Линклар

Ўзбекистон Қирғизистонга сотилаётган газ нархини 14 фоизга кўтарди. Бироқ қирғиз ҳукумати аҳоли учун газ нархини кўтармасликка ваъда бермоқда.

Қирғизистон Энрегетика вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистон иккинчи ярим йилликда Қирғизистонга сотиладиган газ нархини 14 фоизга, пул ҳисобида эса 34,4 долларга қимматлатган.

Агар Қирғизистон 2011 йилнинг биринчи олти ойида минг кубометр газни 243 доллардан сотиб олган бўлса, иккинчи ярим йилликда 278 доллардан пул тўлайди.

Қирғизистон энергетика вазирлигига кўра, нархнинг кўтарилиши оқибатида ўзбек гази жам 2 , 5 миллион долларга қимматлаган.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати аҳолига берилаётган газ нархини оширмоқчи эмас. Ҳукумат “Қирғизгаз” ташкилотига 2.5 миллион доллар маблағни бюджет ҳисобидан ўтказиб беришини ва шу билан аҳолига бериладиган газ нархининг қимматлаши олди олинишини билдирди.

Энергетика вазирлиги эса Ўзбекистон ҳар уч ойда газ нархини ошираётганини ва 2011 йилгача гах нархи яна кўтарилиши мумкинлигидан аҳолини огоҳлантирди.

Аснода Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари ёз мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистонда сув танқислиги юзага келаётганини эсга олишиб, қўшни давлатлар билан газ, чегара ва бошқа муаммоларни ҳал этишда бу омилдан фойдаланиш зарурлигини таъкидлашмоқда.

- Бу каби муаммоларни ҳал этишда актуал муаммо бўлиб турган сув масаласидан унумли фойдаланишимиз зарур. Қўшни давлатлар бизга таалуқли муаммоли масалаларни ҳал қилса, биз ҳам уларга сув масаласида ёрдам кўрсатишимиз керак. Қирғизистоннинг собиқ президентлари давридагидек, қўшни давлатларга сувни яширинча сотилишига тўсиқ қўйишимиз лозим, - деди парламент депутати Бактибек Калмаматов.

Бироқ иқтисодчи олим Аилчи Сарибоев “Сиёсатчилар томонидан масаланинг бу тарзда кўндаланг қўйилиши қўшни давлатлар ўртасида иқтисодий уруш ҳолатини пайдо қилади”, деган фикрда.

Унга кўра, қўшни давлатларнинг газ ва нефт каби маҳсулотларига қарам бўлган Қирғизистон, ўз энергетик этиёжини барқарор таъминлаши учун энг аввало Ўзбекистон ва Қозоғистон олдида сув заҳираларидан ҳамкорликда фойдаланиш мажбуриятини олиши зарур.

- Бундан ташқари Марказий Осиё давлатлари ҳар бир иқтисодий масалани алоҳида-алоҳида муҳокама қилмасдан, комплексли тарзда муҳокама қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалани “Сен менга газни қимматлатсанг, мен сенга сув бермай қўяман” қабилида ҳал этишга чақириқ эса, сиёсатчилар даражасининг пастлиги ифодасидир, -дейди Айилчи Сарибоев

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG