Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:19

Шпаргалка чиқмади, Худо хоҳласа


Абитуриентлар бу йилги имтиҳонлар адолатли ўтди, дея умид қилмоқда.
Абитуриентлар бу йилги имтиҳонлар адолатли ўтди, дея умид қилмоқда.

"Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошлари, ҳар кунги муаммоларидан ташқари, 2 август куни мамлакат бўйлаб ўтказилган тест синовлари ҳақида гапирдилар.

“Имтиҳонлар “честний” бўлди”

дейди Жиззах шаҳри олийгоҳларидаги тест имтиҳонларини кузатган бўлажак абитуриент Жасурбек.

- Имтиҳонлар яхши бўлди. Имтиҳон бу йил честний бўлди деса ҳам бўлади. Шпаргалка умуман чиқмаган. Мен топширмаганман. Холамнинг уйига қариндошлар келган эди. Ўшалар топширишди. Шпаргалка умуман чиқмабди. Ичкарига кирганда ҳам ўқитувчиларга пул йиғиб берар эди-да болалар. Пул йиғиб берган китоб, шпаргалка, телефон ҳаммасини ишлатганда. Бу йил китоб, телефон, шпаргалка умуман ишлаттирмабди. Кимни тутиб олса, чиқариб юбораверибди. Гаплашганларнинг бирортаси киргиза олмабди. Биз политехга бордик. Политехнинг атрофи милицияларга ғиж-ғиж тўла. Умуман киргизмаган, ҳеч кимни киргизмаган. Бу йил ҳақиқий имтиҳон бўлди лекин. Худо хоҳласа, мен келаси йил имтиҳон топшираман. Шпаргалка чиқмаса, шунга хурсанд бўлган эдим, - дейди бўлажак абитуриент Жасурбек.


“Прокурорга ногиронлар керак эмас”

дейди кўзи ожизлар жамиятидаги адолатсизликлар юзасидан Сариосиё тумани прокурорига арз қилмоқчи бўлган, бироқ прокурор уни қабул қилмаётганидан шикоят қилган биринчи гуруҳ ногирони Жўрақул Соҳибназаров.

- Бизнинг районда прокурор янги бўлганда. Олдин вилоятда ишлаган. Эркин деганида. Узун районида ишлаган, ҳозир Сариосиë районига келган. Бир ойдан бери қабулига кираман дейман, ҳеч кира олмайман. Бугун ҳам соат 8 дан 12 гача кутдим. Нечтасини киргизди, бизни киргизмади. Мен мурожаат қилиб айтмоқчиманки, республика вазирлиги, президент аппарати, республика прокуратураси эшитсинки, нима учун ногиронларни қабул қилмайди?

Озодлик: Прокурорга нима арзингиз бор эди?

- Мана кўзи ожизлар жамияти ичидан биттаси ноқонуний уй қурган. Жамиятнинг ерида у. Хўжаев Бахтиëр дейди. 20 сотих ер майдони олган, ҳам икки қаватли етти хона уй қурган. Кадастрга бериб кадастр қарор чиқарган. Ҳокимнинг қарори бор. Лекин жамиятнинг қарори йўқ. Кадастр билан келишиб мана шу ишни қилган. Кўзи ожизлар бизда уй билан жанжал қилиб ëтибди менга уй топиб бер, менга ер бер деб. Лекин мана соғ одам, бизларга алоқаси йўқ, жамиятга алоқаси йўқ, ногирон ҳам эмас, лекин жамиятнинг 20 сотих майдонига уй қуриб олган, - дейди сариосиëлик биринчи гуруҳ ногирони Жўрақул Соҳибназаров.


“Каримов Раҳмондан ўрнак олса яхши бўларди”

дейди исми сир қолишини сўраган гулистонлик тингловчи.

- Яқинда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан олтин амнистия эълон қилди ва Тожикистон қамоқхоналарида турли хил муддатларда қамалган диний экстремизм, терроризм, ҳаттоки Тожикистоннинг энг ашаддий рақиби бўлган Худойбердиев тарафдорларининг ҳам эшитишимизга қараганда баъзи бирлари озод қилинади қамоқлардан. Албатта биз қўшни давлат фуқаролари сифатида Тожикистон президентининг бу фармонини қўллаб-қувватлаймиз. Буни Рамазон ойларида савобли иш деб қабул қиламиз. Мен айтмоқчи бўлган гапим шуки, Марказий Осиë президентлари турли хил соҳаларда бир-бирлари билан рақобат қилишади. Менимча, мана шундай яхши, савобли ишларни қилишда бир-бирлари билан рақобат қилишса, яхши бўларди. Мана шу олтин амнистияни инобатга олиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига мана шундай амнистия эълон қилиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида бегуноҳ ëтган, турли хил сабабларга кўра қамалиб ëтган биродар мусулмонларни қамоқхоналардан озод қилганда, яхши савобли иш қилган бўлар эди-да. Мен Ўзбекистон ҳукуматини, Ўзбекистон президентини мустақиллик шарофати билан мана шундай амнистия қилишларига чақираман, - дейди гулистонлик суҳбатдош.


“Фарзандларим билан қўрқитишяпти”

дейди ўзини Бирдамлик халқ ҳаракатининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари ўринбосари Гавҳар Бердиева деб таништирган тингловчи.

Гавҳар Бердиеванинг айтишича, у интернетда Ғаллаорол туманидаги муаммолар ва расмийларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилган ва оқибатда бу мақолалари учун милиция ходимлари томонидан таъқиб қилинмоқда.

- Мен Бирдамлик халқ ҳаракати Жиззах вилояти бўлимида иш бошлаганимдан буëн - 12 май куни бўлди-да. Мен қишлоққа онамникига борган эдим. Қайтиб келаëтганимда 603 Ғаллаорол туман ички ишлар бўлимининг оқ Нексияда Ғаллаорол туман ички ишлар бўлимининг биринчи муовини Тўйчиев Фарҳод, вилоят қидурув бўлими тезкор вакили Жониқулов Комил иккалови биргаликда мажбурлаб машинага ўтказиб, айтмаган гапи қолмади менга. Роса ҳақорат қилди. “Болаларингнинг афтига кислота қуйиб юборамиз. Лезва билан тилиб кетади. Қанақа болани катта қилишни сен биласан. Сен ўзингдан кетаяпсан. Ҳамманинг жонига тегиб бўлдинг” деб Комил менинг ëнбошимга ўтиб олиб, машинадан умуман туширмайди. Машинани шунақа тез ҳайдади. Бир ярим соат ҳақорат қилиб, мени машинада у ëқдан бу ëққа олиб юрди. Кимсасиз жойларга олиб борди. Шунақа ëмон нарсалар бўлди. Мен энди уларнинг ҳаммасини очиқчасига айта олмайман.

Озодлик: Мана сиз Бирдамлик фаолиман, деяпсиз. Сиз бир иш қилаяпсизми булар сизга шунча қарши бўлаяпти? Нима қилаяпсиз ўзи? Нима учун сизга қарши булар?

- Жиззах вилояти бўйича бўлаëтган ноҳақликларни чиқариб ëзиб турибмиз-да. Интернет орқали чиқаяптида. Анча нарса чиқариб қўйганман. Ўзимнинг номимдан кетаяпти. Жиззах Гавҳар Бердиева бўлиб кетаяпти, - дейди Гавҳар Бердиева.

Озодлик, Гавҳар Бердиева иддао қилишича, унга тазйиқ ўтказган милиция ходимларидан бири, Ғаллаорол тумани ИИБ жиноят қидирув бўлимининг тезкор вакили Комил Жониқулов билан боғланишга муваффақ бўлди. Тезкор вакил, Гавҳар Бердиеванинг айтганларини рад қилар экан, уни танишини, бироқ унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаганини билдирди:

- Йўқ, ака, бу бўлмаган нарса-ку. Ҳали яқин ўртада у билан оқ Нексияга ўтирмадим-ку.

Озодлик: 12 май куни кечқурун шунақа илган экансизлар-ку.

- Йўқ, бўлиши мумкин эмас унақа гап.

Озодлик: Демак, сиз бунинг айтганларини рад қиласиз-а?

- Йўқ, у билан унақа вақтда бўлмаганмиз.

Озодлик: Сиз ўзи танийсизми Гавҳар Бердиевани?

- Қанақа таниш, узоқдан танийман. Лекин ҳеч ундай яқинлик жойимиз йўқ.

Озодлик: Таъқиблар бўлмайдими бундан кейин бу ҳуқуқ ҳимоячисига?

- Бунақа нарса вообше бўлмаган, ака, - дейди Ғаллаорол тумани ИИБ жиноят қидирув бўлимининг тезкор вакили Комил Жониқулов.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG