Линклар

Сўнгги ўн кун ичида Тошкент вилоятининг Бўка туманида беш диндор ҳисбга олинди.


Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи Тошкент вилояти Бўка туманида диндорларни ҳибсга олиш бошлангани ҳақида маълумот тарқатди.

Ташкилот маълумотига кўра, сўнгги ўн кун ичида Бўка туман Ички ишлар бўлими ходимлари Тошкент вилояти, Бўка тумани Хўжақўрғон фермерлик уюшмасида яшовчи беш киши: 35 ёшли Холмурод Шокиров, 33 ёшли Ботир Наврўзов, 43 ёшли Зайниддин Исроилов, 33 ёшли Йўлдош Эргашевларни ҳибсга олган.

Бўка туман Ички ишлар бўлимининг навбатчи ходими, ушбу беш кишининг милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Ҳибсга олинганлардан бири 35 ёшли Холмурод Шокиров 25 июл куни Бўка туман ИИБнинг милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Холмурод Шокировнинг рафиқаси Раъно Шокировага кўра, айни пайтда эрига қўйилган айбловлар ошкор қилинмаяпти.

- Менинг хўжайинимни Бўкада ишлайдиган милициячилар олиб кетиб қолди. Уйимизга меҳмон келган эди. "Ўшаларнинг паспорти масаласида" деди-да, хўжайинимни машинага ўтирғизиб, олиб кетди-да қайтариб олиб келгани йўқ. Уйимизга Қозоғистондан меҳмон келган эди. Ўшаларнинг паспорти масаласида, деб олиб кетишди. Шу билан қўйиб юбормади. 10 кунга судланибди. "Ҳуқуқбузарликда айбланаяпти" деб 10 кунга қамаб қўйибди. Кейин мен РОВДга бордим. “Бизнинг қўлимизда, қайсидир қўпорувчининг эрингизни таниши ҳақида ҳужжат бор”, дейди. Қишлоқда уч-тўртта болага бу бошчилик қилаëтган эмиш диний нима бўйича. Биз намозхонмиз ўзи. Биринчи олиб кетилган Зайнобиддин деган бола ҳам намозхон. Хуллас, ҳаммаси бир-бирига прицеп. Бизнинг уйга кеча тинтув қилишга келди. Ҳаммаси бўлиб бешта одам йўқ қишлоқда. Ҳеч қанақа айблов кўрсатилмаяпти,- дейди Раъно Шокирова.

Ҳибсга олинган бўкалик диндорлар билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон конституциявий тузимига тажовуз қилганлик ва диний экстремистик гуруҳга аъзолик айблови қўйилиши эҳтимоли бўлган бўкалик беш диндор дастлаб милиция ходимига қаршилик кўрсатишда айбланган.

- Гўëки, булар милицияга қулоқ солмагани учун ҳибсга олинган, милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш деган модда бор, мана шуни баҳона қилиб уларни олиб кетишган. Булар милицияга қарши ҳеч бунақа нарса қилмаган. Қарорда айтилганки, булар милицияларга қаршилик кўрсатди, лекин қайси милицияларга эканлиги кўрсатилмаган. Шунчалик бу суднинг қарори ҳам сохталаштирилганки, иккинчи қарорни ҳам менга олиб келиб беришди. Ўшанда ҳам ҳеч қанақа милицияларнинг фамилиялари, кимга, қаерда қаршилик кўрсатгани кўрсатилмаган. Мақсад уларни ҳибсга олиш бўлган. Диний экстремизм айбини қўймоқчи. Нимагаки буларнинг ҳаммаси намозхонлар. Ҳаммаси рўза тутган, мачитларга боришади. Мақсад буларнинг бўйнига диний экстремист деган нарсани қўйиш,- дейди Суръат Икромов.

Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бўкалик беш диндор ишини прокуратура ходимлари ўрганмоқда. Тошкент вилоят Тергов бошқармаси навбатчи ходими тергов кетаётгани боис диндорларга қўйилган айбловлар ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди.

Cуръат Икромовга кўра, Ўзбекистонда диндорларни сохталаштирилган жиноятларда айблаб ҳибсга олиш ҳолатлари кўплаб кузатилади.

Суръат Икромовга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот-идораларида диндорларнинг "қора рўйхати" бўлиб, одатда қамаш бўйича режани бажариш мақсадида ушбу рўйхатдаги намозхонлар "қурбон" қилинади.

- Ҳар бир туман ички ишлари, миллий хавфсизлик бўлимлари компютерларида ҳамма намозхонларнинг исм-фамилиялари бор. Бизларда "қора рўйхат" деб гапирилади. Тепадан буйруқ келса, нечта одам керак бўлса, бу режаланган ҳаммаси, ўшанча одамни қамоққа олиб кетиши керак булар. Ўзимнинг кўзими билан кўрганимни айтаяпман. Қайсидир бир ташкилотга аъзо ëки қайсидир оқимга қарашли одамлар эмас улар одатда. Судда ҳеч қанақа исбот-далили бўлмайди. Ҳукуматнинг инсонларга қилаëтган жиноий ишлари ошкора бўлиб қолмасин деган мақсадда судларни яширин ҳолда ўтказишади. Рўза пайти бўладими, Ҳайит пайти бўладими ҳибсга олишлар ҳар доим бўлган. Бўкадаги ҳолат ҳам навбатдаги режани бажариш холос,- дейди Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG