Линклар

Лондон ва Бирмингемда давом этаётган тартибсизликлар Англиянинг учинчи шаҳрига кўчди. Сешанбага ўтар кечаси Ливерпулда ҳам ёнғин ва талон-тарожлар рўй берди.

Душанба куни Лондоннинг Ҳэкни, Пекҳам ва Люуишам туманларида тартибсизликлар уюштириб, дўконларни талон-тарож қилаётган ва асосан ёшлардан иборат оломонга қарши полиция кучлари чиқарилди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Лондонда уч кундан бери давом этаётган тартибсизликлар юзасидан фавқулодда мажлисда иштирок этиш учун таътилдан қайтишга мажбур бўлди.

Полиция аллақачон 200 дан зиёд одамни қўлга олди. Шанба кундан бери давом этаётган зўравонликларда 35 га яқин полициячи жароҳатланди.

BBC ёш йигитлар дўконлар ойналарини синдириб, ичидаги молларни олиб қочаётгани туширилган тасвирларни кўрсатди. Тартибсизлик иштирокчилари полициячиларга қарата тош, шиша ва бошқа нарсаларни ҳам отишди. Британия пойтахтининг Кройдон туманида катта ёнғин чиқди.

Бу Лондонда кейинги 30 йил ичида рўй берган энг йирик тартибсизликлар экани айтилмоқда. Бунга Тоттенҳэм туманида полиция билан отишма пайтида 29 ёшли йигитнинг ҳалок бўлгани сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG