Линклар

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг навбатдаги музокаралари бошланди.

Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати раиси ўринбосари Таалайбек Адашпасов билдирди.

- 2011 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларни аниқлаш жараёни қайта жонланди. Ҳозирги кунда музокаралар Қадамжой туманида олиб борилмоқда. Аммо давлатлараро комиссия ҳамма масалаларни ҳал этиш салоҳиятига эга эмас, чунки чегарада ҳукумат раҳбарлари даражасида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар бор, - деди Таалайбек Адашпасов.

Қадамжой туманида музокаралар бошланиши арафасида чегаранинг айнан мана шу қисмида бир қатор жанжаллар бўлиб ўтди.

Қирғиз тарафининг билдиришича, 1 август куни Ўзбекистон томони Сўх анклавидаги чегара пунктини ёпиб қўйган, бунинг натижасида Боткен вилоятининг айрим қишлоқлари аҳолисининг туман ва вилоят марказларига бориши қийинлашган. Шундан сўнг қирғиз қишлоқларида яшовчи аҳоли Сўх анклавига борувчи йўлни тўсиб қўйган. Бунга жавобан эса сўхликлар қирғиз қишлоқларига сув бермай қўйган.

Ўзбекистон томони эса мазкур воқеа юзасидан ўз билдирувини тарқатган. 9 августда ёйинланган бу маълумотда айтилишича, Қирғизистон тарафи 1 май куни Сўх чегарасидаги “Газпром” чегара пунктини бир томонлама равишда ёпиб қўйган.

“Ўзбекистон томонининг кўплаб илтимосларига қарамай, уч ой мобайнида мазкур чегара пункти очилмади. Шу муносабат билан 1 август куни Ўзбекистон томони ҳам “Девайрам” чегара пунктини ёпишга мажбур бўлди”, дея билдирилади Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитаси тарқатган баёнотда.

Бу жанжал 6 августгача давом этган. Ниҳоят қирғиз ва ўзбек томони оқсоқоллари, маҳаллий ҳукумат вакиллари ва чегарачилар иштирокида ўтган учрашувдан сўнг қирғиз томони Сўх йўлини очган, ўзбек томони эса қирғиз қишлоқларига сув бера бошлаган.

Қирғиз расмийларига кўра, чегарадаги бундай жанжалларга барҳам берилиши учун чегарани аниқлаш жараёнини тезроқ якунлаш керак.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳам, президенти ҳам қирғиз тарафи билан учрашувларда чегарани тезроқ аниқлаб олишга чақириб келган. Тошкент бу масалани ўн йилдан бери кун тартибига қўйиб келади, бироқ қирғиз тарафи чегара муаммосини ҳал этишга эндигина жиддий киришди, - деди Қирғизистон парламенти депутати, Қирғизистон чегара хизматининг собиқ раҳбари Тўқўн Мамитов.

Бироқ мустақил таҳлилчи Роберт Авазбеков фикрича, чегара аниқланиши билан чегара ҳудудларидаги низоларнинг олди олинади, деб ҳисоблаш нотўғри бўлар эди. Чунки ҳар икки давлат бир-бирининг ҳудудида иккинчи давлатга қарашли ўнлаб анклавларга эга.

- “Чегара аниқланса, низолар барҳам топади” деган фикр бугунги кунда устунлик қилмоқда. Лекин чегара аниқланганда ҳам мазкур ҳудуддаги низолар давом этаверади, деб ҳисоблайман. Масалан, Қирғизистон ичкарисида бўлган Ўзбекистоннинг Сўх анклавида Қирғизистоннинг Бўжўй ва Алкан деган 2 та анклави жойлашган. Чегарани аниқлаш билан бир қаторда анклавлардаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳам ҳал этиш лозим бўлади. Ҳукуматнинг бу муаммоларга кўз юмиши катта низоларни келтириб чиқариши мумкин, - дейди Роберт Авазбеков.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш жараёни уч йил аввал тўхтаб қолган эди. Чегарани аниқлаш бўйича ўзбек-қирғиз давлатлараро комиссияси фаолияти жорий йил баҳорида қайта жонлантирилди.

Айни пайтда 1378 чақиримлик ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 чақирими аниқланмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG