Линклар

logo-print

БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия ҳукуматини қоралади

  • Сарвар Усмон

Сурия ҳукумати мамлакатда давом этаётган намойишларни куч билан бостиришда давом этмоқда.

Сурия ҳукумати мамлакатда давом этаётган намойишларни куч билан бостиришда давом этмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши демократик ислоҳотлар талаб қилиб норозилик намойишларига чиққан фуқароларига қарши шафқатсиз чоралар кўраётган, натижада қон тўкилишига йўл қўяётган Сурия ҳукуматига босимларини кучайтирди.


Хавфсизлик Кенгаши уч кун давом этган муҳокамалардан сўнг чоршанба куни Сурия ҳукумати ҳаракатларини қоралади.

Кенгаш қабул қилган баёнотда ҳукумат кучлари тинч фуқароларга нисбатан куч қўллангани ва қонунбузарлар жавобгарликка тортилиши кераклиги таъкидланади. Бироқ Хавфсизлик кенгаши Ғарб давлатлари истаганидай кучлироқ резолюция қабул қила олмади.

Бунга Кенгашнинг вето қўйиш ҳуқуқига эга доимий аъзолари Россия ва Хитой қаршилик кўрсатди. Москва ва Пекиннинг фикрича, Сурия бўйича резолюция қабул қилиниши бу мамлакатга қарши Ливияга нисбатан қўлланилганидай ташқи ҳарбий интервенцияга йўл очиб бериши мумкин.

Хавфсизлик кенгаши баёнотида Сурияда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кўплаб кузатилгани, ҳукумат кучлари тинч фуқароларга нисбатан куч қўллагани ва қонунбузарлар жавобгарликка тортилиши лозимлиги таъкидланади.

Ҳужжат Сурия ҳукумати зўравонликларга чек қўйиш ва томонларни босиқликка чақиради. Баёнотда норозилик акциялари иштирокчилари ҳам давлат муассасаларига ҳужум қилишдан тийилишга ундалган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурияда сўнгги кунларда намойишчиларга қарши қон тўкилишига олиб келган зўравонликлар тўғрисидаги хабарлардан хавотир билдириб, бундай деди:

- Мен Хавфсизлик кенгаши бугун қабул қилган баёнотни халқаро ҳамжамиятнинг очиқ муждаси сифатида олқишлайман. Дунё Сурияда тобора ёмонлашиб бораётган вазиятни чуқур ташвиш билан кузатиб турибди. Бироқ сўнгги кунлардаги воқеалар даҳшатлидир. Президент Ассад ва умуман Сурия расмийларига зўравонликни тўхтатишни сўраб яна бир бор мурожаат қилмоқчиман,- деди БМТ Бош котиби.

Оиласи Сурияни 40 йилдан бери бошқариб келаётган президент Ассадга қарши исён жорий йилда Миср ва Туниснинг узоқ йиллик ҳукмдорлари ағдариб ташланишига олиб келган воқеалардан кейин бошланиб кетган эди.

Бироқ Суриядаги намойишлар Араб давлатларида рўй берган бу каби воқеаларнинг энг қонлиси бўлди.

Суриядаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилоти ҳисоб-китобича, мамлакатда 15 мартда аксил-ҳукумат акциялари бошланганидан бери 1600 дан зиёд фуқаро ҳамда хавфсизлик кучларининг тақрибан 370 ходими ўлдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG