Линклар

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги Равот назорат ўтказиш пости ёпиб қўйилди. Ўзбекистон бир томонлаиа равишда чиқарган бу қарордан анклав ҳудудларда ери бор тожикистонлик деҳқонлар зарар кўраётганларидан шикоят қилмоқда. Ўзбекистон расмийлари бу қарор республика мустақилилиги арафасида кўрилаётган хавфсизлик чоралари доирасида қабул қилинганини билдирган. Бироқ тожикистонлик деҳқонлар Ўзбекистон уларга қарашли ерларни тортиб олиш ниятида, дея хавотир билдирмоқда.


Тожикистон шимолидаги Равот қишлоғи ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Бешариқ тумани ўртасида жойлашган тахминан 58 гектар экин ер 1954 йилдан буён тожикистонликлар ихтиёрида бўлган.

Ўшадан буён, дейди Равотдаги деҳқон хўжалиги раиси Маъруфжон Мамадов, анклав ҳудуддаги ер эгалари Ўзбекистон чегараси этагидаги ёлғизоёқ йўлдан ўтиб, ерида ишлаб келган.

- Бизнинг эски йўлимиз бор, турибди. Ташқаридан, яъни чегара биқинидан ўтардик. Алоҳидда йўл у. Ўша йўлдан ўтардик. Бу йил ўзбек чегарачилари “КПП орқали ўтасизлар”, деб бизни мажбур қилишди. “Бутун дунёда шунақа тартиб, таможний орқали ўтасилар, ерга бўлса ҳам, эшак арава билан бўлса ҳам КПП дан ўтинглар”, деди. Икки ойми ўтдик холос. Ҳозир ҳеч ким ўтмайди. Олти кундан бери ўтиш умуман манъ қилинган,- дейди равотлик деҳқон Маъруфжон Мамадов.

Равотлик Фаридахон Махмудова ҳатто ердаги ҳосилни йиғиштириб олишга рухсат берилмаётганидан шикоят қилди.

- Ўша ерда боқилаётган иккита сигирим буғоз, сенятбр бошида туғиши керак. Ундан ташқари маккаларимиз сўта солиб, пишиб ётибди, деҳқончилигимиз, пиёз, картошка ҳамма деҳқончилик қилган. Биз қандай қиламиз бормасак у ёққа. “Молингни олиб чиқиб кет, биз бу ерга сетка тортиб, миналаштирамиз”, деяпти. Сетка тортиб,мина қўяр эканмиш. “Негалигини биз билмаймиз”, деяпти солдатлар,- дейди Равот чегара пости ёпиб қўйилгани боис ери ва қора моли қаровсиз қолганидан хуноб бўлаётган деҳқон аёл.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасига сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган, аммо ўзини таништирмаган ва овози ёзиб олинишини истамаган ўзбек дипломати “Чегарани ёпиб қўйиш қарори Ўзбекистон мустақиллиги байрамига ҳозирлик тадбирлари доирасида қабул қилинган”, дея жавоб берди.

Бироқ, равотликлар шу пайтгача, мустақиллик байрами кунларида ҳам, бошқа байрамларда ҳам чегарадан бемалол ўтиб келгани ва ҳеч қандай тўсиқ бўлмаганини айтди.

Равот деҳқон хўжалиги раиси Маъруф Мамадов, чегаранинг ёпилиши давлат сиёсатига ҳеч қандай дахли йўқ, бу шунчаки ўзбек чегарачиларининг ўзбошимчалидан бошқа нарса эмас, дейди.

- Бир минутда ҳал қилиш мумкин, бир минутда. Бунга катта раҳбар керак эмас. Ана шу иккита ҳарбий раҳбар керак томом. Иккаласи гаплашади “буларнинг йўли авалдан шу ердан эди, эски йўлда юраверади”, дейди тамом. Аввал ҳам шундай бўлган, дер экан Маъруфжон Мамадов, чегарадаги можаролардан кўпинча юқоридагилар бехабар қолаётганини қўшимча қилади.

Тожикистонлик деҳқонлар чегара ҳудудидаги вазъиятдан Сўғд вилояти, Конибодом шаҳар ҳукумати ва маҳаллий ҳукуматлар расмийларини огоҳлантиргани ва ўз навбатида масъуллар бу масала ҳафта сўнгигача ҳал қилинишига ваъда берганларини маълум қилди.

- Агар эртагача натижа бўлмаса олтмиш, етмишта одам чиқади. Ўша ерга тўпланади-да яна ҳамма,- дейди Маъруф Мамадов.

Икки давлат ўртасида виза тартиби 2000 йил бошидан амал қилиб келмоқда.

Ўтган 20 йил мобайнида чегараларни делемитация ва демаркация қилиш Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро комиссия аъзолари иш олиб бораётган бўлса-да, бу масала охиригача ҳалбўлгани йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача икки қўшни давлат ўртасида чегараларни демаркациялаш ва делемитациялаш ишларининг 70 фоизи бажарилган.

Қолган 30 фоизида ҳаётий муҳим объектлар жойлашгани ва анклав ерлар бўлгани сабабли томонлар ҳали бу борада бир битимга кела олмаётирлар.
XS
SM
MD
LG