Линклар

Рус блоггерлари будан сўнг интернетдаги сўнгги эркин минбардан ҳам мосуво бўлиши мумкинлигидан хавотир қилмоқда.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев ёшларнинг "экстремистик" ғояларга эргашиб кетиши олдини олиш учун интернет тармоғи устидан назоратни кучайтириш зарурати ҳақида сўзлади.

Нургалиевга кўра, бугунги ёшлар худди авваллари бўлгани каби бир севимли қўшиқ теграсида бирлашаётгани йўқ, аксинча, Россия ҳудудидан туриб фаолият юритаётган 7 ярим мингдан ортиқ экстремистик руҳдаги вебсайтлар таъсири остида қолган.

- Бу масалада асосий эътибор ёшларга қаратилиши лозим. Ёшлар ташқи таъсирга кўпроқ берилувчандир ва айнан уларнинг қўли билан нисбатан ваҳший ва ўта шармандали жиноятлар содир этилмоқда. Биз ёшларимизни бундан ҳимоя қилишимиз керак, - деди Россия Ички ишлар вазири.

Кейин эса вазир жаноблари бу мақсад йўлида ёшлар интернет тармоғидан нималарни эшитаётгани, ўқиётгани ва кўраётганини аниқлаш учун кўп вақт сарфлашга тўғри келишини ҳам айтиб ўтди.

Айнан шу гап Россияда ишлаётган айрим блоггер, журналист ва интернетдаги ижтимоий тармоқларда фаол бўлган россияликларни чўчитиб қўйди.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда Россиядаги бугунги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазиятга оид очиқ фикр-мулоҳазалар билдирилиб келгани боис Ички ишлар вазири айнан шу тармоқларни назарда тутгани ҳақидаги хавотирлар тилга олинмоқда.

Аммо, Нургалиев интернетдаги айнан қайси тармоқлар ҳақида гап бораётганини айтмади ва у Россияда интернет устидан назоратни кучайтириш таклифини илгари сурган энг юқори мартабали расмий бўлмоқда.

Айни кезда Нургалиевнинг бу баёноти интернетдаги LiveJournal тармоғида ўз блогига эга бўлган президент Дмитрий Медведев яқиндагина қилган баёнотларга ҳам мутлақо зид келмоқда.

Россиядаги Agentura сайти муҳаррири, Россия махсус хизматлари фаолияти бўйича эксперт Андрей Солдатов фикрича, Ички ишлар вазирининг бу баёноти ортида 2012 йилнинг март ойига режалаштирилган парламент сайлови олдидан тайёргарлик мақсади турибди.

Бундан ташқари, Россия куч ишлатар тузилмалари гўёки мавжуд экстремизм хавфи олдини олишга хизмат қиладиган махсус тузилмани ташкил қилишни ҳам кўзалмоқдалар, деб ҳисоблайди Андрей Солдатов.

Россиядаги таниқли шарҳловчилар мамлакат ҳукуматининг экстремизмга қаратилган қонунчилигини ўта ноқис, деб танқид қилмоқдалар ва бунинг ҳукуматга ёқимсиз бўлган исталган шахсга нисбатан қўлланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Россиялик таниқли блоггер ва шарҳловчилардан бири Антон Носсик, жумладан, шундай дейди:

- Экстремизмга қарши курашиш учун олдин унга тўлиқ аниқлама бериш керак. Бугун эса бундай аниқлама йўқ. Агар Адлия вазирлиги расмий сайтидаги 800 дан ортиқ экстремистик материаллар рўйхатига қарасангиз, у ерда 200 - 300 йил аввал ўлиб кетган муаллифларнинг асарлари рўйхатини топишингиз мумкин. Ёки YouTube тармоғига қўйилган ва муаллифи ким экани мутлақо номаълум бўлган видео ролик ҳамда аудео материалларни кўришингиз мумкин. Яъни, бу шунақанги курашки, у билан Россия Ички ишлар вазирлиги вақт, маблағ ва маъмурий ресурсларни бекорга сарфламоқда, холос, - деб ҳисоблайди россиялик таниқли блоггер Антон Носсик.

22 июл куни Норвегияда содир бўлган террор хуружидан сўнг Россия президенти мамлакатда вазирликлараро комиссия тузишга кўрсатма берган.

7 йилдан бери Россия Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган собиқ КГБ зобити, 54 ёшли Нургалиев бу комиссия раҳбари этиб тайинланган.
XS
SM
MD
LG