Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:44

Қозоғистон Ўзбекистонга берган икки қочқин иши судга ошди


Қозоғистон 29 қочқинни бир йил ҳибсда сақлаб, Ўзбекистон ихтиёрига топширди.
Қозоғистон 29 қочқинни бир йил ҳибсда сақлаб, Ўзбекистон ихтиёрига топширди.

Ҳар икки тутқунга Ўзбекистон ЖКнинг 159 ва 244-моддаларига биноан, “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзолик айби қўйилгани айтилмоқда.


Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинлардан бири 43 ёшли Аҳмад Болтаевнинг отаси Олим Болтаев Озодликка ўғлининг иши судга оширилганини маълум қилди.

- Адвокат ўғлингизни иши терговдан судга ошди деб хабар қилди, телефон қилди,- дейди Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Алпомиш маҳалласида истиқомат қилувчи Олим Болтаев.

Унинг сўзларига кўра, ўғлига Ўзбекистон жиноят кодексининг 159, 244-модданинг ҳар иккала бандига биноан айб қўйилган.

Кекса ёшли Олим Болтаев бу моддаларда қандай айблов назарда тутилган ва ўғли бу айловларга яраша жиноят қилганми-йўқми, буни аниқ билолмаётганини айтмоқда. Унга кўра, тергов хулосаси А. Болтаевнинг яқинларига маълум қилинмаган.

А. Болтаевни ҳимоя қилаётган адвокат Озодлик билан суҳбатлашишга рози бўлмади.

Маълум бўлишича, А. Болтаевга “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзолик билан боғлиқ айб қўйилган ва Болтаев бу айбловларни тан олган.

1968 йилда туғилган ўғли Аҳмад Болтаев илк бор 2000 йилнинг 3 апрелида Тошкент шаҳрида ҳибсга олинган ва шу йили Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир йўла 6 та моддаси — 155, 156, 159, 161, 242, 276-моддаларига биноан айбдор топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Аҳмад Болтаевга қўйилган айбловлар судда ўз тасдиғини топмаган.

Шунга қарамай, қамоққа жўнатилган А. Болтаев, отаси Олим Болтаевнинг сўзларига кўра, 2003 йилда президент фармони билан амнистия акти қўлланиб озодликка чиқарилган. У ўтган йили Қозоғистонда ишлаб юрган пайтида Ўзбекистон сўровига биноан қўлга олинган эди.

9 июнда Ўзбекистонга берилган яна бир қочқин, Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилган Қобил Қурбоновнинг яқинлари ҳам унга нисбатан тергов якунланиб, унинг иши ҳам судга ошгани ва тез орада маҳкама жараёни бошланиши кутилаётганини айтдилар.

Аммо, ҳар икки тутқун оила-азоларига улар билан учрашув имкони берилмаган.

Хусусан, Олим Болтаев ўз ўғлини кўрсатишларини сўраб, бир неча бор Сурхондраё вилояти МХХ бошқармасига борганини айтди.

- Ўғлимизни кўрсатгани йўқ. “Телефон қиламан. Кўрсатамиз” деганича ҳали телефон қилгани йўқ,- дейди Олим Болтаев.

Унга кўра, ўғли билан кўришган адвокат ҳеч қандай қийноқ қўлланилмагани ва А. Болтаевнинг аҳволи яхши эканини айтган.

- Ўғлимнинг аҳволини яхши деди. Миллий хавфсизлик уйга келиб “Таëқ егани йўқ. Яхши, ҳозир аҳволи дуруст” деб айтди менга,- дейди Олим Болтаев.

Шунингдек, Қобил Қурбоновнинг яқинлари ҳам адвокатдан унинг ҳибсда яхши сақланаётгани ва қийноққа тутилмаганинини эшитишганини айтмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қийноқлардан хавотирда


Аммо, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бундай маълумотларга катта шубҳа билан қарамоқда.

Ўзбекистонга Қозоғистондан экстрадиция қилинган ва асосан, диний мотивларда айбланаётган бу қочқинлар ишини кузатиб келаётган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, қочқинлар қўйилган айбловларни тан олаётгани ва уларнинг ҳанузгача ўз яқинларига кўрсатилмаётганининг ўзиёқ қийноқлар борлигидан далолатдир.

Яқинда Россиядаги “Мемориал” ташкилоти ҳам ўз манбаларига таяниб, Қозоғистон Ўзбекистонга бериб юборган эътиқод тутқунлари қийноққа солинаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Бу ташкилот хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз манбаларини ошкор қилмади.

Эслатамиз, шу йил 9 июн куни бир ярим йилдан ортиқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги икки ҳибсхонада сақланган 29 қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Ўзбекистонга келтирилганидан буён бу қочқинлардан яқинлари Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилган фақат 5 нафари тақдирини билвосита кузатиш имкони бўлмоқда.

Қолган қочқинлар тақдири эса мутлақо номаълум қолмоқда.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари уларнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда шу икки куч ишлатар тузилмаларнинг турли вилоятлардаги бўлимларида сақланаётганини айтмоқдалар.

29 қочқин Олмаотадаги ҳибсхонада сақланаётган кезда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан уларнинг экстрадицияси сўралиб, юборилган сўровномада бу қочқинларнинг айримлари 1999 йилдаги портлашлар, айримлари 2008 йилда Анвар қори Турсуновга суиқасд ва Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов ўлимига алоқадорлик, яна айримлари эса “Жиҳодчилар”, “Ваҳҳобийлар” каби диний оқимларига алоқадорликда айблангани ҳақида норасмий манбалар маълум қилган эди.

Аммо, бу маълумотларга ойдинлик киритиш учун Озодлик радиоси мухбирининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишга қилган уринишлари натижа бергани йўқ.

Худди шундай ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг ёзма мурожаатлари ҳам ҳануз жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG