Линклар

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Сурияда демократик ислоҳотларни талаб этиб чиққан намойишчиларнинг қирғин қилинишини тўхтатиш учун АҚШ европалик ҳамда араб давлатларидаги ҳамкорларини Дамашқ ҳукуматига кўпроқ босим ўтказишга чақиражагини таъкидлади.

Клинтонга кўра, Сурияда икки мингдан кўп одам ўлдирилишига айнан президент Башар ал Ассад жавобгардир.

“Вашингтоннинг ишонишича, Ассад Сурия халқи олдида легитимлигини йўқотиб бўлган”, - деди Клинтон.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши бир неча кунлик баҳслардан кейин кеча Сурия ҳукуматининг аксилҳукумат намойишларини бостириш амалиётларини қораловчи баёнот қабул қилди.

Бу Хавфсизлик Кенгашининг аксилҳукумат намойишлар бошланганидан буён Сурия ҳукуматини илк бор қоралаши бўлди.

Суриянинг Ҳама шаҳридан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучларининг ҳужуми оқибатида тинч фуқаролар орасида яна ўнлаб қурбонлар қайд этилган.

Айни пайтда Сурия мухолифати президент Башар ал Ассаднинг сиёсий мухолиф партияларга йўл очиши борасидаги таклифини рад этган.

Бу мамлакатда Бааз партияси ягона ҳукмрон партия саналади, мухолиф партиялар фаолияти тақиқлаб қўйилган эди.

Ўз навбатида Сурия мухолифати Рамазон ойидан сўнг сентябрда Тунисда ўзининг илк қурилтойини ўтказишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG