Линклар

Сохта никоҳлар ёки сотилган муҳаббат


Россия фуқаролигини олишни истаган ўзбекистонликлар учун бировнинг муҳаббатини сотиб олиш ягоан йўл бўлиши мумкин.

Россия фуқаролигини олишни истаган ўзбекистонликлар учун бировнинг муҳаббатини сотиб олиш ягоан йўл бўлиши мумкин.

Россияда сохта никоҳлар ёрдамида мамлакат фуқаролигини олиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Озодлик мухбири билан суҳбатлашган сохта келин ва куёвлар бунинг минг-бир йўли ҳақида гапириб берди.


Аввал пулини олиб, кейин севиб қолдим


Россиянинг Ленинград вилояти Волосов туман прокуроратураси Ўзбекистон фуқароси Россия фуқаролигини олиш мақсадида волосоволик рус аёл билан сохта никоҳдан ўтганини аниқлади.

Ўз хизмати эвазига бу аёл ўзбекистонликдан 5 минг рубл олган, дея маълум қилди Озодликка Волосов прокуратураси ходими Андрей Логвинович. Бу қонунбузарликни исботлаш қийин, дейди у.

- Афсус, бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Аёл “Менга ҳақиқатан аввалига пул беришди, лекин кейин мен уни севиб қолдим”, дегани учун жавобгарликка тортилмади. Ўзбекистонлик эса Россиядан чиқариб юборилади. Афсуски, бундай жиноятлар учун қонунчилигимизда ҳеч қандай жавобгарлик кўзда тутилмаган. Қонунчилигимиз мукаммал бўлмагани боис бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Биз исботлай олсак фақат фирибгарлик учун жавобгарликка тортишимиз мумкин,- дейди Волосово прокуратураси ходими.

Лекин амалда, сохта никоҳ учун ҳозиргача бирор киши жавобгарликка тортилганини билмайман, дейди прокурор.

Ленинград вилоятининг Волосово туман суди никоҳдан ўтганлар бирга яшамаганликлари, оила қуриш ниятлари бўлмагани ва никоҳ пул эвазига тузилган, деган хулоса билан никоҳ шартномасини бекор қилди.

Андрей Логвиновичнинг сўзларига кўра, бу прокуратура аниқлаган мингдан бир ҳолатдир.

Ёлғон никоҳ хориж фуқаросига Россияда 3 йил давомида яшаш ҳуқуқини, яъни легаллашиш имкониятини беради.


Фирма кафолатлайди

Бугун Россия фуқаролигини олиш ниятида юрган муҳожир қалбаки никоҳдан ўтиш муаммо эмасга ўхшайди: Рус Интернетида қалбаки никоҳ таклифлари ҳақидаги турли-туман эълонларга тўлиб-тошнган.

Бу “таклиф”ларда кўрсатилган телефон рақамларидан бирига қўнғироқ қилиб, эълонни берган Виктория исмли петербурглик "қаллиқ" билан гаплашдик.

- Сизга Россия фуқаролиги керакми? Мен 70 минг рубл сўраяпман ва хоҳ эртага ЗАГС бўлимига боришга тайёрман! Биз биргаликда ЗАГСга ариза топширамиз ва, адашмасам, бир ойдан кейин никоҳдан ўтамиз. Кейин фуқаролик учун тегишли ҳужжатларни йиғишни бошлайверасиз. Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома сизда қолади. Оқибатлари учун хавотирланмасангиз ҳам бўлади: бизда Россияда қалбаки никоҳ учун ҳатто маъмурий жавобгарликка тортилмайди,- деб Волосово прокурорининг сўзларини тасдиқлади масаланинг юридик томонларини яхши биладиган “сохта келин” Виктория.

Яна бир таклиф - Исроил фуқаролигини олиш ниятида бўлган аёлларга мўлжалланган. Собиқ фарғоналик Вагит исмли йигит Исроилда паспорт олиш мураккаблигини ҳисобга олиб нархи ҳам шунга яраша эканини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Бу масала кўп вақт талаб этади. Шунинг учун менга 50 мингдан 100 минг долларгача пул берасиз, яшаш жойи ва бошқа масалаларни қўшиб ҳисоблаганда. Фуқароликни олиш учун жами 5 йил кетади. Вақтинчалик яшаш ҳуқуқини эса бир йил ичида танишларим орқали қилиб бераман. Аёл тарафдан менга фақат паспорт ва Исроилга расман кириб келиши керак, ҳолос. Гап шундаки мен оғир касалман, менга пул керак, қанча умрим қолганини ҳам билмайман, шунинг учун тезлаштиришингизни сўрайман. Бу вақт ичида биз бирга яшашимизга тўғри келади, расмларга тушишга, ресторанларга боришга, қўшнилар билан танишишга. Мен ўзим ҳам, тўғриси, 10 йил олдин сотиб олганман фуқароликни,- дейди ўзини Вагит деб таништирган исроиллик “куёвлардан” бири.

Москвада автомобил савдоси билан кўпдан бери шуғулланиб келадиган тожикистонлик Ниёзали ҳам Россияда фуқаролик олишнинг барча усулларини обдон ўрганиб чиққан. Шунга қарамасдан у мутлақо қонуний йўл билан Россия фуқаролигини олиш арафасида эканини айтади.

- Россияда 3 йилда “фиктивний брак” билан гражданство олиш мумкин. Бу йўл билан 3 йилда паспорт оласиз. Агар қонуний йўл билан истасангиз Қирғизистон фуқароларига 3 ойда, тожикларга 5 йилда берилади российский паспорт.

Сотиб олса ҳам бўлади


Россияда яшаб, ишлаётган марказий-осиёликлар учун эса, алвон рангли паспорт кўп нарсани ҳал қилади.

- Кўчада юришга, асосан мелисаларга қарши. Регистрация қилмасдан юраверасиз. Ишга киришга осон,- дейди Ниёзали.

Ниёзали ўзбекистонликлар Россия фуқаролари билан никоҳ қуришдан бошқа ҳолатларда фуқароликка умид қилмасалар ҳам бўлади, дейди.
Лекин буни бошқа бир-иккита йўл билан ҳам амалласа бўлади, дея қўшимча қилади Ниёзали.

- Сотиб олиш, квота орқали қонуний йўл билан, уй сотиб олиш. Уй сотиб олсангиз ўша ерга пропискага қўйиб фуқаролик олишга асос бўлади. Москвада 200 минг берасиз, олти ой давомида паспортингизни оласиз. Бошқа чет жойларда, масалан Тверь шаҳрида, 90 мингга олти ойда паспорт таклиф қилишяпти. Кейин, қонуний квота процедураси орқали ўзингиз югуриб олсангиз 20 минг рубл кетади, лекин 5 йилда оласиз. Россияда фуқаролик олишнинг энг арзон ва осон йўли сотиб олиш бўляпти. Доғистонда осон бўляпти паспорт олиш. Масалан, Махачкаладаги бир танишимнинг паспорт столидаги ўртоғи 30 минг рублга қилиб бераман, дебди. 3 йил ичида қизил паспортни қўлига беради,- дейди Россия фуқаролиги олиш бўйича "мутахассис" Ниёзали.

Санкт-Петербургдаги “Синтон” психология маркази келтирган маълумотга кўра, Россияда ҳар бешинчи никоҳ сохта тарзда расмийлаштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга сохта “келин-куёвларнинг” нархи 3 мингдан 300 минг долларгачани ташкил қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG