Линклар

logo-print

"Қашқардаги воқеалар уйғурларнинг навбатдаги исëни"


Қашқар кўчаларидаги Хитой ҳарбийлари.

Қашқар кўчаларидаги Хитой ҳарбийлари.

"Бу Пекин даъво қилган каби террор хуружи эмас"¸ дейди Дунë уйғурлари қурултойи Бош котиби Озодлик билан суҳбатда.

Ўтган ҳафта охирида Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳрида юзага чиққан зўравонликлар ортидан Хитой армияси шаҳарда комендантлик соати жорий қилди ва ҳозирда шаҳар кўчаларини ҳарбийлар назорат қилмоқдалар.

Қашқар ҳарбийлар назоратида. 2 август¸ 2011 йил.
Хитой расмийларига кўра¸ Қашқардаги озиқ-овқат бозори ва савдо марказида ҳафта охирида юзага чиққан зўравонликларни Покистондаги махсус лагерларда тайëргарликдан ўтган Шарқий Туркистон исломий ҳаракати жангарилари амалга оширган.

Бу ҳужумларда¸ камида 14 одамнинг ўлдирилгани¸ 40 дан ошиғининг жароҳат олгани айтилмоқда.

Қашқардаги ҳужумлардан икки ҳафта олдин Хўтанда юз берган хуружларда ҳам камида 20 одам ўлдирилди ва бу Хитой истилосида қолаëтган Шинжон Уйғур минтақасида кейинги бир йил ичида юзага чиққан энг қонли воқеага айланди.

Дунë уйғурлари қурултойи президенти Робия Қодир Хитой ҳарбийларининг Қашқардаги зўравонлигини кескин қоралади.
Маркази Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган Дунë уйғурлари қурултойи етакчилари¸ Қашқардаги воқеаларни уйғур халқининг хон хитойлар сиëсатига нисбатан норозилиги ифодаси дея атади ва Хитой расмийларининг ҳужумлар ҳақида эълон қилган баëнотларини қоралади.

Озодлик билан суҳбатда қурултой Бош котиби Тўлқин Исо Хитой ҳукумати уйғурларнинг ҳар қандай норозилигини шавқатсиз куч воситасида бостирар экан¸ айбни ҳамиша йўқ жойдаги экстремист-террорчиларга тўнкашга уринишини айтади.

- 30-31 июл кунлари Қашқарда баъзи бир воқеалар содир бўлди. Хитой ҳукумати буни террористик воқеа деб эълон қилди. Шарқий Туркистонда уйғурларнинг тинчлик билан бўлсин ҳар қандай ҳаракатлари Хитой ҳукумати назарида террористик ҳаракат сифатида айбланиб келди. Уйғур халқи шу кунгача Хитой ҳукуматидан тинч йўл билан ўзининг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб намойишга ўхшаган фаолият юритиб келди.

Масалан¸ Хўтанда бир гуруҳ ëшлар ўзининг Хитой ҳукуматига бўлган норозилигини ифодалаш учун намойиш уюштирмоқчи бўлган пайтда қирғинга учраб, 20 дан ортиқ одам ўлди. 2009 йилда Урумчида ҳатто Хитой байроғини кўтариб чиққан неча минг тинч аҳоли ўлиб кетди. Хитой ҳукумати 200 дан ошиқ деди. Аммо бир неча минг бўлган бўлиши мумкин. Бизнинг ҳозиргача аниқ бир маълумот олиш имконимиз бўлмаяпти. Демак, Хитой ҳозиргача Шарқий Туркистондаги уйғурларнинг ҳар қандай фаолиятини террористик ëки сепаратистик ҳаракат билан боғлаб қирғинчилик қилиб келди. Қашқарда бўлган ҳаракатни Хитой ҳукумати “террористик ҳаракат” дейди, аммо биз бунга террористик ҳаракат¸ деб қарамаймиз. Хитой ҳукумати уйғур халқини баъзи бир зўравонликларни қилишга мажбур қилаяпти.

Озодлик: Ҳозир Қашқарда вазият қандай?

- Ҳозир Хитой ҳукумати ҳар қандай алоқа йўлларини қаттиқ назорат қилаяпти. Ахборот олиш қийин. Лекин баъзи йўллар билан баъзи ахборотларни олаяпмиз. Бир неча кундан бери Қашқарда энг камида бегуноҳ бир неча юз кишини тутиб кетди. Уларнинг қаерга олиб кетилгани маълум эмас. Ҳозир Қашқарга кириш-чиқиш йўлларининг ҳаммаси тўсилиб, ҳар бир инсон алоҳида назорат қилиниб кейин кириш-чиқишга рухсат берилаяпти. Рамазоннинг биринчи кунида бутун дўконлар ëпилган. Рамазонга савдо қилиш учун кўчага чиққан одамларда имконият бўлмайди ҳозир савдо-сотиққа.

Озодлик: Қашқарда бўлган воқеалар уюшган ҳаракат бўлганми ëки кутилмаганда чиққан уйғурлар норозилигими?

- Қашқарда бўлган ҳаракатга уюштирилган, режалаштирилган ҳаракат деб қарамаймиз. Чунки босим кучаявергандан кейин инсонлар ҳукуматга бориб ўзининг ҳаққини талаб қилган вақтда ҳукумат жавоб бериш ўрнига уларни олиб кириб сўроқ қилган. Инсонлар бошқа чиқиш йўли топа олмагандан кейин, бундай шаклда ўч олиш характеридаги чиқишга Хитой ҳукумати мажбурлаяптида уйғурларни.

Масалан¸ Хитой ҳукумати хитойларни Қашқарга, Хўтанга, Шарқий Туркистоннинг бошқа ерларига кўчириб олиб келиб уйғурларнинг ерларини, уйларини тортиб олиб уларга берди. Бу хил ноҳақликлардан сўнг уйғурлар ҳатто Пекингача бориб шикоятлар қилишган. Аммо Хитой ҳукумати уларнинг ҳаммасини қайтариб юборди, мажбурлаб олиб кириб қўйди, таҳдидлар қилди. Қонуний йўл билан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни топа олмагандан кейин шундай ноҳақликка чидамаган инсонлар Хитой ҳукуматига қарши мана шундай ҳаракатларни олиб борган бўлиши керак. Биз буни Хитой айтганидек террористик ҳаракат эмас деб ўйлаймиз.

Озодлик: Демак, сиздаги ахборотга кўра бу воқеаларда Пекин даъво қилаëтган каби¸ Шарқий Туркистон исломий ҳаракатининг қўли йўқ?

- Йўқ, унақа нарса йўқ. Чунки Хитой ҳукумати ҳар қандай ҳаракатни чет элдаги ташкилотларга боғлашга ҳаракат қилади. 2009 йилдаги воқеани Дунë уйғур қурултойи келтириб чиқарган, деб бизга юклашга ҳаракат қилган. Хитой бу нарсаларга ўзининг хато сиëсати эканлигида деб қарамаган. Бу халқнинг норозилиги. Халқнинг бардош бериш даражаси чидаб бўлмас даражага етганидан чиққан воқеа деб ўйлайман¸ дейди Дунë уйғурлари қурултойи Бош котиби Тўлқин Исо.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG