Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:27

Жарқўрғонлик болафуруш қўлга олинди


Ўзбекистонда кейинги пайтларда болафурушлик билан боғлиқ жиноий ишлар кўпайгани кузатиляпти.
Ўзбекистонда кейинги пайтларда болафурушлик билан боғлиқ жиноий ишлар кўпайгани кузатиляпти.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Оққўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи эр-хотин Шарофат Рўзиева ва Музаффар Ҳазратқулов бировнинг фарзандини сотишга уринганликда айбланиб маҳкамага тортилди. Икковлон ўтган ойда ҳибсга олингани айтилмоқда.


Бу ҳақда Озодликка билдирган Жарқўрғон туман прокуратураси ходими Абдиев Илҳомга кўра, Музаффар Ҳазратқулов ўзига тегишли ошхонадаги дастëр қиз Азизанинг никоҳсиз туғилган боласини сотишга уринган.

Жарқўрғон прокуратураси ходимига кўра, бола сотиш жиноятини М. Ҳазратқулов турмуш ўртоғи Шарофат Рўзиева билан биргаликда амалга оширишга уринган.

Тергов материалларига кўра, Жарқўрғондаги кафеда ишловчи Азиза Мелибоева никоҳсиз фарзанд кўрган. Аввалига кафе соҳиблари Азизани бу болани бировларга “Эҳсон” қилишга ундашган.

Азиза кўнмагач, болани ўғирлаб беш миллион сўм ва бир қўчқор эвазига бир бефарзандга сотмоқчи бўлганида қўлга олинган.

Айни пайтда бу жиноят Жарқўрғон туман суди маҳкамасида кўрилмоқда.

Жарқўрғон туман прокуратураси ходими Илҳом Абдиев бола ўғирлаш жиноятлари туманда биринчи марта бўлаëтгани йўқ, дея маълум қилди.

Бола ўғирлаш билан боғлиқ жиноятлар республиканинг Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ҳам содир қилингани ҳақидаги ҳабарлар матбуотга сизган.

Ўтган ой Тошкент шаҳар жиноят ишлари суди бола сотиш билан шуғулланган 12 кишилик гуруҳнинг 6 аъзосини 7 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга шартли равишда озодликдан маҳрум қилган эди.

Бу ҳақда маълум қилган Регнум агентлигига кўра, МХХ фош қилган жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Регнумнинг ёзишича, бола сотиш билан шуғулланган гуруҳни бир неча туғруқхонанинг ҳуқуқшуноси бўлиб ишлаган 63 яшар Иқборхон Ҳакимова бошқарган.

Гуруҳ туғруқхоналар ва бошқа даволаш муассасаларида ишлайдиган ҳамширалар ҳамда турли техник ходимлардан иборат бўлган.

Жиноий гуруҳ асосан, никоҳсиз туққан аёллар билан хуфя савдолашиб уларнинг болаларини “бозорга” чиқарган.

Тергов материалларига кўра ҳар бир соғлом чақалоқ 1500 доллардан 3000 долларгача баҳоланган.

Айтилишича, бу гуруҳ "савдога қўйган" 70 чақалоқнинг тўрт нафари чет элга сотилган.

Россиядаги ўзбек мардикор аëлларнинг бола сотгани билан боғлиқ жиноятлардан камида учтаси судга оширилган.

Ўзбекистондаги бола сотиш билан шуғулланган гуруҳнинг қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилгани эътирозларга сабаб бўлди.

Россиядаги “Права ребенка” бола ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Борис Алтшулер Озодлик билан суҳбатда болалар тижорати гумашталари энг қаттиқ жазога лойиқ жиноятчилар эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG