Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

Наманган ҳокими гўшт нархини туширмоқчи бўлди


Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархи кескин кўтарилган бир пайтда Наманган ҳокими нархни буйруқ билан туширишга уринди.


Наманган ҳокими Баҳодир Юсупов ўтган ҳафта вилоятдаги 600 га яқин қассобни йиғиб, уларга гўшт нархини тушириш, бозорда 17-20 минг сўмдан сотилаётган мол гўштини 12-14 минг сўмга сотишни тавсия қилди.

Наманган вилояти ҳокимиятининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича масъулларидан бири шундай учрашув бўлганини тасдиқлади.

Лекин, ҳокимият расмийсига кўра, гўшт нархини тушириш ташаббуси қассобларнинг ўзларидан чиққан.

- Беш-ўнта катта-катта қассоблар ҳамкасбларига шундай мурожаат қилишди, нарх-навони меъёрида ушлаб туриш бўйича. Байрамга ўз ҳиссамизни қўшайлик, деб бозордан холис нархда мол олиб, сўйиб кўришди.

Нархи ўртача 14 мингдан тушди. Қўй гўштини ҳам ўртача нархини келишиб, аҳдлашишди-да. Ҳозир энди шаҳарда шу нархларда сотаяпти, бир-икки ғаламислар кўтарвормаган бўлса, - дейди Наманган ҳокимлиги расмийси.

Лекин ҳоким қандай буйруқ бермасин¸ бозордаги нархни талаб ва эҳтиёж белгилайди - наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, бозорда гўшт ҳали ҳам 17-21 минг сўм атрофида сотилаяпти.

- Ҳеч қачон қассобларни улуғ айём кунида гўштни нархини туширайлик¸ деганини кўрмаганман. Фалон нарсани фалон нархда сотгин¸ деб бўлмайди. Бу бозор, бозор буни ҳал қилади. Мана ҳозиргина келиним бозорга тушди, мол гўшти суяклиси 17 минг, лаҳм гўшт 21 минг сўм, -дейди наманганлик журналист.

Ўзбекистон гўшт нархида ҳатто Европа давлатларини ҳам ортда қолдирди.

Масалан, Чехия пойтахти Прагада бугун супермаркетларда бир килограмм суяксиз гўшт нархи 7,5-8 доллар, шариат қоидалари бўйича махсус дўконларда сўйилган мол гўштнинг ўртача нархи эса 10 АҚШ долларга тўғри келади.

Прагадаги шундай дўконларда қассоблик қиладиган андижонлик Рустамжон Ўзбекистонда гўшт нархи ошгани сабабларини шундай изоҳлайди.

- Оддий деҳқончилик, фермерлик хўжаликлар бугунги кунда қисқариб кетган. Мана мен Чехияда юрган бўлсам¸ бу ерда битта ҳайвонга 1-10 гектар ер ажратилади. Биздачи десангиз, ҳозир пахта эк, у қил бу қил деб, ҳайвонларни етиштириш учун имконларни етарли бермаган. Шунга ҳайвонлар бугунги кунда қимматлаб кетган. Ҳайвон қиммат бўлса, қассоб нима қилсин? Аслида қассоблар устига кўп қўймайди, нари борса икки минг қўяди”, - дейди Рустамжон.

Бир пайтлар Андижонда қассоблик қилган Рустамжон вилоят раҳбарлари томонидан гўшт нархини мажбурий тартибда туширишга уринишлар авваллари ҳам бўлгани, аммо бир неча кун ўтар-ўтмас нарх-наво илгаригидек юқори даражасига чиққанини эслайди.

- Махсус ярмарка қилиб арзон гўшт келтириб сотган, бизни клиентларни ўлдириш учун. Лекин буни бир кун қилади, икки кун қилади, таги бўлмаса яна нарх кўтарилади-да", - дейди Рустамжон.

Наманганликларнинг айтишларича, бир неча кун илгари Наманган шаҳрида гўшт дўконларида ҳатто гўшт йўқолиб қолган. Маҳаллий қассобларга кўра, бўрдоқи мол нархи баландлигидан мол сўйиб, гўштини ҳоким белгилаган нархда сотишдан зарар кўришлари мумкин бўлган, шунинг учун мол сўйилмаган.

Жорий йилнинг май-июл ойларида гўшт нархи республика бўйича кескин кўтарилди. Пойтахт бозорларида бир килограмм гўшт 20-22 минг сўмдан, супермаркетларда эса 25 минг сўмдан сотиляпти.
XS
SM
MD
LG