Линклар

Ўзбекистонда авиачипталар сўмга сотилмайди


5 августдан бошлаб жорий этиладиган бу янги тартибга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1 август куни қабул қилган “Авиақатнов хизматлари реализациясини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосдир.

Тошкент аэропорти ахборот хизматининг ўзини таништирмаган ходими эса авиачипталар хорижий валютада сотилишини тасдиқлади:

- Эртадан фақат валютада сотилади. Бошқа давлатдан Ўзбекистонга учиб келаётганлар фақат хорижий валютада тўлашади. Агар Тошкент аэропортидан чет элга учишга тўғри келса, унда Ўзбекистон сўмида тўлов амалга оширилади, - деди Тошкент аэропорти ахборот хизмати ходими.

Айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 224- қарорига биноан жорий этилаётган мазкур тартибни бузган авиачипта сотувчиларга чипта нархининг 100 фоизи миқдорида жарима солинади.

Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур қарори “Валюта муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга зиддир. Тилга олинган ҳужжатнинг 18 моддасида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоб ва тўловлар миллий валютада амалга оширилиши лозим.

Таҳлилчилар фикрича, қонунга зид қарорнинг қабул қилиниши мамлакатнинг валюта резервларининг ўта ғариблашиб қолгани белгисидир.

Маълумки, Ўзбекистонда пул алмаштириш шаҳобчалари мавжуд, бироқ улардан чет эл валютасини давлат курсида сотиб олиш деярли имконсиздир.

Мамлакатда чет эл валютасининг икки хил курси мавжуд. Масалан, 4 август куни 1 АҚШ доллари Марказий банк курси бўйича 1727 сўмга тенг бўлди. Айни пайтда қора бозорда 1 АҚШ долларининг қадри 2450 сўмни ташкил қилди.

Валюталар курси икки хил эканлигидан бу соҳани назорат қилаётган ҳукуматга яқин гуруҳлар фойда кўрмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 1 август кунги “Авиақатнов хизматлари реализациясини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори валютани давлат курсида сотиб ололмайдиган оддий ўзбекистонликлар зарарига ишлайди.
XS
SM
MD
LG