Линклар

logo-print

Тожикистонда 18 га кирмаганлар масжидга қўйилмайдиган бўлди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон балоғатга етмаган болаларнинг масжидда киришини таъқиқловчи қонунни имзолади.

Президент девонидаги манбанинг Озодликка маълум қилишича, янги қонунни президент 2 август куни имзолаган. Аммо, манбага кўра, янги қонун матбуотда нашр қилингандан кейин кучга киради.

Имомали Раҳмон ташаббуси билан ишланган қонун лойиҳаси ўтган уч ой давомида умумхалқ муҳокамасидан ўтди.

Тожикистондаги айрим сиёсий доиралар вакиллари қонун лойиҳасига жиддий ўзгартириш киритилгандан сўнг имзоланишини талаб қилган эдилар.

Бундан бир ҳафта аввал Тожикистон собиқ муфтийси Акбар Тўражонзода президент Имомали Раҳмонни Рамазон ойида бу қонунни имзолашдан тийилишга чақирганди.

Бундай даъват аввалроқ халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси расмийси Леонардо Лео тилидан ҳам янграганди.

Тожикистонда шундай бир қонуннинг имзоланишига рози бўла олмаслигини айтган АҚШ мулозими Леонардо Лео мулоҳазасича, мазкур ҳужжат айрим бандлари билан Тожикистонда шусиз ҳам чекланган диний эркинликни янада торроқ доирага солиб қўяди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иддаосига кўра, янги қонун аксинча болалар тарбиясида муҳим рол ўйнайди.

Тожикистон парламенти юқори палатаси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев эса аввалроқ дунёда ўхшаши бўлмаган бу қонун “ўсиб келаётган авлод манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилиши”ни таъкидлаган эди.

Хуллас, халқаро ташкилотлар ва мамлакат ичкарисидаги сиёсий доиралар норозилигига қарамай, баҳсли қонун лойиҳаси Рамазон ойининг иккинчи куни Имомали Раҳмон томонидан имзоланди.

Тожикистонлик сиёсатчилар ва айрим дин уламолари мазкур қонун фуқароларнинг диний эркинлигини чеклаб қўяётганидан бонг урмоқда.

- Бу қонуннинг президент томонидан имзолангани ва у яқин кунларда қонун кучига киришидан изтиробдаман. Ишонинг, бу қонун масжидда намоз ўқиши фарз қилинган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшларгагина тааллуқли, холос. Қонунни қабул қилишдан мақсад ҳам аслида шу эди. Энди қонун бўйича фарзандларимиз масжидда намоз ўқишдан мосуво бўлар экан, бу ҳаммамиз учун катта мусибат. Хусусан, Рамазон ойида, яна республика мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида халқимизга оғир мусибатдан ҳам баттарроқ “совға” тақдим этилди, - деди Тожикистон Бош вазири собиқ муовини Акбар Тўражонзода.

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, мамлакатда янги қабул қилинган қонун бир томонлама бўлиб, у ҳуқуқий жиҳатдан ҳам саводсизларча ёзилган.

- Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга мувофиқ, 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола ўзига хос ҳуқуқ ва бурчларга эга. Мамлакатимизда янги имзоланган қонун эса ана шу конвенцияга зид келмоқда. Тожикистон Конституциясининг 10-моддаси 4-қисмида қайсики қонун халқаро конвенцияга зид бўлса, у ҳуқуқий асосга эга эмаслиги белгиланган. Бугун қонунни қабул қилар эканмиз, асосий қонунимиз талабини унутиб қўяётирмиз, - дейди социал-демократлар лидери Раҳматулло Зоиров.

Тожикистон Коммунистик партияси расмийси Исмоил Талбаков эса янги қабул қилинган қонунни қўллаб-қувватлашини таъкидларкан, бу ҳужжат ёшларнинг диний оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олишига ишонишини айтади.

- Биз балоғат ёшига етмаган фарзандларимизни турли хил оқимлар гирдобига тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз зарур. Демократик ва дунёвий Тожикистонда балоғат ёшигача бўлган фарзандлар тарбияси ота-она зиммасида бўлиши ва улар дунёвий илмларни ўзлаштириши зарур. Ундан ташқари, қонун фарзандларимизнинг келгусида саводсиз бўлиб қолиб, Қозоғистону Россия каби давлатларга қул бўлиб хизмат қилишдан сақлаб қолади. Қачонгача тожик оналари бу мамлакатларга хизматкор туғиб бериши керак? - дея савол ташлайди Коммунистлар партияси масъули Талбаков.

Сешанба куни президент Имомали Раҳмон имзолаган қонун 18 ёшга тўлмаган тожикистонлик фуқароларнинг шаҳвоний, зўравонлик, экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга бўлган филмларни томоша қилишини, шу мазмундаги рўзнома, журнал ва варақаларни интернет ёки мобил телефонлар орқали тарқатишини ҳам таъқиқлайди.

Ундан ташқари, мазкур қонун 18 ёшгача бўлган тожикистонликларга тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳам рухсат бермайди.

PressTV хабарларига кўра, Тожикистоннинг “Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги янги қонуни эронлик исломшунос Оятуллоҳ Софийи Гулпоягон томондан ҳам танқидга учраган.

- Муқаддас Рамазон ойида ўсмирларнинг масжидга боришини таъқиқлаш нафақат азиз Тожикистон миллатини, балки бутун дунё мусулмонларини таҳқирлашдир, - деган эронлик исломшунос Оятуллоҳ Софийи Гулпоягон.

У Тожикистон қонунларига биноан қизларнинг ҳижобда дарсга қатнашлари чеклангани ва болаларга Муҳаммад, Абубакр, Умар каби муборак исмларни қўйиш таъқиқланганини ҳам қоралаган.

Эронлик олим мулоҳазасича, давлатнинг бу қарори “бир мусулмон миллатининг исломий қадриятларини йўққа чиқаради”.

Оятуллоҳ Софийи Гулпоягон исломни хуш кўрмаган тожик ҳукуматини Тожикистон ва бутун дунё мусулмонларидан узр сўрашга даъват этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG