Линклар

logo-print

Рус тилини ўрган, муҳожир!


Россияга тирикчилик илинжида келаётган муҳожирлардан рус тилидан имтиҳон топшириш талаб қилиниши мумкин.

Россияга тирикчилик илинжида келаётган муҳожирлардан рус тилидан имтиҳон топшириш талаб қилиниши мумкин.

Россия Федерацияси Кенгашида “Хорижлик фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш муҳокама этилмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартишларга мувофиқ Россияда ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун муҳожирлар рус тилидан имтиҳон синовларини топширишлари зарур бўлади.


Ўзбекистон ёшлари олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшираётган бир пайтда Россияга меҳнат қилгани кетаётган меҳнат муҳожирлари ҳам қалам-дафтар тайёрлашга мажбур бўладиганга ўхшайди.

Россия парламенти юқори палатаси - Федерация Кенгаши қошидаги миллий сиёсат бўйича қўмита таклиф этаётган қатор ўзгартишларга кўра, мамлакатда вақтинчалик яшаш ҳуқуқига даъвогар шахсларнинг барчаси рус тилидан имтиҳон топширишлари кўзда тутилган.

Лойиҳа ташаббусчилари жорий йилнинг декабрида вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олувчилар, ёки соддароқ қилиб айтганда, қайдга олинаётган ҳар бир меҳнат муҳожири рус тилидан имтиҳон топширади.

Синовдан ўтганларга махсус сертификатлар берилади. Бу хизмат ҳар бир мигрантга 50 доллардан тушиши мумкин.

Бу ўзгартишларни ишлаб чиққан Федерация Кенгаши вице-спикери Александр Торшин ва сенатор Владимир Слуцкернинг айтишича, Россияда яқин қариндошлари бўлган, меҳнат қилгани квоталар асосида келмаган ёки ҳукуматнинг махсус қарори билан вақтинчалик қайдга тураётган шахслар мазкур талабдан мустасно бўлади.

Ҳозирча Россия фуқаролигини олаётган шахсларгина рус тилидан синов имтиҳонларини топшириб келмоқда.

Сенатор В. Слуцкер ўтказилган сўровларга таяниб, россияликларнинг 70 фоизга яқини хорижликларга салбий муносабатда эканини билдирганини ва бунинг боиси кўп ҳолларда муҳожирларнинг рус тилини билмаслигидан келиб чиқишини таъкидлаган.

Федерация Кенгаши аппарати ходими Залина Корнилова Озодлик билан суҳбатда Кенгашда муҳокама қилинаётган “Хорижлик фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш масаласи қизғин давом этаётганини айтади.

- Қонун қабул қилинганидан кейингина, уни амалга тадбиқ этиш жараёни ҳам тушунарли бўлади. Яъни таклифлар ўрганилмоқда, айрим таклифлар қабул қилиниши мумкин, яна бир қисми жиддий ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Лекин умуман олганда шаклан рус тилидан синовдан ўтказиш таклифи ўзгармасдан қолади деб ўйлайман,- дейди парламент юқори палатаси аппарати ходими Залина Корнилова.

Парламент муҳокамасига қўйилган лойиҳага мувофиқ, меҳнат муҳожири ишга ёлланаётганида рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт эмас. Аммо тест синовларини кўнгилли равишда топширган хориж фуқаросининг ишлаш учун расмий рухсатномаси муддати бир йилдан икки йилга узайтирилиши назарда тутилган.

Маълум бўлишича, мигрантлар имтиҳонни 2007 йилда ишлаб чиқилган “Хорижликлар учун рус тилидан тест синовлари”(ТРКИ) давлат дастури асосида топширади. Ҳозирча бу дастур асосида Россия фуқаролигига қабул қилинаётган шахслар имтиҳон топширмоқда.

Имтиҳонда муҳожирларнинг содда мавзуларда суҳбатлаша олиш, ўзини таништириш, оддий саволларга жавоб бериш ва камида 780 сўзни ёддан билиш бўйича синалади.

Москвадаги қирғиз диаспораси бошлиқларидан бири, меҳнат муҳожирлари учун махсус ташкил қилинган KGinfo.ru сайтининг бош муҳаррири Асилбек Эгамбердиев сенаторлар таклиф этаётган янгиликка эҳтиёж борлигини эътироф этади, лекин миллионлаб меҳнат муҳожирларини имтиҳондан ўтказишни тасаввур қила олмаслигини айтади.

- Қандай ўқитишади, қаерда ўқитишади – ҳозирча тасаввур ҳам қила олмаяпман. Мен Москвада 20 йилдан буён яшайман, мигрантларнинг кўпчилиги рус тилини билмайди. Лекин рус тили дунёда, айниқса, марказий-осиёликлар учун энг мураккаб тиллардан эканини айтишим зарур. Рус тилини ўрганиш ҳақида анчадан буён гап-сўзлар бормоқда. Россияга келаётган мигрантларнинг янги авлоди рус тилини мутлақо билмайди. Ахир бизнинг давримиздаги рус тилига бўлган эътибор билан ҳозирги таълим тизимини солиштириб ҳам бўлмайди. Лекин менимча, бу қонун лойиҳасининг кўп жиҳатлари муҳокама этилиши зарур. Буни ижобий қадам, деб баҳолайман ва мигрантларимизнинг мослашиши ҳам осон кечади, деб ўйлайман,- дейди мигрантлар масаласи билан шуғулланиб келаётган Асилбек Эгамбердиев.


Youtube сайтига жойлаштирилган бу видеода рус тилини билмаган муҳожир қийин аҳволга тушиб қолганини кўриш мумкин.

Россия сенаторлари мигрантларни Олий ўқув юртлари қошида тузилган маҳсус марказларда ёки муҳожирларнинг компакт яшаш жойлари, масалан ётоқхоналарда ўқитиш таклифини илгари сурмоқда. Айрим кузатувчилар бу ўзгартиришлар устидан етарли назорат ўрнатилмаса, рус тилидан сертификатлар коррупциялашган гуруҳлар учун янги даромад манбайига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Москвада таксичилик қилиб, рус тилини ўрганиб олган андижонлик Алишер меҳнат муҳожирларининг асосий муаммолари тил билмасликдан келиб чиқади, дейди.

- Рус тилини билмасангиз бу ерда жудаям қийин. Кўпчилик рус тилини билмагани учун ўзини ўзи ҳимоя қилишни ҳам билмайди. Шунинг ортидан болалар сотилиб кетяпти, айниқса аёллар. Ўзимизнинг ўзбек аёллар жуда содда. Сотаётган ҳам ўзимизнинг ўзбек. Менга ўхшаб рус тилини биламан дегани уларни олиб келиб, тил билмаганидан фойдаланиб – аввалига бунақа иш қилишдан Оллоҳнинг ўзи сақласин – шу ўртакаш-посредниклар шуларнинг ҳисобига яшаяпти-да. Тўғри бўлади деб ўйлайман мен ҳам. Бу ерга келиб хор-зорликда ўлиб кетмаса агар қарз билан қайтиб кетгандан кўра, яхшиси чегарадан қайтиб кетгани яхши,- дейди андижонлик Алишер.

Россия Федерал миграция хизмати тарқатган маълумотга кўра, 2010 йилда 194 минг киши вақтинчалик яшаш рухсатини олган, меҳнат қилиш рухсатномаси эса 2,1 миллион муҳожирга берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG