҳаракатлар, коррупция учун танқид қилиб келинади. Бундан бир неча йил муқаддам Давлат тест маркази раҳбари ҳамда Вазирлар маҳкамасининг қўшимча талабалик ўрни берилишига масъул ходими айнан коррупцияда айбланиб ишдан олинган эди.
XS
SM
MD
LG