Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:31

Бишкекда ислоҳот умидини "дафн" этмоқчилар


Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгаши аъзоси Азиза Абдурасулова қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборган Азимбек Бекназаровнинг Конституциявий судга сайланиши мантиқсизлик эканини айтади.
Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгаши аъзоси Азиза Абдурасулова қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборган Азимбек Бекназаровнинг Конституциявий судга сайланиши мантиқсизлик эканини айтади.

Қирғизистон пойтахтида 3 август куни Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгаши аъзолари “Суд ислоҳоти умидининг дафн этилиши” деб номланган норозилик намойиши ўтказди.

3 август куни Қирғизистон Судяларни танлаш бўйича кенгаш Конституциявий палата аъзолигига 25 одам ўз номзодини кўрсатганини, улардан 11 нафари танлаб олинишини билдирди.

Танловнинг биринчи босқичида Судяларни танлаш бўйича кенгаш номзодлар юзасидан ўз “юмшоқ рейтингини” эълон қилади. Бу босқичда энг юқори рейтингга эга бўлган номзодлар танловнинг 2-босқичида қатнашади. Мазкур босқичда ҳар бир номзод алоҳида муҳокама қилиниб, Судяларни танлаш кенгашининг 24 аъзосидан 13 тасининг овозини олиши керак.

“Юмшоқ рейтинг” эълон қилиниши арафасида Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгашининг 30 га яқин аъзоси “Суд ислоҳоти умидининг дафн этилиши” деб номланган норозилик намойиши ўтказди.

Улар “Мен ишонмайман”, “Судялар ўзбошимчалигига чек қўйилсин” каби шиорларни кўтариб олишган эди. Тадбир учун ёлланган оркестр эса жонли ижрода “Дафн марши”ни чалиб турди.

Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгаши аъзоси Азиза Абдурасулованинг айтишича, “Дафн марши” суд ислоҳотига бўлган умиднинг ўлаётгани учун чалинаётибди.

- Агар Судяларни танлаш бўйича кенгаш ўз раисини қайта сайласа ва судлар танловини ошкора ўтказса, “Дафн марши” қувноқ мусиқага алмаштирилади, - деди Азиза Абдурасулова.

Унга кўра, Судяларни танлаш бўйича кенгаш котибиятига мазкур кенгаш раиси Замирбек Базарбековнинг ўтмиши шубҳали экани ҳақида маълумотлар келиб тушган. Шунга қарамай, у раислик лавозимида қолаётир. Бу эса судлар танловининг адолатли ва холис бўлишига шубҳа пайдо қилади.

Тадбир иштирокчилари мамлакат собиқ Бош прокурори, 2005 ва 2010 йилги инқилоб лидерларидан бири Азимбек Бекназаров номзоди ҳам Конституциявий палата аъзолигига кўрсатилганидан норозилик билдирдилар.

Норозиларнинг айтишларича, Азимбек Бекназаров 2005 йилда Бош прокурор лавозимини эгаллаб турганида Ўзбекистонга 4 нафар андижонлик қочқинни топшириш ҳақида қарор чиқарган. Бунинг оқибатида БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Қирғизистонга нисбатан Қочқинлар ҳуқуқларини бузганлик тўғрисидаги резолюцияси қўлланилмоқда.

- Қочқинларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузган одам қандай қилиб Конституциявий палата судяси бўла олади? – дея савол ташлайди Азиза Абдурасулова.

Сўнгги маълумотларга кўра, Суд тизимини назорат қилиш фуқаролик кенгаши норозилик тадбирида кўтарилган айрим талаблар Судяларни танлаш бўйича кенгаш томонидан қабул қилинган. Жумладан, кенгаш мазкур ташкилот раиси шахсини муҳокама қилишга ва агар унга нисбатан шубҳалар тасдиқланса, раисни алмаштиришга тайёр эканини билдирди.

Судяларни танлаш бўйича кенгаш конституциявий тузилма бўлиб, кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми парламентдаги ҳукмрон коалиция, учдан бир қисми мухолифат ва учдан бир қисми судялар кенгаши томонидан сайланади. Судяларни танлаш бўйича кенгаш таркиби парламент томонидан тасдиқланади.
XS
SM
MD
LG