Линклар

АҚШ Сенати ҳам қарз миқдорини оширишга рози бўлди


72 АҚШ сенатори президент Барак Обама ҳукумати четдан яна қарз олишига розилик берди.

72 АҚШ сенатори президент Барак Обама ҳукумати четдан яна қарз олишига розилик берди.

Сешанба куни АҚШ Сенати давлат қарзи миқдорини ошириш ва ҳукуматни дефолтдан қутқаришга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Оқ уй ва Республикачилар ўртасида келишилган лойиҳа душанба куни Вакиллар палатаси тасдиғидан ҳам ўтган эди.


АҚШ ҳукуматини эҳтимолий дефолт, яъни қарзларини тўла олмайдиган ҳолатга тушиб қолишидан қутқаришга қаратилган келишув АҚШ Вакиллар палатаси тасдиғидан ўтгач, сешанба куни Сенат муҳокамасига қўйилди.

Президент Барак Обама дохил Демократлар билан Республикачилар эришган муроса давлат қарзи миқдори, яъни ҳукумат четдан олиши мумкин бўлган қарз кўламини ошириш ва бу билан АҚШ ҳукуматини дефолт хавфидан қутқаришга қаратилган. Бу чора кўрилмаганида Америка тарихида илк бор ҳукумат ўз қарзларини тўлай олмаслигини эълон қилиши мумкин эди.

Қонун лойиҳасини 74 сенатор давлат қарзи миқдорини кўпайтиришга розилик бериб, овоз берди. Бундай муросага 26 сенатор қарши чиқди.

Душанба куни Респбуликачилар кўпчиликни ташкил этадиган Вакиллар палатасида икки партия ўртасида келишилган чорани маъқуллаш учун 269 вакил “ҳа” деб овоз берди. Палатанинг 161 вакили унга қарши чиқди. Демократлар партиясидан сайланган 180 вакилнинг тенг ярми келишувни қўллаб, иккинчи ярми унга қарши овоз берди.

Демократлар фракциясига етакчилик қиладиган Нэнси Пелоси душанба куни палата вакиллари олдида қилган чиқишида, келишувдан “қониқмаган” бўлса-да, эҳтимолий дефолтнинг олдини олиш учун унинг маъқуллаб овоз беришини таъкидлади.

- Бугун олдимизга қўйилган қонун лойиҳасини қабул қилиб, тўғри қадам қўяётганимизга ишониш қийин. Мен ундан қониққаним йўқ, лекин унда кўзда тутилган баъзи ютуқлардан мамнунман ва унинг учун овоз бераман,- деди Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси.

АҚШ Конгресси иккала палатаси маъқуллаган келишувга сешанба куннинг охиригача президент Барака Обаманинг имзо чекиши кутилмоқда. Шундан сўнг у қонун кучига киради.

АҚШ Конгресси 2 август якунига қадар келишувни қабул қилиб, унинг қонун кучини таъминлашлари зарур эди. Акс ҳолда АҚШ ҳукуматининг ўз қарзлари, масалан, давлат хизматчиларига маош тўлаши учун нақд пули қолмаган, бу эса ўз навбатида АҚШ ва жаҳон иқтисодида янги бўҳронни келтириб чиқариши мумкин эди.

Бундан ташқари, ҳукумат дефолти АҚШнинг кредит рейтингига ҳам салбий таъсир ўтказиб, ҳали бўҳрондан ўзини ўнглаб олмаган жаҳон иқтисодини янги муаммолар қаршисида қолдириши мумкин. Шунингдек, бу америкалик кредит олувчилар учун юқорироқ устама фоиз ва заифроқ миллий валюта, дегани ҳамдир.

Мунозараларга сабаб бўлаган келишувга кўра давлат қарзи миқдори 2,4 триллион АҚШ долларига оширилади, таклиф этилаётган давлат ҳаражатларини 2,1 триллионга қисқартириш режаси эса 10 йил давомида амалга оширилади.

Бу қонун лойиҳаси бир неча ҳафтадан бери икки партия ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Демократлар йирик ширкатларга солиқларни оширмасдан, давлат ҳаражатларини қисқартиришга қарши чиқаётган эди. Республикачилар эса ширкатларга солиқ миқдорини оширшга розилик бермади.
XS
SM
MD
LG