Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:44

"Ҳуқуқбузарлик айбловини диний эътиқодга буриб юборишди"


Тошкент вилояти, Бўка туманидан боғланган Раъно Шокирова ўз турмуш ўртоғига қўшиб яна тўрт ёш йигит қисқа муддатга ҳибс қилинганини сўзлаб берди.

"Эримнинг исми қайсидир қўпорувчи тилидан чиққанмиш"

“Эркин микрофон”га Тошкент вилояти, Бўка тумани Хўжақўрғон фермерлик уюшмасидан қўнғироқ қилган Раъно Шокирова унинг турмуш ўртоғи ҳибсга олингани ва ҳозир тафсилотлари ошкор қилинмаган ҳолда қисқа муддатлик ҳибсга ҳукм қилингани ҳақида сўзлаб берди.

- Менинг хўжайинимни Бўкада ишлайдиган милициялар олиб кетиб қолди. Уйимизга меҳмон келган эди. "Ўшаларнинг паспорти масаласида" деди-да, хўжайинимни машинага ўтирғизиб, олиб кетди-да қайтариб олиб келгани йўқ. 25 июлда олиб кетишди.

Озодлик: Олиб кетишдан олдин сабабини айтишдими, битта-яримта қоғоз кўрсатишдими?

- Уйимизга Қозоғистондан меҳмон келган эди. Ўшаларнинг паспорти масаласида, деб олиб кетишди. Шу билан қўйиб юбормади. 10 кунга судланибди.

Озодлик: Сизлар бундан бехабарсизлар.

- Бехабармиз. "Ҳуқуқбузарликда айбланаяпти" деб 10 кунга қамаб қўйибди. Кейин мен РОВДга бордим. “Бизнинг қўлимизда, қайсидир қўпорувчининг тилидан чиқиб қолган” дейди.

Озодлик: Қайсидир қўпорувчи сизнинг хўжайинингизнинг исмини айтганми?

- Айтганмиш. Шунинг учун шунақа қилишганмиш. “Агар айби бўлмаса, қўйиб юборамиз, айби бўлса, қўйиб юбормаймиз” деб айтишди.

Озодлик: Нимада айблашаяпти?

- Қишлоқда уч-тўртта болага бу бошчилик қилаëтган эмиш диний нима бўйича. Биз намозхонмиз ўзи. Биринчи олиб кетилган Зайнобиддин деган бола ҳам намозхон. Хуллас, ҳаммаси бир-бирига прицеп. Бизнинг уйга кеча тинтув қилишга келди, ҳамма болаларни олиб кетди бу ердан. Қўшни қишлоқ энди бир-бири билан гаплашади, ўтиради. Қўлига китоб олиб ўқийдиган болалар эмас улар. Ўшаларни ҳам олиб кетган-да. Ҳаммаси бўлиб бешта одам йўқ қишлоқда. Ҳеч қанақа айблов кўрсатилмаяпти, бизга ҳеч қанақа ниманинг копиясини ҳам бермаяпти. Мен телефон қилганим, куйиб кетдим-да энди. Бешта болам бор. Қаровчим йўқ бошқа. Ўзи ëлғиз ўғил, - дейди Бўка тумани Хўжақўрғон фермерлик уюшмасидан қўнғироқ қилган Раъно Шокирова.


"Цехларимизни сотиб юборишган"

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Абубакр Шоший кўчаси, 61-хонадондан боғланган 1-гуруҳ ногирони Маъсуда Обидова ногиронларга аталган иш ўринларини соппа-соғ одамлар эгаллагани боис йиллардан бери ишсиз қолаётгани ҳақида сўзлади.

- Айтмоқчи бўлганимки, мен хўжайним билан биринчи гуруҳ ногиронимиз. Лекин бизларнинг иш жойимиз йўқ. Фақат пенсияга қараганмиз. Ташкилотимиз бор мана кўрлар жамияти. “Бизларга иш топиб беринглар” десак, “Иш йўқ, қаердан топиб берамиз?” дейди. Комбинат, корхоналаримизнинг ҳамма цехларини сотиб юборишган.

Озодлик: Олдин ишлаганмисиз?

- Ҳа, ишлаганман.

Озодлик: Қаерда ишлагансиз?

- Кўрлар жамиятидаги биринчи комбинатда ишлаганман. Кришка, ароқ-пиво пробкаси чиқарардик. Асосан пластмасса қопқоқлар чиқарарди. Уни ëпиб юборишди. Ҳаммасини соғлар олишган-да. Соғлар ишлаб ëтибди. Бизларнинг цехни колбаса цех қилиб юборишган. Сотиб юборган ҳаммасини.

Озодлик: Демак, сизга ўхшаган кўзи ожизларнинг аксарияти ишсиз қолишган.

- Ҳа, ҳаммаси ишсиз қолган. Қўпол қилиб айтганда, садақа сўраб юрибди. Мисол учун тепадагилар "ëпгин, сотгин" демаган-ку. Раз бизларга иш топиб бермаса, бошқарманинг бизга нима кераги бор? Тўртта болам бор. Хўжайиним ишламайди, ўзим ишламайман. Қаëққа боришим керак? Мана нечтаси телефон қилишди сизларга, "ишхона ëпилди" дейишаяпти. Қанд очишди. Мана қанд беришди арендага. У ҳам ëпилиб кетди. Бизлар упаковка қилардик. Арендасини кўпроқ сўраб юборишди, у ҳам ëпилиб кетди. 160 минг пенсия олсам.

Озодлик: Болаларингиз ногиронмас-а?

- Болаларим, Оллоҳга минг қатла, шукур соппа-соғ. Кўпчилик сизларга телефон қилади, ҳамма гапи тўғри. Иш йўқ бизларга. Қаëққа борамиз, - дейди Тошкент шаҳрида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Маъсуда Обидова.


"Пулини олади, паттасини бермайди"

Самарқанд вилояти, Иштихон туманидан “Эркин микрофон”га боғланган Фаррух исмли савдогар йигит туман бозорида ширинлик сотиши ва бу бозордаги савдо растаси учун берилган патта пули расмийлаштирилмаслиги ҳақида сўзлади.

- Чек берилмайди бизга. Давлат чеки бўлади-ку. .

Озодлик: Бу эгаллаб турган жойингиз учун-а?

- Ҳа.

Озодлик: Демак, пулини тўлайсиз, паттасини бермайди, шунақами?

- Шунақа.

Озодлик: Масалан қанча жойга қанча пул тўлайсиз?

- 4000-5000 сўм олишади.

Озодлик: Қанча жойга?

- 3-4 метр жойга.

Озодлик: 4000-5000 кунигами?

- Кунига. Пуллар қаëққа кетаяпти?

Озодлик: Бозорнинг ҳисобига кетмаяпти, деб ўйлайсизми?

- Балки.

Озодлик: Бошқа ҳамма шароитлар яхшими?

- Шароитлар ҳам йўқ-ку унча. Бозорлар бузилиб ëтибди, шароитлар йўқ.

Озодлик: Сизларнинг бозорни кўчирмаяптими?

- Йўқ, просто ремонт бўлаяпти, - дейди Самарқанд вилояти, Иштихон туманидаги бозорда савдогарлик қиладиган йигит.


"Қирғизистонда демократия бор, Ўзбекистонда диктаторлик"

Наманган вилоятидан боғланган Улуғбек исмли тингловчи эса Озодлик эшиттиришларида бундан бир ой аввал сўзлаган “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ фикрига эътироз билдирди.

- Бир ой олдин Муҳаммад Солиҳ: “Марказий Осиë республикаларнинг ичида ҳеч бирида демократия йўқ” деган эди. Мен ўшанга сал қарши дейдими, лекин мен Муҳаммад Солиҳни ниҳоятда ҳурмат қиламан. Қирғизистон мисолида айтмоқчиман-да. Қирғизистонда, менимча, демократия ўта юқори даражага етган. 60-70 фоизга Қирғизистонда демократия бор. Чунки парламентида оппозиция вакиллари бор, матбуотда, телевидениеда сўз эркинлиги бор, ўтган йилги сайлов тоза ўтди, десак бўлади. Мен Қирғизистон телевидениесини ҳар куни кўраман-да. Партияларни, парламент фаолиятини деярли ҳар куни кузатиб бораман.

Озодлик: Бошқа республикаларда-чи? Масалан, Ўзбекистонда.

- Ўзбекистон билан Туркманистонда умуман диктаторлик.

Озодлик: Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартирса бўлармикан? Ўзгарармикан қачондир?

- Менинг кўзим етмай қолди ўзгаришига, - дейди наманганлик суҳбатдош.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG