Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:24

"Қишлоғимни айтишга қўрқаман, лекин ўлимга тайёрман"


Тингловчиларимиздан бири газ йўқ қишлоғи номини айтишга қўрқишини, аммо мухолифат лидерларидан бири учун ўлимга тайёрлигини айтди.


Жанубий Кореяда ишлаётган самарқандлик йигит кечагина оиласи билан гаплашгани, яқинлари қишлоқда газ ҳам, электр энергияси ҳам йўқ эканлиги тўғрисида айтиб берганини айтди.

"Яқинларингиздан эшитганларинингизни айтиб беринг, зора туман ҳокими қишлоғингиздаги аҳволга эътибор бериб қўйса", дедик.

"Қишлоғимнинг номини айтишдан қўрқаман, яқинларимга гап тегиб қолади", деди.

Майли унда, дедик.

Қишлоғининг номини айтишга қўрққан самарқандлик тингловчимиз ўзбек мухолифати лидерларидан бири учун ўлимга ҳам тайёр эканлиги тўғрисида баёнот қилмоқчи эканлигини, баёнотини Эркин микрофонда эшиттириб қўйишимизни сўради.

- Бундай баёнотни бермаймиз, -дедик. -Ўзига айтинг,- дедик.

"Қишлоғингизда газ йўқлигини айтишга қўрққан одам қандай қилиб ўлимга тайёрман, деябсиз", деб ҳайрон бўлдик.


"Обид қори ёмон эмас"

Тошкентлик бир тингловчимизни Эркин микрофонга мурожаат қилишга Обидхон қори Назаров билан радиомиз ўтказаётган видеосуҳбатлар ундабди.

Озодлик: Ўзингизни таништирасизми?

- Йўқ.

Озодлик: Марҳамат, нима демоқчисиз?

- Аввало сизларни Рамазон ойи келгани билан табриклайман. Сизларга омад тилайман. Радиода Обид қори ака билан маърузани йўлга қўйибсизлар. Хурсанд бўлдим. Айтмоқчи бўлганим, Обид қорини Ўзбекистон ичида жуда ëмон қилиб кўрсатишади. Лекин Обид қори ëмон эмас. Шу эшиттиришни йўлга қўйиб яхши қилибсизлар деб айтмоқчи эдим.

Озодлик: Нима деб сифатлашади Обид қори акани Ўзбекистон телевидениесида?

- Террорист, экстремист, энди телевизорда Обид қори тўғрисида бераëтган нарсаларни кўрсангиз, ундан ëмон одам йўқ дейсиз-да.

Озодлик: Сиз қори аканинг қавми бўлганмисиз?

- Йўқ, мен Обид қорининг маърузаларини эшитганман.

Озодлик: Тўхтабойвачча мачитида-а?

- Йўқ, менга бир-иккита танишларим беришган. Обид қори ака маъруза қилган пайтларида мен ëш бола бўлганман. Худога шукур қўлимизга тушди, шу аканинг маърузаларини эшитиб одам жуда ўзига керак нарсаларни олади демоқчиман. Шунга иложи бўлса, кўп-кўп суҳбатлашсанглар. Биз ҳам савол берсак. Кўп маърузалар қилса демоқчи эдим, - дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.


"Мулкимни талашди"

2010 йил июнида Ўшда юз берган фожеа хабарларга қараганда, ҳануз давом этмоқда.

Эркин микрофонга қўнғироқ қилган яна бир тингловчимиз Ўш вилоятининг Новқат туманидан.

Мана эшитинг.

- Мен Дадажонов Ғофуржон. Ўш вилояти, Новқат шаҳриданман. Мен телефон қилганимнинг сабаби ўтган йили бизда ўзбек-қирғиз миллати ўртасида жанжал чиққанлиги сабабидан менинг шахсий мулким бўлган ерни қирғиз миллатидаги одамлар эгаллаб, шу кунгача менинг бор мулкимни ўғирлаб, талаб чиқиб кетишди.

Озодлик: Новқатда бўлмаган эдику унақа воқеалар.

- Менинг нимамда бўлди.

Озодлик: Улар эгаллаб олган мулк қанақа мулк?

- Улар эгаллаган мулкни 10 йил олдин бир ташкилотдан олди-сотди шартномаси асосида сотилган 3 гектар 10 сотих ер.

Озодлик: Фермермисиз? Деҳқончилик қилармидингиз?

- Мен олган ер ташландиқ, хароб эди. Мен уни турдириб, шахсий жамғармадан сарф қилиб, у ерда меҳнат қилиб боғ яратган эдим. Шу ер кўзга кўриниб, чиройли боғ бўлиб, энди ҳосил беришни бошлаганда, ўтган йил миллий низодан фойдаланишиб, қирғиз миллатидаги одамлар кириб, ўша ердаги бор мол-мулкимни ўғирлаб чиқиб кетишди. Шу кунда мен солган уйда иккита хўжалик яшаб турибди. Мен бу ҳақда кўп марта ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат қилдим. Аввалига менинг аризамни қабул ҳам қилишмади ўзбеклигим учун. Кейин қабул қилдию, аммо ҳеч қанақа амалий ëрдам кўрсатилмаяпти.

Озодлик: Сиз ўзингиз “менинг уйимни бўшатиб қўй” деб бордингизми?

- Мен жуда кўп бордим. Мен борсам, у ерда менга нисбатан “Сени ўлдириб юборамиз. Сенинг бу ерда яшашга ҳаққинг йўқ. Бу энди сенинг боғинг эмас. Ҳатто яшаб турган уйингда ҳам яшашга ҳаққинг йўқ. Сени ўлдириб юборамиз. Сен Ўзбекистонда яшашинг керак” деган гапларни қилишаяпти.

Озодлик: Ҳуқуқ-тартибот органлари бир ëзма жавоб бердими сизга?

- “Сизнинг ишингиз ҳозир судда кетаяпти. Суд охирига етгандан кейин судга бериб келтирилган зиëнни ундириб олишингиз мумкин” деб томоша қилганга ўхшаяпти-да.

Озодлик: Ҳазиллашганга ўхшаб денг.

- Шунақа қилишаяпти, -дейди новқатлик Дадажонов Ғофуржон.


"Қишлоғимизни Россия боқаяпти"

Яна бир тингловчимиз Қашқадарёдан қўнғироқ қилди. Нодир деган чўпон йигит экан. "Қишлоғимизни Россия боқаяпти", деди. Гап нимадалигини дарров тушундик. Қишлоқдошлари Россияда мардикорликда юрганини айтаяптида. Кўпга келган тўй, дедик. Янги гап эмас, дедик.

Қашқадарёда бу йил қурғоқчилик, чўпон экансиз, чорвангиз омонми, деб сўрадик.

Нодирбек озуқанинг қимматлаб кетганидан бошлади гапни.

- Қурғоқчилик бўлди. Бир кило сариқ ем 1200 сўмга чиқиб кетди.

Озодлик: Ўтган йил неча пул эди?

- 300 сўм эди. Уч баробар кўтарилиб кетди.

Озодлик: Сиз кимнинг чорвасини боқасиз?

- Битта бойники.

Озодлик: Қанча қўй-мол боқасиз?

- 100та қўй боқаман, - дейди қашқадарëлик чўпон Нодирбек.

Вилоят бўйлаб чорвага қирон келган йилда Нодирбек чўпоннинг қўйлари омон қолди. Чунки қўйларнинг эгаси бой одам. Ем-хашакнинг қимматлигига қарамай чорвасини сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпти.


"Президентнинг қарорларига амал қилинглар"

Гулистон шаҳридан Эркин микрофонга қўнғироқ қилган тингловчимиз куни кеча сиз тингловчи эътиборига ҳавола қилинган Бўка туманида ҳибсга олинган диндорлар тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди.

- Мен Гулистон шаҳридан Маҳмуд акаман. Бўкадаги диний нима билан қамалган бештасига муносабат билдирмоқчи эдим. Ҳозирги бизнинг давлатимизнинг сиëсатига қараганда маҳалла оқосоқллари, маҳалла раислари ўзининг фуқароларини ҳимоя қилсин деган президент қарори бор. Шунга ўшаларнинг қариндош-уруғлари, оғайнилари, ҳамқишлоқларига мурожаат қилмоқчиман. Президентимизнинг шу қарорларига амал қилишиб, қишлоқ аҳли шуларни қутқариб олса. Улар ваҳҳобий бўлмаса, Ҳизб ут-Таҳрир бўлмаса, ўшаларни қутқариш керак. Аҳоли чиқсин. Ëрдам берсин ўшаларга. Милициялар энди званиесини ошиириш учун любой одамни олиб бориб қамайверади-да.

Озодлик: Сиз Бўкада қамалганларни маҳалла оқсоқоллари бориб, чиқариб олсин, озодликка чиқарсин деяпсиз. Шу бугунги шароитда шунинг имкони борми йўқми? Сиз Австралиядан ëки Африкадан телефон қилаëтганингиз йўқ. Сиз мана Гулистонданман деяпсиз. Сиз айтган ишнинг имкони борми йўқми?

- Албатта борда. Қонун борку. Халқнинг ўзи қаттиқ турса, эришса бўлади. Қонунни талаб қилиш керак. Халқимиз содда халқ, ўз ҳақ-ҳуқуқини умуман билмайди. Одам куйиб кетасан аëлларнинг йиғлаганларини эшитиб. Қаттиқ туриш керак-да. Жамоа бўлиб, қариндош-уруғ бўлиб чиқиш керак.

Озодлик: Сизнинг қўшнингизни ваҳҳобий деб олиб бориб қамаб қўйса, сизнинг кучингиз етадими бўшатиб чиқаришга?

- Нега етмас экан? Мен шу даражада ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қиламанки, агар қонун билан бўлмаса кучим билан ҳал эта оламан любой ишни.

Озодлик: Ўзингиз ҳақингизда қўшимча маълумот бера оласизми?

- Мен ишсизман-да. Бекорчиман.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 57да, -дейди гулистонлик Маҳмуд ака.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG