Линклар

Аласания: Саакашвили путинлашмаслиги керак


Михаил Саакашвилининг кейинги ҳаракатларидан келгусида унинг ҳам ҳокимиятни қўлда ушлаб қолишга уринишини тахмин қилгувчи экспертлар сафи кенгайиб бормоқда.

Михаил Саакашвилининг кейинги ҳаракатларидан келгусида унинг ҳам ҳокимиятни қўлда ушлаб қолишга уринишини тахмин қилгувчи экспертлар сафи кенгайиб бормоқда.

Грузия-Россия урушидан 3 йил ўтиб экспертлар Грузия келажагининг қай ўзандан бориши ҳақида тахмин қилмоқдалар.

2008 йилнинг август ойида бўлиб ўтган қисқагина урушдан сўнг Москва Грузиядаги икки айирмачи ўлка - Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат, деб тан олган эди ва ҳануз шу позициясида қатъий қолмоқда.

Тбилиси ўшанда ҳам¸ ҳозир ҳам бу икки ўлкани Грузиянинг ажралмас қисми, деб келмоқда.

Бу масала чигаллиги боис томонлар ўртасида ҳамкорлик келажаги ҳам мавҳум қолмоқда.

Ўтган ҳафта аввалида Россия Бош вазири Владимир Путин Жанубий Осетияда Россияга қўшилиш имкони борлиги ҳақида гап очганидан сўнг вазият янада чигаллашди.

5 август кунги интервюсида Россия президенти Дмитрий Медведев бу борада берилган саволларга жавобан тўғридан-тўғри ишорат қилмаган бўлса-да, аммо у ҳам бу имконлар эшигини очиқ қолдирди.

- Ҳозирча бунинг учун қонуний шарт-шароитлар йўқ. Албатта, келажакда бўладиган воқеаларни олдиндан айтиб бўлмайди. Воқеалар исталган ўзанда ривожланиши мумкин. Аммо ҳозирги вазиятда бунинг учун на ҳуқуқий ва амалдаги шароит йўқ¸ деди Медведев.

Европа Иттифоқи воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга зид эканига қарамай Россия уч йил ичида икки ўлкага ўз қўшинларини киритди¸ назоратни кучайтирди.

Президент Медведев эса Абхазия ва Жанубий Осетия билан муомала учун Божхона иттифоқи ташкил қилиш тўғрисида Давлат Думасига топшириқ берди.

Шунга қарамай, Грузиядаги сиёсатчи ва таҳлилчилар айни шу можаро мамлакат сиёсатчиларини ҳушёр тортишга, турли хавфли иллиюзиялардан воз кечиб, узоқ муддатли стретегияларни ишлаб чиқишига туртки бўлди, деб ҳисобламоқда.

Тбилисидаги Илия Давлат университети профессори Жига Задания Россиянинг асл мақсади нафақат шу икки айирмачи ўлка, балки Грузиянинг ўзига тўсқинлик қилишга қаратилган, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, Россия Грузиянинг замонавий, ғарбона ва демократик йўлдан ривожланишини истамайди.

- Россиянинг мақсади Грузия отлиқ лойиҳага қаршилик қилишдир аслида. Мен Грузияни замонавийлаштиришга қаратилган лойиҳани назарда тутаяпман. 2003 йилдан буён Грузияни замонавий, нормал фаолият юритаётган давлатга айлантириш ҳаракати бошланган бўлса, шундан буён Россия бунга қаршилик қилиб келмоқда, - деб ҳисоблайди грузиялик таҳлилчи.

Таҳлилчи фикрича, бу мақсадга ҳали етилгани йўқ ва Грузиядаги аксарият бу муаммонинг ечими учун узоқ фурсат кераклигини яхши англаб турибди.

Задания Россия билан урушдан сўнг сиёсий вазиятни яхши англаган грузияликлар НАТОга аъзолик ҳам узоқ муддатли жараён экани ва бунинг натижаси кўпроқ Грузиянинг сиёсий қарорларига боғлиқлигини ҳам яхши англаб етди, деб ҳисоблайди.

Грузия Миллий Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2008 йилдаги уруш даврида Мудофаа вазири ўринбосари бўлган Бату Кутелиа ҳозир Грузия кўпроқ ўз кучига ишонган, ўзи бажариши мумкин бўлган мақсадларгагина йўналган, деб ҳисобламоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Грузия ташқи провокацияларга чалғимай, асосий эътиборини ўзининг демократик ўтиш жараёни ва кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратган.

Ҳозир Грузия жамоатчилиги диққат марказида 2012 йилнинг мартига белгиланган парламент сайловлари турибди.

2008 йилда Грузиянинг БМТдаги элчиси бўлган Иракли Аласания парламент сайловларидан сўнг мамлакат нисбатан ҳурфикр парламентга эга бўлиши ва сиёсий баҳслар кўчадан парламентга кўчишига ишонч билдирди. Шунингдек, у 2013 йилда бўладиган президентлик сайлови ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини эътироф этади.

Айни пайтда Грузияда Михаил Саакашвили ваколатлари кенгайтирилган бош вазирлик лавозимини эгаллаб, яна ҳокимиятни ўз қўлида тутиб қолишга интилиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Бундай хавотирлар заминида асос борлигини эҳтимолдан соқит қилмаган Аласания бу ҳаракат 2008 йилда шу йўл билан ҳокимиятда қолган Путиннинг ҳаракатларидан айни кўчирма бўлган бўларди ва бундан Грузия демократиясига катта зарар етади, деб ҳисоблайди.

- Ҳозир биз Грузиянинг сўнгги 25 йиллик тарихида илк бор содир бўлиши кутилаётган — тинч йўл билан сайлов орқали ҳокимият алмашинуви юз берганидан сўнг Саакашвилининг путинлашувига йўл қўймаслигимиз зарур, - деб ҳисоблайди Аласания.
XS
SM
MD
LG