Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:59

Жиноятчиларни биргаликда қидириш бошланди


2011 йилнинг май ойида Ўзбекистон президенти ратификация қилган, МДҲ ҳудудида жиноятчиларни ҳамкорликда қидириш тўғрисидаги шартномага кўра, ҳар қандай шахс энди нафақат суд қарори, балки Ўзбекистон кучишлатар идоралари сўровига кўра халқаро қидирувга берилиши мумкин.


Келишув "натижа бермоқда"


Жорий йилнинг 2 августида Санкт-Петербургнинг Петроград тумани Ички Ишлар бўлими ходимлари Профессор Попов кўчасида хужжатсиз юрган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.

37 ёшли ўзбекистонлик бировга оғир тан жароҳати етказганлик айби билан Ўзбекистон расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган, дейди Озодликка Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Ички Ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко.

- Қўлга олинган шахс Санкт-Петербургнинг Петроград туман полиция бўлимига олиб келинди. Бу шахс қонунга биноан уни қидирувга берган томон ихтиёрига топширилади. Қонун бўийча унинг кимлигини очиқлашга ҳаққим йўқ,- дейди В. Степченко.

Унинг айтишича, сўров Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан юборилган.

“Марказий Осиё Интернетда” сайти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларининг "эндиликда МДҲ мамлакатларида қочиб юрган террорчи, наркосавдогар ва бошқа жиноятчиларни аниқлаш осонлашади" деган гапларини келтирди.

Сайтга интервью берган ўзбек милициячиларига кўра, шу тариқа жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ратификация қилган МДҲ ҳудудида жиноятчиларни ҳамкорликда қидириш шартномаси натижа бера бошлаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ходими Ишом Худойбердиев 9 июн куни Қозоғистонда ушланиб Ўзбекистонга топширилган "Шавкат Маҳмудов бошчилигидаги 28 жиноятчи ва диний фанатиклар" гуруҳини бунга мисол қилиб келтирди.

Илгари Ўзбекистон кучишлатар тизимлари фақат суд қарори билан ҳибсга олиниши кўрсатилган шахсларни халқаро қидирувга бера олиши мумкин эди. Расмий Тошкент қабул қилган шартномага кўра, энди халқаро қидирув эълон қилиш учун суд қарори талаб этилмайди.

МДҲ давлатлари Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон вакили Останақул Мирзаевга мавзу хусусида изоҳ бермади.

МДҲ Ижроия қўмитасининг бошқа бир расмийси – Террорчилик ва наркоагрессияга қарши кураш бўлими бошлиғи, КГБ собиқ генерал-майори Иван Юркин Озодлик билан суҳбатда Ҳамдустлик доирасида террорчилик ва жиноятчиликка қарши кураш тизими қандай йўлга қўйилгани ҳақида бундай деди.

- МДҲ доирасида маълумот алмашинувига келсак, бу МДҲнинг Аксил-террорчилик маркази орқали амалга ошади. Марказ Москвада жойлашган ва унинг махсус маълумотлар базаси мавжуд. Бунинг учун махсус бўлим тузилган. Ҳамдустликка аъзо давлатлар, хусусан Ўзбекистон, қидирувга берилган шахслар борасида маълумотларни Москвага жўнатади. Биз бирор ерда бу шахс аниқланганини билсак, хабар берамиз. Қўлга олиш ишлари билан эса махсус тузилмалар шуғулланади. Биз фақат маълумот берамиз, холос,- дейди КГБ собиқ генерали.

И. Юркиннинг айтишича, МДҲ ҳудудида қидирувда бўлган шахслар рўйхатини тузиш аъзо давлатлар масъулияти ҳисобланади. Яъни, масалан, Ўзбекистон бирор шахсни МДҲ ҳудудида халқаро қидирувга беришни истаса, бу шахснинг исмини шартномада белгиланган тартибда бу рўйхатга киритиши мумкин.

Бу ишлар, дейди И. Юркин, МДҲ Ижроия қўмитасининг террорчилик ва халқаро жиноятчиликка қарши курашга оид ҳар 3 йилда бир янгиланиб турадиган махсус дастури асосида амалга оширилади.

Инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмайди


МДҲ ичида фуқароларнинг экстрадиция қилиниши масаласи билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган Москвадаги Марказий-осиёлик қочқинларга кўмак ташкилоти раҳбари Елена Рябинина жиноятчиларни ҳамкорликда қидириш тўғрисидаги шартноманинг ратификация қилиниши инсон ҳуқуқларига оид вазиятини ўзгартира олмайди, дейди.

- Биринчидан, аввал ҳам сўровларнинг аксарияти суд қарори билан эмас, балки одамларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида юборилганини айтиш керак. Шу пайтгача Ўзбекистон фуқароларининг суд қарорига кўра халқаро қидирувга берилганини эслай олмайман. Лекин бу шартнома вазиятни кескин ўзгартиришига ишонмайман, чунки экстрадиция тўғрисидаги сўровлар сони илгари қанча бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунчалигича қолмоқда,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Е. Рябинина яқинда Тула шаҳар суди экстрадиция сўровини рад этган Акмал Набиев иши ҳамда Екатеринбургда экстрадицияси тўхтатилга Ибодулла Алихоновнинг ишини мисол қилиб келтиради. Унинг айтишича, ишлари ижобий ҳал бўлган бу икки ўзбекистонлик ҳам суд қарорисиз халқаро қидирувга берилган.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев бугунги кунда Россия 63 мингдан зиёд одамни халқаро қидирувга берганини маълум қилган.

Ўзбекистон бўйича бу маълумотлар эълон қилинганича йўқ.

МДҲга аъзо давлатлар жиноятчиларни ҳамкорликда қидириш шартномасини 2010 йилнинг декабрида Москвадаги саммитда имзолаган.

Улардан Ўзбекистон, Беларусь, Россия ва Қирғизистон шартномани ратификация қилган.

Улардан ташқари МДҲга Арманистон, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Қозоғистон киради.
XS
SM
MD
LG