Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Ўзбекистонда яна икки хорижий Интернет сайти тўсиб қўйилди


Regnum агентлиги сайти Ўзбекистонда тез-тез тўсиб турилади.
Regnum агентлиги сайти Ўзбекистонда тез-тез тўсиб турилади.

Бу сафар Россиянинг Regnum ахборот агентлиги ва Бишкекдаги Марказий Осиё янгиликлар хизмати СA-News сайтлари Ўзбекистон ҳукумати қаҳрига учради. Шу пайтгача Ўзбекистонда ўнлаб хорижий ва маҳаллий интернет сайтларга блок қўйилган.


"Биз кўп нарса йўқотмаймиз, ўзларига қийин"


Россияда чиқадиган Regnum ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукумати қора рўхатига биринчи марта тушаётгани йўқ. Бу ҳақда Озодликка гапирган Regnum бош муҳаррири Модест Колеров Интернет саҳифаси Ўзбекистонда 2005 йилдаги Андижон воеқаларидан сўнг ҳам тўсиб қўйилганини эслайди:

- Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеасидан кейин юзага келган вазиятни Regnum хабарлари янада чигаллаштиради, деган хаёлга бордими, сайтимиз тўсиб қўйилган эди. Энди, бу сафар сайтимизни яна блок қилишди. Бироқ бу жорий йилда учинчи марта бўляпти. Бизнинг фикримизча, бу Ўзбекистонда юз бераётган ички бюрократик ўзгаришларни мунтазам ёритиб бораётганимиз билан боғлиқ бўлса керак.

Агар Ўзбекистон ҳукумати бизнинг сайтимиз одамларнинг, жамоатчиликнинг кайфиятига таъсир қилади деб ўйлаган бўлса, хато қилади. Зеро, бизнинг Ўзбекистондаги аудиториямиз катта эмас, ўртача 5 минг муштариймиз бор,- дейди Модест Колеров.

Бош муҳаррир фикрича, Ўзбекистон ҳукумати сайтни тўсиб қўйишдан ютқазади холос:

- Бундан ташқари, Regnum Ўзбекистоннинг позитив иқтисодиёти ҳақида Россия бозорига ахборот етказувчи қудратли агентлик ҳисобланади. Ўзбек ҳукуматининг Regnumга нисбатан тутаётган бундай ғайридўстона сиёсати, мен ўйлайманки, уларнинг ўзларига кўпроқ зарар келтиради,- дейди Модест Колеров.


"Ҳукуматнинг жиғига тегдик, шекилли"


Марказий Осиё янгиликлар хизмати СA-News сайтининг Ўзбекистон янгиликлари муҳаррири Миргул ҳам, Ўзбекистонда сайтимиз умуман очилмай қолди, дейди. Муҳаррир бунинг сабабини, СA-News Ўзбекистон ҳукуматига "дидига" мос келмаган хабарларни бериб келаётгани билан изоҳлайди:

- Биз ўзбек амалдорларининг қитиқ патига тегиб кетадиган мақолаларни бериб борамиз. Мана шу нарса уларга ёқмаган шекилли. Шунинг учун тўсиб қўйишган бўлса керак, бошқа нима ҳам бўларди, шу асосий сабаб, менимча,- дейди сайт муҳаррири.


"Қип-қизил аҳмоқлар"


Ўзбекистонда ҳукуматга мухолифатда бўлган барча партиялар, ҳаракатлар сайтлари тўсиб қўйилган. Ўзбекистон ҳақида ҳукумат позициясидан айро хабарларни берадиган бошқа сайтлар ҳам қамал қилинади.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати Интернетга ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаганини иддао қилиб келади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам бир неча бор қилган чиқишларида Интернетга тўсиқ қўйишни аҳмоқлик деб атаган эди:

- Интернетдан оладиган хабарлар жуда салбий таъсир қиляпти, деган фикрга мен қўшилмайман. Нега деганда, интернет бу катта магазин. Магазинга борганда одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ёпиб қўйиш бу мутлақо аҳмоқона фикр, уни ёпиб бўлмайди. Кимки шунга уринадиган бўлса, бу қип-қизил аҳмоқ, бу беҳуда уриниш,- деган эди Ислом Каримов 2005 йилда.

Лекин президент "қип-қизил аҳмоқлар", деб аташига қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб мустақил Интерент сайтларини тўсишда давом этмоқда.


"Олий Мажлис ҳам аҳмоқликка қўл урмоқда"


Бундан ташқари, президент Каримов таъбири билан Интернетни тўсиш "аҳмоқлик" экани маълум бўлса-да Ўзбекистон парламенти депутатлари Интернетни янада кўпроқ қисишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ўзбекистонда тўсиб қўйилган CA-News сайти, Олий Мажлиснинг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоевнинг “Интернет бизнинг давлатимизга қарши провакацион ахборотларга тўлиб кетди. Булар бизнинг муваффақиятларимизни кўролмайдиган бузғунчи кучлар. Уларга қарши қаттиқ курашиш керак”, деган гапларидан иқтибос келтирди.

Озодлик радиоси депутат Абдурашид Жўрабоев билан боғланишга муваффақ бўлди. Бироқ, жаноб Жўрабоев Озодлик сўзини эшитиши билан алоқани узди.

Бироқ шу қўмита аъзоларидан бири, Адолат партияси раиси, депутат Исмоил Сайфназаровнинг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда Интернетни ҳеч ким чеклаётгани йўқ. Мактаблар ҳам уланяпти Интернетга, истаган одам кириши мумкин.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 2011 йилда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни яна Интернет душманлари рўйхатида қолдирди.

Интернет-цензурага қарши кураш куни муносабати билан 12 март куни эълон қилинган ҳисоботда бу каби давлатларда вазият йил сайин оғирлашиб бораётгани айтилган.

Ўзбекистон хусусида “Бу полиция давлати Интернет тармоғида ахборот тарқалишини тутиб қолиш ва хоҳ виртуал ёҳуд реалликда бўлишидан қатъий назар, фуқаролик жамияти туғилишига уринишларга қаршилик қилишда давом этмоқда”, дейилган.

Ташкилот берган маълумотга кўра, ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари орасида кўпроқ рус тилида чиқадиган порталлар — Gazeta.uz, Odnoklassniki.ru каби сайтлар Facebook ёҳуд Twitterдан кўра оммавийроқдир.

Шунингдек, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда Интернет сайтлари Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги Мониторинг маркази ёрдамида бўғилиши, бу эса икки йўл – IP адресларни блок қилиш ҳамда номақбул мақолаларни тўсиб қўйиш йўли билан амалга оширилиши айтилган.
XS
SM
MD
LG