Линклар

Европарламент раиси Ежи Бузеки Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенконинг ҳибсга олиниши ортида фақат сиёсий мотивлар яширинганини айтди.

Европарламент раиси Ежи Бузеки Киев судининг Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкони ҳибсда сақлаш тўғрисидаги қарорини сиёсийлаштирилган дея баҳолади.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон ва Еврокомиссиянинг Европа Иттифоқини кенгайтириш масаласига оид идораси бошлиғи Штефан Фюле қўшма баёнот чиқариб, Тимошенконинг ҳибсга олинишидан ташвиш билдирдилар.

АҚШ ҳам Тимошенконинг ҳибсга олиниши ортида сиёсий мотивлар яширган дея таъкидлади.

Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт ҳам Твиттир орқали хабар йўллаб, Тимошенконинг ҳибсга олинишини "улкан мамлакатнинг катта камчилиги" ўлароқ баҳолади.

Украина президентининг матбуот котиби Дарка Чепак матбуотга берган маълумотида президент Виктор Янукович собиқ Бош вазир Юлия Тимошенконинг ҳибс қилинишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва президент маҳкама жараёнига мутлақо аралашмаганини маълум қилди.

5 август куни Киев суди Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкони ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Суд ўз ҳукмида айбланувчи маҳкама чоғида гувоҳларнинг сўроқ қилинишига системали тарзда ҳалақит берганини сабаб қилиб келтирди.

Прокурор Лилия Фролова Тимошенконинг ҳибсга олинишини шундай изоҳлади.

- Судя Киреев уни жавобгар процессуал қоидаларга амал қилиши ҳақида кўп марта огоҳлантирди. Бу огоҳлантирувлар унга таъсир қилмади. У суд жараёнида ўзини жуда ёмон тутди. Суд ҳайъатига қарши таънали сўзлар гапириб келди,- деди Лилия Фролова.

5 август куни Украина Бош вазири Николай Азаров Тимошенкога қарши гувоҳ сифатида судда кўрсатма берган эди.

Тимошенко ҳибсга олинишидан аввал, суд танаффуси пайти журналистларга интервю бериб, айнан Азаровни ноўрин саволларга тутгани уни ҳибсга олинишига сабаб бўлгани ҳақида гапирди.

- Чунки мен Азаровга RosUkrEnergo компаниясидаги коррупцияга оид ноўрин саволлар бердим. Шундан кейин прокурор дарров шаҳарни тарк этмаслик ҳақидаги тақиқни, ҳибсга олиш билан ўзгартирди,- деди Тимошенко.

6 август куни Украина мухолифати Тимошенконинг ҳибсга олингани ортидан Украина парламенти - Олий Раданинг навбатдан ташқари йиғилишига тўпланишни режалаштираётгани маълум қилинди.

Киевда эса 5 август куни Тимошенконинг ҳибсга олинишга норозилик сифатида бошланган муддатсиз норозилик акциялари давом этмоқда.

Тимошенкога қўйилаётган айблов 2009 йилда Россия билан газ сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолагани билан боғлиқ. Терговчилар шартномада кўрсатилган нарх ҳаддан ташқари қиммат бўлганини айтмоқда.

Тимошенко Украина давлат бюжетига 190 миллион АҚШ доллари миқодорида зарар етказганликда айбланган. Агар айблов тасдиқланса, Тимошенко 10 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Шунингдек, агар айбдор топилса, Тимошенко кейинги йилдаги парламент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Тимошенко қонунга зид иш қилмагани, ўзига қўйилаётган айбловлар сиёсий мотивларга асослангани ва президент Виктор Янукович томонидан уюштирилганини таъкидлаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG