Линклар

Душанбедан янги қонун бўйича изоҳ сўралмоқда

  • Гулнора Равшан

6 августдан кучга кирган қонун 18 га кирмаган болаларнинг масжидга боришини таъқиқлайди.

6 августдан кучга кирган қонун 18 га кирмаган болаларнинг масжидга боришини таъқиқлайди.

Тожикистонлик ўсмирларнинг масжидга киришини таъқиқловчи қонун Ислом ҳамкорлик ташкилотини ҳам ташвишга солди.

“Ислом ҳамкорлик ташкилоти Тожикистондаги тегишли тизимларга мурожаат этиб, бу борада изоҳ беришни сўради”, дейилади мазкур ташкилотнинг 7 август куни ёйинланган баёнотида.

6 август куни кучга кирган “Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги қонун аввалроқ бошқа бир қатор ғарб ташкилотларининг ҳам танқидига учраганди.

Шанба куни ҳукумат нашри саналган “Жумҳурият” газетасида “Фарзандлар тарбиясида ота оналар масъулияти тўғрисида”ги қонуннинг тўла матнини чоп қилди.

Рамазон ойининг иккинчи куни президент Имомали Раҳмон томонидан имзоланган қонун 18 ёшга тўлмаган тожикистонлик фуқароларнинг шаҳвоний, зўравонлик, экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга бўлган филмларни томоша қилишини, шу мазмундаги рўзнома, журнал ва варақаларни интернет ёки мобил телефонлар орқали тарқатишини таъқиқлайди.

Шунингдек, қонуннинг 8-бандига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган тожикистонлик фуқаролар диний ташкилотлар, диний хусусиятга эга сиёсий партиялар фаолиятида қатнашишлари, масжидда намоз ўқишлари ҳам маън қилинди.

Янги қонуннинг ана шу банди тожик жамияти ва бир қатор халқаро нуфузли ташкилотлар, сиёсий партиялар кескин норозилигига сабаб бўлди.

“Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси президент Имомали Раҳмон ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан ўтган эди.

Ўшандан кейин Тожикистон парламенти томонидан тасдиқлаган қонун тожикистонлик дин уламолари, сиёсий партиялар, халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси, эронлик исломшунослар ва ниҳоят Ислом ҳамкорлик ташкилоти танқидига учради.

Қонуннинг кўпчиликка ёқмаган жиҳати мусулмон болаларга масжидда намоз ўқиш таъқиқлаб қўйилгани бўлмоқда.

Хўш, иқтисодий оғир вазиятни бошдан кечираётган Тожикистон ҳукумати ички ва ташқи босимлар ортидан янги қонунга ўзгартиш киритадими? Акс ҳолда, мамлакат ичкарисида иқтидордаги ҳукуматга норозилик кайфияти кучайиши мумкинми?

Бу саволга жавоб берган Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров Тожикистон мустақил давлат сифатида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлади.

- Биринчидан, бирор-бир давлат ёки ташкилот, жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг давлатимиз ички ишлари билан иши бўлмасин. Иккинчидан, парламентда халқ вакиллари ўтиради. Улар давлат ва халқ манфаатларини назарга олган ҳолда, ана шу қонунни қабул қилди. Бизнинг давлатимиз бирор шахс, давлат ёки ташкилот хоҳишини назарга олиб қарор қабул қилмайди ва қарорини ўзгартирмайди ҳам, - деди Стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сафаров.

Айни пайтда Сайфулло Сафаров “Тожикистонда қонунлар догма эмас”лигини ҳамда “келажакда унинг аҳоли турмуш тарзи ва кундалик ҳаётига таъсири ўрганилиб, баъзи қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши ҳам мумкин”лигини ҳам қўшимча қилди.

Мустақил таҳлилчилар эса Тожикистон қонунларига кўпроқ жамиятдаги айрим гуруҳлар манфаатлари назарга олинган ҳолда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкинлигини урғулайдилар.

Аснода, маҳаллий таҳлилчи Сокин фикрича, қонунларнинг халқ манфаати учун ишламаётгани фуқароларнинг ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини кучайтиришга хизмат қилади.

- Ҳозир бизга шу нарса керак эмас эди. Ижтимоий оғир бир вазиятда халқимиз ўз ёғига ўзи қоврилиб ётганда, ҳамма ерда қимматчилик, турмуш оғирлашиб кетаётган пайтда яна бир ташвишнинг ҳечам кераги йўқ эди. Бундай ўйламай босилган қадам раҳбариятга нисбатан турли хил фикр мулоҳазалар, норозиликларни келтириб чиқариши турган гап, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Сокин.

Бироқ тожикистонлик расмийлар янги қонун мамлакат миллий хавфсизлиги учун, жамиятда радикал гуруҳларнинг фаоллашининг олдини олиш учун хизмат қилишига заррача шубҳа қилмаяптилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG