Линклар

logo-print

“Қозоғистонга сув етказиб бериш масаласи Тошкент иштирокисиз ҳал бўлмайди”. Бишкеклик мутахасcислар ана шундай дейишмоқда.

Қозоғистон делегацияси 3 кундан буён Бишкекда қирғиз расмийлари билан сув масаласини ҳал этишга ҳаракат қилаяпти. Бироқ музокараларнинг қандай бораётгани ҳақида Қозоғистон делегацияси ҳам, Қирғизистон ҳукумати расмийлари ҳам маълумотлар беришдан бош тортишмоқда.

Сув масаласидаги музокараларнинг нега сир сақланаётгани ҳозирча тушунарсиз бўлиб турибди. Фақат маълум бўлгани шуки, қозоқ томони минглаб гектар экин майдонлари қуриб қолаётгани сабабли Қирғизистондан қўшимча сув берилишини илтимос қилмоқда. Қирғизистон томони эса қўшимча сув бериладиган бўлса, Қирғизистон қишда электр таъминотидан қийналишини билдираяпти.

Қирғизистон сув хўжалиги ва мелиорация қўмитаси раҳбари Зиядин Жамалдиновнинг айтишича, қирғиз томони Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон экин майдонларига етарли даражада сув чиқармоқда. Бироқ Ўзбекистонда сувнинг белгиланган меъёрдан кўп ишлатилаётгани туфайли Қозоғистонга сув етмаяпти.

- Энергетиклар электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтирамиз, деган қарорга келсагина, қўшни давлатларга берилаётган сув миқдорини кўпайтиришимиз мумкин. Бироқ ортиқча электр энергиясини кимдир сотиб олиши керак, бунга эса харидор йўқ. Қозоғистон илтимос қилаётганидай, сувни электр энергияси ишлаб чиқармай бериш шартига биз рози бўлолмаймиз, - деди Зиядин Жамалдинов.

Бишкеклик таҳлилчи Қайрат Мўлдўшевнинг айтишича, Қозоғистон делегацияси сув борасидаги музокараларни ижобий якунлаган тақдирда ҳам, у Ўзбекистон ва Тожикистон иштироксиз ўтаётгани учун амалда ҳеч қандай самара бермайди, чунки Қозоғистонга сув етиб бориши учун Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам зиммасига муайян мажбуриятларни олишлари керак.

- Тўқтўғул ГЭСидаги сувни очганимиз билан у тўғри Қозоғистонга етиб бормайди. Олдин сув Ўзбекистонга, ундан Тожикистонга ўтади. Тожикистондан сув яна Ўзбекистонга қайтади ва кейин Қозоғистонга берилади. Шунинг учун бир давлатга сувнинг етиб бориши уч давлатга боғлиқ бўлиб турибди, - дейди Қайрат Мўлдўшев.

Таҳлилчига кўра, Қозоғистонга қўшимча сув берилган тақдирда ҳам уни Ўзбекистон ва Тожикистон ўзлаштириб олади, чунки бу мамлакатлар далаларида ҳам бугунги кунда сув тақчиллиги кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG