Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Сурия ҳарбийлари Дейр ал-Зор шаҳрини ишғол қилди


7 август куни Сурия ҳарбийларининг танклар ёрдамида Дейр ал-Зор шаҳрига қилган ҳужуми оқибатида камида 20 одам ҳалок бўлди.



Халқаро ҳамжамият президент Башар ал-Ассад режимидан зўравонликларни тўхтатишни талаб қилаётган бир пайтда Сурия қўшинлари мамлакат шарқидаги Дейр ал-Зор шаҳрини танклар ёрдамида ишғол қилди.

Воқеа гувоҳларига кўра, ҳукумат қўшинлари 7 август куни эрта тонгда тахминан 200 та танк ёрдамида шаҳарга бостириб кирган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолига кўра, ҳукумат қўшинлари шаҳарнинг тўрт томонидан бирданига ҳужум қилган ва айни пайтда Сурия армияси шаҳарнинг саккизта туманини ўз назоратига олган.

Сурия қўшинлари Дейр ал-Зорнинг саккизта туманини ўз назоратига олди.
7 август куни президент Башар ал-Ассад муҳолифат назоратида бўлган иккита шаҳарда ҳукумат кучлари ўз назоратини ўрнатганини маълум қилди.

Бу ҳақда эълон қилган САНА давлат агентлиги хабарига кўра, Сурия раҳбари намойишчиларга қарши қатоғонни давом эттиришини таъкидлаган.

Ал-Ассад намойишчиларнинг ҳаракатлари "қонундан ташқари" эканини айтиб, ҳукумат "ўз фуқароларининг хавфсизлигини ҳимоя қилиш мажбурияти" йўлида курашни давом эттиришини айтган.

7 август куни Суриянинг турли шаҳарларида ҳукумат қўшинларининг зўравонликлари оқибатида жами 47 киши ҳалок бўлган. Ҳомс шаҳридаги намойишларни бостириш пайти тўққиз киши, жумладан, бир бола ҳам қурбон бўлган.

Сурия қўшинлари 31 июл куни ишғол қилган ва айни пайтда ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйилган Ҳамадаги вазият ҳақида деярли маълумотлар йўқ.

Беш ойдирки сурияликлар Башар ал-Ассад истеъфосини талаб қилиб келмоқдалар.
Ҳукумат қўшинларининг фаол ҳаракатига қарамасдан Суриянинг деярли барча шаҳарларида президент Башар ал-Ассад истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган намойишлар давом этмоқда.

Сурия қўшинларининг Дейр ал-Зорни ишғол қилиши БМТнинг Башар ал-Ассад режимидан зўравонликларни тўхташини сўраган бир пайтга тўғри келди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия Президенти Башар ал-Ассад билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни тинч аҳолига нисбатан куч ишлатишни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

БМТ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Бан Ки Мун суҳбат давомида Суриядаги вазиятдан чуқур ташвишда эканлигини, зўравонликлар халқаро ҳамжамият хавотирига сабаб бўлаётганини билдирган.

Бан Ки Мун Башар ал-Ассаддан зўравонликларни зудлик билан тўхтатишни сўради.
Бан Ки Мун сўнгги уч ой давомида Башар ал-Ассад билан сўзлашишга ҳаракат қилиб келгани, лекин Сурия раҳбари унинг илтимосларига жавоб бермасдан келгани айтилмоқда.

4 август куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия ҳукумати ҳаракатларини қораловчи резолюция қабул қилган эди.

Мазкур ҳужжатда Сурия ҳукумати кучлари тинч фуқароларга нисбатан куч қўллангани ва қонунбузарлар жавобгарликка тортилиши кераклиги таъкидланган ва норозилик акциялари иштирокчилари ҳам давлат муассасаларига ҳужум қилишдан тийилишга ундалган.

7 август куни Туркия ҳукумати ҳам Суриядаги зўравонликларга жим турмаслигини эълон қилди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Анқара Суриядаги зўравонликларга ортиқ томошабин бўлиб тура олмаслигини маълум қилди.

Эрдўғонга кўра, сешанба куни Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довут ўғли Дамашққа йўл олади ва Туркия қўшни мамлакатдаги зўравонликларнинг кучайиб кетаётганидан "сабр косаси тўлгани" ҳақидаги хабарни етказади.

Суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, беш ойдан буён давом этаётган норозилик намойишлари пайтида жами 2000 га яқин одам ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG