Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:24

Жаҳон биржаларида саросима давом этмоқда


Қўшма Штатларнинг кредит рейтинги пасайтирилиши ортидан жаҳон бўйлаб қимматбаҳо қоғозлар бозори кўрсаткичлари ҳам тушиб кетди.

Душанба куни АҚШ биржаларидаги кўрсаткичлар кейинги 9 ойдаги энг паст даражага тушди.

Standard & Poor's агентлиги ўтган жума куни АҚШ ҳукумати қарзлари рейтингини пасайтирган эди.

АҚШ қимматбаҳо қоғозлар бозорининг асосий кўрсаткичи Dow Jones Industrial 634 пункт, яъни 5,5 фоизга пасайиб, кунни 10809 пункт билан якунлади. Dow Jones ўтган йил ноябридан бери биринчи марта 11000 пунктдан пастроққа шўнғиди ва бу 2008 йил декабридан буён бир кун ичида кўрилган энг йирик йўқотиш бўлди.

Уолл Стритдаги йўқотишлар Европа, Осиё ва Лотин Америкасидаги таназзулга уйғун бўлди.

Нью Йорк биржасида душанба куни нефт нархи 5,57 АҚШ долларига арзонлашиб, кунни ҳар бир баррел учун 81,31 АҚШ доллари кўрсаткичи билан якунлади. Бу ҳам ўтган йил ноябридан бери энг паст кўрсаткич бўлди. Айни пайтда олтин 61,4 АҚШ долларига қимматлашди ва янги тарихий рекордни уриб, бир унцияси 1713 АҚШ долларига баҳоланди.

АҚШ Президенти Барак Обама Standard & Poor's агентлиги рейтингни пасайтирганидан бери биринчи марта бунга муносабат билдириб, Америка сармоялар учун энг хавфсиз мамлакат бўлиб қолишини, унинг обрўсига путур етганига Демократлар ва Республикачилар ўртасидаги сиёсий тортишувлар сабаб бўлганини таъкидлади.

- Аслида биз дефицитни қисқартириш бўйича пухта ўйланган ва узоқ муддатли режани ишлаб чиқишимиз лозимлиги тўғрисида рейтинг агентлигининг хулосаси шарт эмасди. Бу нарса ўтган ҳафта, ўтган йили, мен Оқ уйга келганимда ҳам маълум эди. Рейтинг агентлиги сўнгги бир неча ой давомида Вашингтонда кузатилган тортишувлар конструктив бўлмаганини айтиши ҳам шарт эмасди, - деди Обама.

Жума куни Standard & Poor's молиявий ширкати Қўшма Штатларнинг кредит рейтингини ААА даражасидан бир поғона пастроққа АА+ кўрсаткичига туширди.
XS
SM
MD
LG