Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукуматининг авиачипталарни сотиб олишга доир қарори миллий валютани камситмоқда.


5 августда кучга кирадиган Вазирлар маҳкамасининг қарори Ўзбекистонда фаолият юритувчи барча авиаширкатларга чипталарнинг маълум қисмини "хорижий валюта"да сотиш талабини жорий этди.



Қарорда хориж валютада сотилиши талаб этилган авиачипталар Ўзбекистонда Ўзбекистон миллий валютаси сўмга сотса, авиакомпаниялар жаримага тортилади.

Қарор матнидаги "хорижий валюталар" айнан қайси давлат валюталари экани ноаниқ қолмоқда.

Аммо бир қатор интернет сайтларида АҚШ доллари, Евро ва Япония иенаси тилга олинган.

Вазирлар маҳкамаси қарорида Ўзбекистон фуқароларининг хорижий валютани қаердан сотиб олиши мумкинлиги ҳам айтилмаган. Маълумки, Ўзбекистондаги расмий валюта алмаштириш шаҳобчаларида хориж валютаси расмий қийматда фақат хос одамларгагина сотилади. Қолган одамлар эса валютани қора бозордан ҳарид қилади.

Вазирлар маҳкамасининг “Авиаташиш хизматларини тартибга солиш меъёрлари тўғрисида”ги 224-сонли қарори 1 август куни қабул қилган.

Қарорнинг Ўзбекистон қонунларига зид эмаслигини исботлаб бериши учун Озодлик радиосининг Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасига қилган сўрови жавобсиз қолди.


Тошкент-Москва сўмда... Москва - Тошкент долларда...?


Тошкент аэропорти ахборот хизматининг ўзини таништиришни истамаган ходими эртадан кучга киридиган қарорни изоҳлашга уринган.

- Эртадан фақат валютада сотилади. Бошқа давлатдан Ўзбекистонга учиб келаётганлар фақат хорижий валютада тўлашади. Агар Тошкент аэропортидан чет элга учишга тўғри келса, унда Ўзбекистон сўмида тўлов амалга оширилади,- деди Тошкент аэропорти ахборот хизмати ходими.

Мазкур қарор эндиликда нафақат хорижий фуқароларни, балки Ўзбекистон фуқароларини ҳам хорижий валютада авиачипта сотиб олишини қонунийлаштиради. Бунинг учун сафар нуқтаси Ўзбекистондан ташқарида бўлиши лозим.

Қорор матнига кўра, дейлик, сиз Ўзбекистон фуқароси бўлсангизу, мамлакатнинг исталган бурчагида фаолият кўрсатаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатидан Москва-Тошкент-Москва йўналиши бўйича чипта харид қилаётган бўлсангиз, Тошкент-Москва авиачиптаси учун сўм, Москва-Тошкент авиачиптаси учун эса хорижий валюта тўлашингиз шарт бўлади.

Ўзбекистон резидентлари бўлмаган фуқаролар, яъни Ўзбекистонга сафар қилаётган ёки мамлакатда яшаётган хориж фуқаролари барча авиачипталар, жумладан мамлакат ичидаги рейслар учун ҳам билетларни валютага сотиб олади.

224-сонли қарорнинг 3-бандига кўра, қарорнинг 1- ва 2-бандларидаги ҳолат, яъни авиаташув бошланиш пункти Ўзбекистонда ташқарида бўлган рейсларга чипталарни Ўзбекистон миллий валютасига сотган авиаширкатларга амалга оширилган тўловнинг 100 фоиз миқдорида жарима солинади.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳудудида авиачипталар ўзбек сўмига сотиб келинаётган эди.

50-80 долларлик туйнук ёпилди?


Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров авиачипталарнинг маълум қисми хорижий валютада сотилишига изоҳ бераркан, бу билан ҳукумат ўзбекистонликлар нафланаётган бир имкониятни йўқ қилишга уринганини айтади:

- Гап шундаки, Ўзбекистонда хорижий валютанинг расмий ва бозор курси орасида фарқ анчагина бўлгани боис Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги қариндошлари мамлакат ичкарисидан авиачипта сотиб олиб беришини сўрар эди. Бу билан хориждагилар ўртача 50-80 доллар тежар эди. Агар Москвада “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг бўлимида чипта нархи юқори бўлса, қариндоши Тошкентда ўша билетни арзонроқ олиши мумкин эди. Мана шу фарқни кўриб, бу кичкина туйнукни ҳукумат ёпишга қарор қилди. Бу жараён Ўзбекистон иқтисодиётига, транспорт бўлимига валюта оқимининг тушишида муаммолар борлигини ҳам кўрсатади. Шу боисдан бу ҳаракатлар хорижий валюта хажмининг ошишига қаратилган, деса бўлади,- дейди таҳлилчи Дмитрий Поваров.

Ўзбекистон Республикаси “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида барча тўловлар миллий валютада амалга оширилиши керак.

Таҳлилчи Дмитрий Поваров фикрича, хукуматнинг янги қарори бу моддани бузаётгани йўқ.

- Агар Ўзбекистон фуқароларига мамлакат ҳудудидан бошқа давлатга учаётган авиарейсга чиптани ўзбек сўмида олиш таъқиқланганида эди, бу қонун бузилиш бўлар эди. Ҳозирча бундай ҳолат йўқ,- деди Поваров.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг матбуот хизмати айни пайтда бу қарор молия департаменти томонидан ўрганилаётганини билдириб, тўлиқ маълумот бера олмасликларини билдиришди.

Лекин 5 августда кучга кирадиган бу қарор ўзбекистонлик йўловчилар учун авиабилетлар нархи ошади деганидир. Чунки АҚШ доллар ёки еврога сотиладиган чипта нархи расмий курс билан белгиланади. Валюта айирбошлаш шохобчасида хориж валютасини сотиб олиш имкони йўқлиги ва унинг қора бозордаги нархи расмий курсадан 50 фоизга қимматроқлиги (1 АҚШ доллари расмий курс бўйича 1727 сўм, қора бозорда 2500 сўмга тенг-таҳр.) инобатга олинса, билет нархи ҳам камида 50 фоизга қимматроққа тушиши ҳисобини чиқариш қийин эмас.

Айниқса, Россия ва бошқа давлатларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил қилиниши инобатга олинса ҳам миллий валютани обрўйси путур етказувчи бу қарор кимнинг фойдасини кўзлаб чиқарилганини ҳам фаҳмлаш қийин эмас.

Сўм биринчи марта камситилаётгани йўқ


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётлари дунёдаги 40 дан ортиқ шаҳарга парвоз қилади.

Ўзбекистон ҳукумати миллий валюта тўғрисидаги қонунни бекор қилувчи қарорни биринчи марта қабул қилаётгани йўқ. Масалан, GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси чиқараётган автомобилларнинг баъзилари ҳам АҚШ долларига сотилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда, хусусан, пойтахт Тошкентда вақтинчалик рўйхатдан ўтишни истовчи хорижликлар ёки фуқаролиги йўқ шахслардан давлат йиғимини АҚШ долларида тўлаш талаб қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG