Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:38

Тожикистон бозорларида қимматчилик


Келгуси ойда Тожикистонда ойлик ва нафақалар 30 фоизга оширилади, аммо бу қарор кучга кирмай туриб, бозорларда нарх 30 фоизга ошди.

Расмийлар Тожикистон президентининг янги қарори аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида қабул қилинганини айтмоқда.

“Бироқ президент қарори ва ундан кўзланган мақсад амалга ошмай туриб, республика бозорларида озиқ-овқат, мева, полиз экинларининг нархи осмону фалакка чиқди”, дея шикоят қилди душанбелик Муборакхон ая.

-100 сомоний (20 АҚШ доллари,- таҳр.) пенсия оламан, у ҳеч нарсага етмайди. Бозорлар қиммат. Гўшт 27 сомоний ( 5,5 доллар - таҳр.). Гўшт емаймиз. Бирор марака қилсак мажбур оламиз. Бугун марака қиламан, гўштга келдим, қиммат, - дейди нафақахўр Муборакхон ая.

Мустақил кузатувчилар бозорларда нархларнинг ошишига бир томондан ойликларнинг ошиши ҳақидаги қарор, бошқа томондан эса Рамазон туртки бўлганини айтмоқда.

Кузатувчиларнинг айтишларича, одатда тужжорлар кўпроқ фойда кўриш учун айнан Рамазон ойи ва байрам кунларида нархни сунъий равишда ошириб юборади.

Рамазон арафасида Душанбе шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев бозорлардаги нархлар масъуллар томонидан назорат қилиб турилишини ва нархни сунъий оширганлар эса маъмурий жазога тортилишини айтган эди.

“Бироқ гап бошқа, амал бошқа”, дейди бошқа бир суҳбатдошимиз Нодира Ашурова

- Мевалар роса қиммат, узум, шафтоли, нок икки ярим, уч сомоний бўлиши керак. Биз 10 сомоний ( 2,5 доллар- таҳр.) дан олаяпмиз. Ҳаммаси ўзимиздан чиқади, Хитой ёки бирор мамлакатдан олиб келинаётгани йўқ. Айни пишиқчиликда меваларни арзон қилсин. Эрим йўқ, битта ўзим уч етим катта қилаяпман. Яшаш, шароит роса қийин, ўйлаб ўйимга етмайман, - дея зорланади Нодирахон.

Душанбе шаҳридаги Шоҳмансур бозори расталарини айланиб, нархларни кузатар эканммиз, бозор Рамазон арафасидагига нисбатан анча қимматлагани гувоҳи бўлдик.

Ўз навбатида бозордаги деҳқонлар ҳам сотувчилар ҳам нархларнинг ошишига мамлакатда доллар курсининг ошганини сабаб қилиб кўрсатди.

Бундан бир ой аввал 1 АҚШ доллари Тожикистон бозорларида 4 сомоний 50 дирамдан сотилаётган эди. Бугун эса 1 АҚШ долларининг нархи 4 сомоний 80 дирамга тенглашди.

Тожикистон ун, ёғ, шакар каби асосий истеъмол маҳсулотларини ташқаридан импорт қилади.

- Унни, ёғни қиммат оламиз. Ўшанга қараб биз ҳам маҳсулотимизни қиммат қиламиз, мажбурмиз. Чунки ҳаражат қопламай қолади,- дейди деҳқон аёл Ойшахон.

Кўпчилик суҳбатдошларимиз озиқ овқат маҳсулотлари билан бир қаторда кийим - кечак, хусусан мактаб формаларига ҳам нарх анча сакраганини айтдилар.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 75 фоизи қашшоқликда кун кечиради.

“Бу йил кийим кечак бозорларида ҳам нархларнинг анча қиматлагани ортидан қўли калта оилалар 1 сентябр куни фарзандларини мактабга юбора олмасликлари мумкин”, дейди мустақил кузатувчилар.

Мана бир неча йилдирки Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги қашшоқлик билан курашиб келади. Турли хил дастурлар қабул қилинади, ойликлар, нафақалар оширилади. Расмий маълумотларга кўра, ўтган 20 йил ичида Тожикистонда нафақалар 75 марта оширилган.

Лекин шунга қарамай тўйиб овқат емаётган беш ёшгача болалар орасида ўлим ҳолатлари шундай омон-омон замонда ҳам қайдга олинаётгани кузатилади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатда коррупция, оша оғайингарчилик, давлат идораларидаги маҳаллийчиликка барҳам берилмас экан, бу яқин келажакда қашшоқлик даражаси пасамайди.
XS
SM
MD
LG