Линклар

Жорий йилнинг олти ойида Россиядан Тожикистонга тақрибан 400 та тобут келди.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Ҳумайро Мирова маълум қилди.

- Йил бошидан буён 400 га яқин фуқаромизнинг жасади жойланган тобутни Россия томонидан қабул қилиб олдик. Уларнинг кўпи бахтсиз ҳодисалар, касаллик, шунингдек, қотиллик қурбони бўлган, - дер экан Мирова хоним Россиядан ўлиги келган меҳнат муҳожирларининг 80 фоизини ёшлар ташкил қилишини қўшимча қилди.

Россия, Қозоғистон ва шу каби хорижий давлатларга иш ахтариб кетаётган тожикистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ ходимаси Гулбаҳор Муродованинг айтишича, тожикистонлик фуқароларнинг Россияда ҳаёт билан видолашиш ҳолати айниқса сўнгги уч йил ичида кўп қайдга олинмоқда.

Гулбаҳор Тожикистондаги ижтимоий ҳаёт тобора ёмонлашаётгани ҳали суяги қотмаган ёш болаларни ҳам Россияга боришга, пул топиб, оиласини боқишга мажбур қилаётганини айтади.

- Иложи йўқ бошқа, бу ерда иш тополмагандан кейин мажбур кетади. Қандай иш беришса, ўшанга боришади. Бир неча ўн метр баландликдаги қурилишда ишлайди. Қурилишларда ана шундай ҳодисалар кўп бўлади. Чунки булар мутахассис эмас. Мана шундай ҳодисаларга кўпинча муҳожирларнинг ўзлари айбдор бўлиб қолаяпти. Масалан, менинг ён қўшним, жигари касал бўлишига қарамай, мана шу йил поездда Россияга жўнади. Москвага етиб борган жойида жон берди, - дейди ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимаси Гулбаҳор Муродова.

Суҳбатдошимишга кўра, тожикистонликларнинг нафақат скинхедлар, балки ўз юртдошлари томонидан ўлдирилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

- Бу ердан борганларнинг ҳаммаси ҳам иш тополмайди. Улар пул топаётган бошқа муҳожирлар ҳақида керакли маълумотларни олади. Билети бор уйига қайтиб кетаяпти, катта пул билан. Ана ўшаларни ўлдириб, пулини олишади. Ана шундай ҳодисалар ҳам бор, - дейди Муродова хоним.

7,5 миллион кўпроқ аҳолига эга Тожикистонда Совет тузуми тугагандан одамларни доимий иш билан таъминлаган завод ва фабрикаларнинг асосий қисми фаолиятдан тўхтади.

Бугунги мустақил Тожикистонда отаси, фарзанди ёки аёли Россияда ишламаётган оилани топиш қийин.

Расмий маълумотларда тожикистонликларнинг қарийб 800 минги меҳнат муҳожирлигида экани айтилади. Норасмий маълумотларга кўра эса, бир миллиондан ортиқ тожикистонлик ҳозирда Россияда ишлаб оила боқаётибди.

Айни пайтда Самара шаҳрида яшаётган тожикистонлик Маликахон кейинги пайтларда Россияда ҳам ишлаш осон бўлмай қолганини айтади.

- Турмуш ўртоғим Москвадан Самарага юк ташийди. Йўлда йўлтўсарлар кўп, уриб, пулларини, юкларини олиб қўяди, қийнайди. Нечтасини ўлдирганини ҳам кўрганмиз, эшитганмиз. Хўжайинимнинг жияни такси қилар эди шу ерда. Машинасига безорилар ўтириб қолибди. У бола йўлкира сўраса, “мана сенга пул” деб, травматик пистолет билан бошига отишган. Икки ой ҳушсиз эди, ҳозир реанимацияда, шифокорлар тузалишига кафолат бермаяпти, - дейди Малика.

Ўн йилдан ортиқ Россияда яшаётган бу аёлнинг гапига ишонадиган бўлсак, у ёқдаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ҳар қадамда оддийлар томонидан ҳам, расмийлар томонидан ҳам топталади.

Аснода тожик расмийлари Россия билан меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг ҳимоялашга оид келишувлар борлигини айтади.

Ўз навбатида, расмий Москва ҳам минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистон фуқароларининг Россия ҳудудида меҳнат қилишларига қарши эмасликларини, чунки улар мамлакат иқтисодиётига улуш қўшаётганини айтиб келади. Бироқ, Россия расмийлари талабига мувофиқ, меҳнат муҳожирлари албатта рус тилини билиши ва Россия тарихидан хабардор бўлиши шарт.

Ҳар иккала давлат расмийлари иддаоларига қарамай, Тожикистонга келаётган тобутлар оқими камаймаяпти. Хусусан, 2009 йилда Россиядан Тожикистонга 600 та, 2010 йилда эса 800 та тобут келтирилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG