Линклар

Қоғозда ун бору, дўконда йўқ

  • Садриддин Ашур

Georgia -- Farmer Guram Gelashvili, 54, inspects ears of wheat during harvest reaping near the village of Tsnori, some 120 km (75 miles) east of Tbilisi, 28Jun2011

Georgia -- Farmer Guram Gelashvili, 54, inspects ears of wheat during harvest reaping near the village of Tsnori, some 120 km (75 miles) east of Tbilisi, 28Jun2011

Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда ун ишлаб чиқариш 143 фоизга ошди. Ўзбекистонда буғдойдан рекорд ҳосил олинган ва ун ишлаб чиқариш қарийб бир ярим бараварга ошган бўлса-да, маҳалла қўмиталари аҳолига жон бошига қараб, килолаб ун тарқатмоқда.


“Ўздонмаҳсулот” ҳиссадорлик ширкати ҳисоботига кўра, сўнгги бир йил орасида тармоқ бўйича 44 та инвестицион лойиҳа кўриб чиқилади. Ушбу лойиҳаларнинг 20 таси 2011 йилда амалга ошириш режаланган.

Шунингдек, ҳисоботда ярим йилда омухта ем ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичга нисбатан 113 фоизни, нон ва нон маҳсулотлари 230 фоизни, макарон маҳсулотлари 105 фоизни ташкил этганлиги айтилади.

Агар “Ўздонмаҳсулот”га кўра, ун ишлаб чиқариш ярим йилда қарийб бир ярим бараварга ошганини назарга олсак, бундан ўзбекистонликларнинг унга бўлган талаби ошибди-да, деган тасаввур пайдо бўлиши мумкин.

Лекин Тошкентлик 41 яшар завод ишчиси Абдуғофир Солиевнинг айтишича, пойтахтдаги дўконларда маҳаллий ун кўринмай қолганига бир неча йил бўлган:

- Мен 7-8та магазинларни айланиб чиқдим. Умуман Ўзбекистон уни йўқ. Сўрасам, ҳатто ҳайратланишади. Ўзбекистон уни анча йилдан бери умуман йўқда. Маҳалла орасида бўлган магазинларда ҳам умуман йўқ. Бир пайтлар кўрардим. Ўшанда ҳам оз келарди. 1,5 тоннача келарди лимитли, шу бўйича кетарди,- дейди Абдуғофир Солиев.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги дўкондор тадбиркорлардан бири исми ошкор этилмаслиги шарти билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун сотувга чиқарилмай қўйганини тасдиқлади.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган унлар магазинларда йўқ. Магазиндан ташқари ҳолатда маҳаллаларда бир ойда бир марта ë беради, ë бермайди. У ҳам қиммат. Қопи 30 минг сўм. Қозоғистон уни магазинларда бор, бир килоси 1600 сўмгача. Лекин Ўзбекистоннинг ўзиники йўқ.

Тадбиркор буғдой ҳосили йиғиштириб олинганига қарамасдан, маҳаллий уннинг сотувга чиқмаётгани сабабини тушуниш қийин, дея қўшимча қилади. Лекин буғдойнинг ўзи бозорда 1500 сўмдан сотилмоқда, дейди у.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи 52 ёшли Ўрол аканинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун дўконларга келиб туради, бироқ аҳоли уни кам харид қилади. Аҳоли учун энг қулайи, маҳаллалардаги кичик тегирмонларда тортилган маҳаллий буғдой, дейди у:

- Мана қозоқнинг уни бор, Россиянинг уни бор, Ўзбекистоннинг уни шу “Шўрчи” билан “Алпомиш” чиқиб туради, оз-моз бор. Ҳозир пули борлар қозоқ унини харид қилади. Қозоқ уни жуда ҳам сифатлида. Пули йўқ энди иложсиз "Алпомиш"ни ҳам олаяпти. Лекин яхши эмасда. Мен ҳам яқинда 56 мингга олдим. Яхши эмас. Қотиб қоладида. Бир кунда қотиб қолади. Таъми ҳам яхши эмас. Россия билан қозоқники зўр,- дейди сурхондарёлик Ўрол ака.

“Ўздонмаҳсулот” ширкати вакили Озодликнинг ҳисоботда кўрсатилган ун қай тарзда сотувга чиқарилмоқда, деган саволини жавобсиз қолдирди. Жавоб олиш учун саволларингизни ёзма юборинг деди давлат ширкати расмийси.

Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришганини айтиб келади. Ўзбекистонда буғдой етиштириш ва уни ишлаб чиқариш фақат ҳукумат монополиясида бўлганлиги учун ҳам бу мустақилликнинг аҳоли эҳтиёжлари учун аҳамияти йўқ, дейди мутахассислар.

Ўзбекистонликлар маҳаллий ундан яхши нон ёпиб бўлмаслигини айтадилар. Мутахассисларга кўра, бу буғдой фақат чорва учун озуқага ярайди.

Бундан ташқари аксарият ун ишлаб чиқариш комбинатлари собиқ иттифоқ даврида қурилган бўлиб, улар реконструкцияга муҳтож.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган сурхондарёлик тадбиркорнинг айтишича, у 2002 йилда, Туркиядан ўша пайтдаги нархи 200 минг доллар турадиган тегирмон сотиб олиб, уни Узун туманида қуришга тушади. Тегирмон битганидан сўнг, у буғдой сотиб олиш учун “Ўздонмаҳсулот” АКга мурожаат қилади. Бироқ, унга мамлакат ички бозоридан буғдой сотиб олишга рухсат берилмайди. Тадбиркор, хориждан буғдой олиб келишда ҳам бир қанча тўсиқларга учрагани, бу соҳа ҳукуматга яқин одам томонидан тўла назорат қилинишини билгандан сўнг, ноиложликдан минизаводни ўша ҳукуматга яқин одамлардан бирига тенг ярим нархида сотиб юборганини айтди.

Андижонлик кузатувчи Жаҳонгир Қосимов ҳам буғдойни қайта ишлаш учун Ўзбекистонда корхоналар етишмаслигини айтар экан, бу соҳа монополия эканлигига бошқа бир мисол келтиради:

- Бундай вазият Андижон вилоятида ҳам кузатилган. Тадбиркор бор Ойбек Шамсиддинов деган. Шу тадбиркор 2002-2004 йиллари Андижон туман ҳудудида ун ишлаб чиқарадиган завод қурган, Америка билан қўшма корхона сифатида. Лекин завод қурган билан дон маҳсулотларига лицензия ололмаган. Ўздонмаҳсулот у билан шартнома тузмаган. Кейин у донни Қозоғистондан келтиришни бошлаган. Дон маҳсулотларини олиб киришга Ўзбекистонга импорт солиқ қўйилган. Бож олинган. Натижада қопламаганда. Мисол учун, 500 сўмдан олган буғдойига яна 500 сўм тўлаши керак бўлган. Завод ўзини оқламагани учун ҳозирги кунда бу завод қоп ишлаб чиқаради,- деди андижонлик кузатувчи Жаҳонгир Қосимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG