Линклар

Италия парламенти қўмита аъзолари жамоат жойларида бурқа кийишни бутунлай тақиқлашга оид янги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Агар ўнг марказ коалиция тарафидан қўллаб-қувватланаётган мазкур қонун қабул қилинса, Италияда жамоат жойларида юзни беркитувчи паранжи, бурқа кийиш маън этилади.

Қонунга бўйсунмаганларга 150-300 евро миқдорида жарима солиниши, аёлларни юзларини беркитиб турувчи либослар кийишга мажбурловчилар эса 30 минг евролик жаримага тортилиши ёки бир йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Италия парламенти аъзоси Барбара Салтамартини аёллар қадр-қимматини топтайдиган, уларнинг Европа жамиятига интеграциялашувига тўсиқ бўлаётган бурқа ва паранжиларни тақиқловчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтди.

Италия мухолифати аъзолари эса, ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқиб, бу диний эркинликларга зид экани ва мусулмонлар ғазабини қўзғатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Жорий этилажак таъқиқ Италияда мусулмон жамоаларининг кескин норозилигига сабаб бўлиши кутилаяпти.

Уларга кўра, янги қонун бурқа ёпинувчи аёлларни уйларидан чиқа олмайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Аввалроқ Франция ва Белгияда жамоат жойларида бурқа кийишни бутунлай таъқиқлашга оид қонун қабул қилинган эди.
XS
SM
MD
LG