Линклар

logo-print

Жаҳон иқтисоди янги бўҳрон қаршисидами?


Жаҳон биржаларидаги кўрсаткичлар бир ҳафтадан бери пасайишда давом этмоқда.

Жаҳон биржаларидаги кўрсаткичлар бир ҳафтадан бери пасайишда давом этмоқда.

Жаҳон иқтисоди янги синовларга юз тутди. Душанба куни Осиё қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги савдолар кўрсаткичларнинг тушиб кетиши билан бошланди. Бир томонда Қўшма Штатларнинг кредит рейтинги пасайгани, бошқа томондан Европада Италия ва Испаниянинг қарзлари билан боғлиқ вазият жаҳон иқтисоди яна инқирозга юз тутиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда.


Душанба куни Япония қимматбаҳо қоғозлар биржасининг асосий кўрсаткичи Nikkei кунни қарийб 1 фоизга арзонлашиш билан бошлади.

Бунинг ортида Жанубий Кореяда Коспей индекси 1,5 фоиз, Австралия биржасида S&P/ASX-200 кўрсаткичи 2,2 фоиз ва All Ordinaries қоғозлари 2,3 фоизга пастга кетди.

Европа Марказий банки облигацияларни сотиб олиш дастурини “фаол амалга ошириш”га тайёрлиги эълон қилди. Бу баёнот еврозонага кирувчи давлатлар, айниқса қарз ботқоғида чиқа олмаётган Италия ва Испания иқтисодларига бўлган ишончни ошириш илинжида қилинди.

Душанба куни, Катта Еттиликка кирувчи давлатлар расмийлари душанба куни қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги вазиятни муҳокама қилишни давом эттиришади. Якшанба куни уюшмага аъзо давлатлар расмийлари маслаҳатлашувлар ўтказиб, “молиявий барқарорлик ва ўсишни таъминлаш учун барча чораларни кўришни” ваъда қилди.

АҚШ ва Европадаги иқтисодий бўҳронлар шундоқ ҳам жаҳон молиявий бозоридаги вазиятга салбий таъсир ўтказиб турган бир пайтда, шанба куни Standard & Poor's молиявий ширкати Қўшма Штатларнинг кредит рейтингини ААА даражасидан бир поғона пастроққа АА+ кўрсаткичига туширгани саросимани янада кучайтириб юборди.

Иқтисодчилар мисли кўрилмаган бу ҳодиса, жаҳон молиявий бозорида янги даврнинг бошланишини англатади, демоқда. Улар фикрича, АҚШ кредит рейтинги пасайиши олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Seaport Securities молиявий ширкати таҳлилчиси Тэд Вайсберг “Биз бундай ҳодисани аввал бошдан кечирмаганмиз. Одамлар нимани кутиш кераклигини билмайди” деб ёзди ўз сайтида.

Айни пайтда CNNMoney ресурси “Ҳеч нарса рўй бермаслиги ҳам мумкин. Япония ўз рейтинги тушганида, бунинг узоқ муддатли оқибатлари бўлмаганига гувоҳ бўлган эдик. Кўпчилик АҚШдаги вазият ҳаммага яхши маълум бўлгани боис, рейтингнинг тушиши оқибатлари минимал бўлишини башорат қилмоқда”, дея ёзди.

Лекин баъзи таҳлилчилар фикрича, Standard & Poor's ширкатининг шунчаки рамзий, деб айтилаётган қарори АҚШ иқтисодига бўлган ишончга катта путур етказиши ва АҚШ долларини жаҳон валютаси мақомидан маҳрум қилиши мумкин.

Душанба куни Катта еттиликка кирувчи АҚШ, Германия, Британия, Япония, Франция, Канада ва Италия Молия вазирлари телефон орқали вужудга келган вазиятни муҳокама қилишни давом эттиради.

Фавқулодда музокаралар давом этаркан ҳам Европа, ҳам Америка расмийлари вазиятни назорат остига олиш бўйича етарли ва тезкор чораларни кўрмаганликда танқид қилинмоқда.

Душанба куни Хитой матбуоти АҚШ Конгрессидаги Демократлар ва Республикачилар Америка кредит рейтинги пасайтирилгани учун бир-бирини айблаш ўрнига муаммоларни ҳал этиш чорасини кўриши лозим, дея ёзди.

Хитойнинг давлатга қарашли Xinhua агентлиги душанба куни эрталаб эълон қилган мақолада: “Афсуски, ўз хатолари устида бош қотириб, муаммоларни ҳал этиш чораларни қидириш ўрнига Демократлар ва Республикачилар рейтингни пасайтириш тўғрисидаги қарорни шубҳа остига олмоқда ва бир-бирини айбламоқда”, деган кескин фикрларни эълон қилди. “Вашингтондаги шўх йигитлар яна муаммо чиқрмасдан олдин хўроз урушини тўхтатишлари лозим”, дейилади яна мақолада.

Вашингтоннинг ўзи ҳам АҚШ Конгресси вақтида ҳаракат қилмаганини тан олмоқда. Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни Демократлар ва Республикачилар дефолтнинг олдини олиш мақсадида АҚШ давлат қарзи миқдорини ошириш муросаси устида узоқ баҳслашиб қолди, дея баён қилди.

Таҳлилчилар Европадаги бўҳрон юзасидан ҳам, ЕИга кирувчи давлатлар раҳбарлари узоқ вақт давомида бўҳрондан чиқиш йўлларини қидиришни пайсалга солиб келганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG