Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

АҚШ иқтисоди инқирозга юз тутса¸ Ўзбекистон иқтисоди авж оладими?


Uzbek question
Uzbek question

Ҳафтанинг саволи айнан шундай шаклланиши бежиз эмас, албатта.


Аввало, жаҳон иқтисодиётига доир энг сўнгги хабарлар:

Шанба куни Standard & Poor's молиявий ширкати Қўшма Штатларнинг кредит рейтингини ААА даражасидан бир поғона пастроққа АА+ кўрсаткичига туширгани жаҳон бўйлаб молиявий бозорларда саросимага сабаб бўлди.

Германия Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Николя Саркози бир ҳафтадан бери жаҳон бўйлаб давом этаётган иқтисодий қийинчиликлар фонида тезкор чораларни кўришга чақирди.

Дунё етакчиларининг вазмин бўлиш ҳақидаги чақириқларига қарамай, Осиё биржаларидаги кўрсаткичлар тушишда давом этмоқда.

Токиодаги биржалар кўрсаткичи 2 фоиздан ортиққа, Ҳонгконгда эса 4 фоизга пастлади.

Айрим таҳлилчилар яқинда жаҳон бозорлари 2008-2009 йиллардагидан кучлироқ молиявий инқирозни бошдан кечириши мумкин, дея башорат қилмоқдалар.

Мана шу хабарлар пайдо қилди бугунги саволни. АҚШ иқтисодиёти инқирозга юз тутса Ўзбекистон иқтисодиёти авж оладими?

Саволнинг нима учун айнан шундай шаклланганини яна изоҳлаш зарурати бор.

Гап шундаки, жаҳонда 2008 йили бошланган молиявий-иқтисодий бўҳрон расмий Тошкент фикрича, Ўзбекистонни четлаб ўтган, боз устига президент Каримов фикрича, мамлакат раҳбарияти жаҳон иқтисодиёти инқирози шароитида бутун дунёга намуна бўлгудай даражада фаолият юритган.

Ўзбекистон раҳбари 2009 йили ҳатто “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари”, деган китоб ҳам ёзган эди.

Бас, Ўзбекистон раҳбарияти инқироздан чиқиш масалсида китоб ёзиш даражасида уддабурро экан, жаҳон биржаларида давом этаётган саросимадан қўрқмаса ҳам бўлади.

Лекин биз ҳар эҳтимолга қарши баъзи ўзбекистонликларга савол билан мурожаат қилишга қарор қилдик: АҚШ иқтисодиёти инқирозга юз тутса Ўзбекистон иқтисодиёти авж оладими?

Мухтасар сўровимизда иқтисодчи олимлар ҳам, молиявий-иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи мутахассислар ҳам, иқтисодиётдан узоқ кишилар ҳам иштирок этди.

Хайрулла Ҳикматов, Тошкент шаҳар Ачаобод маҳалла оқсоқоллар кенгаши раиси:

- Бизларнинг ўзимизнинг йўлимиз бор.
Иқтисодиëтда барқарорликни ушлаб туриш учун бизларнинг ўтказаëтган чора-тадбирларимиз бор президентимиз бошчилигида. Қанақа қилиб бизларга таъсир қилади уники? Қилмайди таъсир бизларга. Бизларнинг ўзимизнинг йўлимиз бор. Мана президентимиз бошчилигида бизларда барқарор ушлаб туриш учун қанча чора-тадбирлар кўрилаяпти. Халқимиз ишониб, уверенний ҳаракат қилаяпти.

Маъруфжон Абдураҳмонов, фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси:

- Ўзбекистон иқтисодиëти 20 йил қанақа ўсган бўлса, худди шундай давом этаверади,
деб ишониш мумкин. Чунки юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов энг охирги инагурация пайтида ўзбекистонликларга шунақа мурожаат қилиб, “Мен умримнинг охиригача халқимга хизмат қиламан” деганлар. Демак, авваллари қандай Ўзбекистонни муваффақият билан олиб юрган бўлсалар, худди шундай муваффақият билан олиб юришда давом этаверадилар. Халқимиз ҳам иқтисодиëтда, ўзи умуман ижтимоий-сиëсий ҳаëтда қандай ўзгаришлар бўладиган бўлса, буларнинг ҳаммасига ўрганиб қолганлар ва буни самимийлик, босиқлик билан қабул қилаверадилар.

Навбатчи, Арнасой туман ҳокимлиги:

- Ака, мен навбатчиманда бу ерда.
Обедга кетган эди, ҳозир келиб қолиши керак. Навбатчиманда мен ака бу ерда.


Дилором Исҳоқова, Тошкентдан “Бирдамлик” ҳаракати аъзоси:

- Ўзбекистон иқтисодиëти қоғозда аллақачон кўтарилиб кетган.
Бундан кейин ҳам кўтарилаверади. Бизда нимаики ижобий бўлса, ҳаммаси қоғозда ва Каримовнинг асарларида, Олий Мажлис ва Сенатнинг ҳисоботларида, чиқишларда ҳамма нарсамиз кўтарилган ва жуда зўр. Лекин аслида унинг мутлақо акси. Кундан кунга ҳамма томондан иқтисодий аҳвол ëмон. Бундан кейин ҳам, менимча, ҳеч ўнгланмаса керак. Бу ҳам ўзимизнинг билган эски, совет давридан қолган қулоққа лағмон осиш, сафсатадан бошқа нарса эмас. Энг қизиғи ким учун гапирилаëтганини ҳам билиб бўлмайдиган сафсата. Чунки ҳамма билади бунақа эмаслигини. Гапитраëтган Каримовнинг ўзи ҳам, ўшанга атаб китоб ëзаëтган Каримовнинг ўзи ҳам билади аслида шундай эмаслигини.

Абдусалом Эргашев, фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси:

- Агар АҚШ жуда чуқур иқтисодий инқирозга юз тутадиган бўлса, ҳеч қачон Ўзбекистон бундан ривожланиб кетмайди.
Чунки Ўзбекистон якка ўзи изоляцияда қолган давлат эмас. Ўзбекистон ҳам мана 20 йилдан бери, агар сиëсатчиларимизнинг, давлат раҳбарларининг гапи рост бўладиган бўлса, дунëвий интеграцияга қараб интилиб келаëтган мамлакатлардан бири. Агар шу иддао тўғри бўладиган бўлса, Американинг чуқур глобал инқирози Ўзбекистонга ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатади деб ўйлайман.

Баҳодиржон, Самарқанд вилояти истеъмолчилар жамияти:

- Мана ҳозир биласиз Тадбиркорлик йили деб белгиланган.
Шунга асосан ҳозир ҳамма тадбиркорларга кенг имконият берилаяпти. Янги технология киритиш, мана иш жойларини ташкил қилиш, сифатли товарлар ишлаб чиқариш ва умуман аҳолининг ҳаммасини ишга жалб қилган ҳолда кўпроқ шу соҳада чиқади деб ўйлайман-да.


Мўътабар Аҳмедова, Тошкентдан геолог-олим:

- Америка иқтисодининг инқирозга юз тутиши ëки унинг инқироздан чиқишининг Ўзбекистон халқига, халқни мен назарда тутиб гапираман, ўзбек халқига ҳеч қанақа алоқаси йўқ.
Ўзбек халқи 20 йилдан бери инқирозда яшайди. Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий даражаси ҳақиқатан давлатлар ичида энг юқори. Фақат ҳукумат аъзоларининг, ҳаммасининг эмас. Каримов раҳбарлигидаги юқори лавозимдаги ҳукумат аъзоларининг иқтисодий юксалиши жуда юқорида. Аммо ўзбек халқи бутунлай инқирозли ботқоққа ботиб бўлган.

Комилжон, Наманган вилояти бизнес маркази:

- Бу сафар ҳам инқироз бўлмайди Ўзбекистонда.
Чунки биз мустаҳкаммиз. Қанақадир мустаҳкам бўлиб бўлдик-да¸ ака. Бировга қарам умуман йўқда. Ўзга давлатдагилар кўра олмаяптида. Шунақа мустаҳкам бўлдикки, унча-мунча нима буза олмайдида. Аҳиллик холос.

Расулжон Абдумажидов, наманганлик иқтисодиёт фанлари номзоди:

- Йўқ, икковининг ҳеч қандай бир-бирига боғлиқ ери бўлмайди.
Иқтисодий қонунлар бор. Ҳар бир мамлакатнинг тутган тузуми, сиëсати, экономикасида ўзига яраша қонунларнинг ҳаракати бўлади. Америка 13,5 триллион бюджетга эга мамлакат. Ўзбекистонда 5 миллиард холос. Филнинг олдида пашша дегандай гап. Шунинг учун унинг бунга таъсири бўлиши мумкин ҳам эмас. Иккинчидан, Америка жуда ваҳима қилганидай инқирозга учраши қийинроқ нарса. Капиталнинг вивози деган нарса бор. Ташқарида ҳам капиталлари ҳаракатда туради. Шунинг учун бутунлай Ўзбекистонга ўхшаб ëки кичкина Қирғизистонга ўхшаб инқироз халқнинг турмушига жуда катта таъсир ўтказа олмайди.

Карим Тошев, Бухоро вилояти савдо-иқтисодий палатаси информацион таҳлилий маркази:

- Американинг валютаси бутун дунëда ишлатилади.
Улар қаторида биз ҳам. Энди биз дунë ҳамжамиятига, мана БМТ бор, бошқа ташкилотлар бор, барчасига аъзомиз. Америка билан ҳам савдо-сотиқ қиламиз. Шартномаларимиз бор, бошқаси бор. Унчалик сезиларли даражада бўлмаса ҳам қанақадир таъсири бўлади барибир. Чунки бутун дунëнинг иқтисодига таъсири кўрсатилиши учун ҳам шунчалик ваҳима бўлиб кетди. Шулар қаторида бизларнинг четда қолмалигимиз табиий ҳол.

Шерзод Қорабоев, Фарғона вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси:

- Энди дунë иқтисодиëти битта масала, мамлакат иқтисодиëти иккинчи масала.
Энг асосий ижтимоий сўров ўтказаяпсиз экан. Ижтимоий томондан мен жавоб берадиган бўлсам, аввало шахснинг иқтисодиëти, оилавий иқтисодиëт биринчи ўринда туради. Ҳамма нарса шундан келиб чиқадию. Агар боридан тежаб-тергаб фойдаланиладиган бўлса, ҳар битта оилада иқтисод тўғри йўлга қўйилса, ўша шахс яшаëтган ҳудуд, ана ундан кейин ўша мамлакат иқтисоди бақувват бўлади. Иқтисодиëтдан албатта ўзимизнинг имкониятларимиз билан чиқиб кетишимиз мумкин.

Фотима Абдумуслимова, Тошкентдаги Донишманд маҳалла оқсоқоллар кенгаши раиси:

- Мен Худо хоҳласа ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда. Худо хоҳласа яхшилаб ҳаракат қилиб меҳнат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси жойида бўлади. Шу пайтгача яхши бўлиб келган бу ëғига ҳам яхши бўлади Худо хоҳласа.

Алишер Бобожонов, “Ўзинтеримпекс” давлат ҳиссадорлик ташқи савдо компанияси:

- Прямой таъсир қилмайди.
Бизларники кўтарилади. Чунки бизларники стабилний. Бизларда внешний заимствование йўқ, внешний кредит йўқ. уларга боғлиқ жойимиз йўқ масалан. Ҳозир дунë бозорида нарх кўтарилганку. Фақат пахта эмас бошқа нарсалар ҳам ошган. Буғдойни қарасангиз, мисни қарасангиз.

Раис, Тошкент шаҳар Ракат маҳалласи:

- Кўтарилади. Бизлар ишонамиз кўтарилади.

Озодлик: Шу ишончингиз нимага асосланади?

Нимага асосланиши керак?

Озодлик: Бирор нарсага ишонар экансиз, сизнинг ишончингиз масалан ...

Бунақа нарсани телефонда гапирмайди-да. Бу ëққа келсангиз, записни бу ëқда қилсангиз бўлади. Идорага келинг, мана шу ерда гаплашамиз.

Сапарбой Жубаев, Ўзбекистон банклари ассоциацияси департаменти собиқ раҳбари:

- Саволингизнинг Америкага оид қисмига жавоб беришим осонроқ.
Чунки ҳамма информациялар етарли, ҳар бир ечимларини бутун жаҳон билади. Американинг иқтисодиëти тушаëтгани йўқ. Американинг иқтисодиëти барқарор. Лекин Америкада сиëсий кураш кетаяпти. Келаси йилги президентлик сайловига тайëргарлик кетаяпти. Бу дегани Американинг инқирози дегани эмас. Сиëсий ўйиннинг озгина натижаси.

Энди Ўзбекистонга келсак, албатта Ўзбекистоннинг иқтисоди экстенсив даражада ўсиб бораверади. 20-40 фоиз эмас 5-10 фоиз атрофида ўсиш бўлади. Лекин энди унга баҳо бериш қийин. Чунки статистик маълумотларимиз йўқда. Йўқ нарсага баҳо бериш қийин. Мен яқинда Ўзбекистонда бўлиб келдим. Тўғри қурилишлар кетаяпти, 20 йил мустақилликка тайëргарлик кетаяпти, ишлар кўп қилинаяпти. Шу ишларнинг ҳаммасининг ҳажми ўтган йилги билан солиштирганда, умумий ишлаб чиқариш, хизматлар, ўтган йилгига қараганда 5-6 фоиз юқори бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG