Линклар

Ўшлик ўзбек тадбиркори мулкини қайтариш учун курашмоқда


Ўшлик ўзбек тадбиркорлар ўзларига нисбатан босим давом этаётганини айтишади.

Ўшлик ўзбек тадбиркорлар ўзларига нисбатан босим давом этаётганини айтишади.

Ўш қирғинидан сўнг мол-мулки тортиб олинган ўзбек тадбиркорлари мулкни суд орқали қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.

Ўш вилояти Новқат туманида яшовчи Ғофуржон Дадажонов ўн йил олдин “Қурувчи” ҳиссадорлик жамиятидан 380 минг сўмга ташландиқ ерни сотиб олади.

- Шу олган ерим ташландиқ , хароба ер эди. Ҳар хил тошлардан, ахлатлардан тозалаб, тупроқ олиб кириб, боғ қилиб меҳнат қилаётган эдим. 2010 йилдаги икки миллат ўртасидаги жанжалдан фойдаланиб, қирғиз миллатидаги одамлар бориб, шу ерни босиб олиб, ҳозирда бу боғда икки оила яшаяпмиз. Шу вақтнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилсам, олдининга ўзбеклигим учун арзимни қабул қилмади. Кейин қабул қилишди, лекин амалий ёрдам бўлмаяпти, -дейди новқатлик Ғофуржон Дадажонов.

Суҳбатдошимиз Қирғизистон Бош прокуратурасига, мамлакт президенти номига ҳам шикоятлар йўллаган. Бироқ бу аризалар яна Новқат туманига қайтарилган.

Ўн йил ичида ташландиқ ердан 3 гектарлик боғ қилган Ғофуржон ака бир йилдан буён ерининг ҳосилини бошқалар териб олаётганини ачиниб гапиради:

- Еримда минг тупдан ортиқ мевали дарахт бор. Хўжаликка керак бўладиган нарсаларим шу ерда эди. Бу нарсаларни ўғирлаб олиб чиқиб кетишди. Меваларни сотишиб, мол-қўйларига едиришиб юрибди, - дейди у.

Айни пайтда Новқат туман прокуратураси қўлида ернинг эгаси эканлигини исботловчи ҳужжатлар борлигини айтаётган Ғофуржон Дадажоновни ерга ноқонуний эгалик қилаётганида айбламоқда.

- Бизда текширув бўлган. Ер можароси суд тартибида ҳал қилинаяпти. Чунки бу ерни Ғофуржон Дадажонов ноқонуний сотиб олган. Бу ер ҳиссадорлик жамиятининг аъзоларига тегишли бўлган. Ҳиссадорлик жамияти раиси ноқонуний йўл билан сотган. Ҳозир унга нисбатан ҳам жиноий иш очилган, -деди Новқат туман прокурори Суюн Сатвалдиев.

Новқат прокурори ерни эгаллаб олмоқчи бўлганлар айни пайтда қурилиш ишларини тўхтатишганини ва мазкур ер масаласи суд тартибида ҳал бўлишини айтиб ўтди. Шунингдек, туман прокурори бу ҳолат юзасидан миллатчилик факти аниқланмаганини таъкидлади.

Яна бир ўшлик тадбиркор Ғулом Бегалиев айни пайтда ўзига тегишли мулкни қайтара олмай юрганини айтади:

- Менда суратхона ва “Гули ”кафеси бор эди. Улар алоҳида-алоҳида жойда эди, - дейди ўшлик тадбиркор Ғулом ака.

Ўш воқеаларидан сўнг мулкини сақлаб қолиш учун қирғиз дўстига ишонч қоғози ёзиб беради.

- Унга ўтказиб қўйганимдан кейин, умуман мулкнинг яқинига келтирмай қўйди,- дейди Ғулом ака.

Айни пайтда ўшлик тадбиркор ишонч қоғозини бекор қилганини, шунга қарамасдан кафе ва суратхонанинг янги эгаси расмийлаштиришга уринаётганини айтади.

- Вице мэрни олдига кирсам, “икковингизга ҳам йўқ қиламиз” деяпти. Мен йўқ жойдан тикласам, мендан олган танишим билан тенг қилиб, йўқ қилса. Бу рейдерлик, босиб олиш бўлаяпти-да,- дейди ўшлик тадбиркор Ғулом Бегалиев.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировга кўра, Ўшда эгалланиб олинган кафе ва ресторанлар ортида маҳаллий хукумат вакиллари туришибди.

- Агар улар бош бўлмаса, шаҳарда бўлаётган ишларни қандай билмай қолиши мумкин? Ўзбекларнинг ёнмаган, куймаган ресторанларининг хозирги эгалари бошқалар бўлди. Ҳаммасининг номини ўзгартиришди. Ўзларининг қирғиз одамларидан ишлатиб кўрди. Бўлмаганидан кейин яна ўзбекларни таклиф этишиб, ишсиз юрганлар ишлаб бераяпти, - дейди Равшан Гапиров.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўш воқеаларидан сўнг ўзбекларга тегишли бўлган кўп иншоотлар ва корхоналар тортиб олингани айтилиб келинади.

“ЎшТВ” телекомпанияси эгаси Ҳалил Худойбердиев бир йил олдин унинг ширкати шахсан Ўш мэри Мелис Мирзақматов томонидан куч билан тортиб олинганини маълум қилган эди. Ўш мэри эса бу маълумотни рад этиб, "Ўш ТВ" қонуний равишда сотиб олинганини билдирган.

Айни пайтда ўшлик депутат, тадбиркор Дилшод Мўминовга тегишли бўлган “Гулноза” ва “Қашқар” кафелари ҳам Ўш воқеаларидан сўнг титул миллат вакиллари қўлига ўтиб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG