Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:49

Ўзбекистон америкалик миссионерларни депортация қилди


Ўзбек маҳкамаси америкаликларни ноқонуний миссионерлик фаолияти билан шуғулланганликда айбдор деб топди.


Бу ҳақда хабар қилган Регнум агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таянган ҳолда, "америкаликлар Ўзбекистонда протестант насронийликни тарғиб қилганлари учун депортация қилинган"лигини ёзди.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Америка фуқароларининг депортация қилингани шарҳламади. Озодлик сўровига жавобан элчихона "АҚШ фукароларининг шахсий маълумотлари дахлсизлигига оид хавотирларини ҳисобга олиб шарҳ берилмаслиги"ни маълум қилди.

Исми келтирилмаган Ўзбекистон расмийсига кўра, Хитон Жон Артур исмли шахс бошчилик қилган ўнга яқин миссионерлар гуруҳи Тошкентдаги олий ўқув юртлари талабалари орасида баптизм ғояларини тарғиб қилган.

Айтилишича, Хитон Жон Артур Ўзбекистонга биринчи марта 2008 йилда Жаҳон тиллари университети студенти сифатида келган. Ўқишни тугатганидан кейин у “Lancaster International Trading Company, Inc”, “Litco”, “Оsborne Trading Company, Inc” каби хорижлик миссионерлар, асосан АҚШ фуқароларига виза хизмати кўрсатувчи ширкатларда ишлаган ва миссионерларнинг Ўзбекистонга кириб келишига кўмаклашган.

Расмий манбанинг билдиришича¸ Хитон Жон Артур “ўз фаолияти”ни фақат пойтахтда олиб бормаган - у бир қанча муддат Шаҳрисабзда яшаган.

Ўзбекистон маҳкамаси ҳам¸ “Осиё маданияти ва тараққиёти институти”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси собиқ ўқитувчиси Хитон Жон Артурни “Lancaster International Trading Company, Inc”, ваколатхонаси ходими Эриксон Жон Андерсон билан бирга маҳаллий аҳоли орасида диний ташвиқот олиб бориш билан шуғулланганликда айбдор деб топган.

Ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба номи келтирилган ташкилотлар бошқа ходимларининг ҳам шундай фаолият билан шуғулланганини маълум қилган.

“Улар орасида Нок Филип Эндрю, Мак Донохью Патрик Даниел, Хубергер Даниел Жозеф, Мак Леод Карл Лестер ҳам бор. Улар Евангелий черковининг баптистлар оқимига мансуб бўлганлар. Тарбиркор ва инглиз тили ўқитувчиси ниқоби остида улар студент ёшларни протестант диний таълимотига жалб қилиш бўйича қонунга зид равишда миссионерлик билан шуғулланганлар.

Эътиборга молик томони шундаки, барча хорижликлар ўзбек тилида мукаммал сўзлашганлар ва кундалик ҳаётда ўзларини Жаҳонгир, Ҳусан, Жасур, Дониёр, Фарҳод ва бошқа исмлар билан аташган.

Ўзбекистон суди қарорига мувофиқ юқорида исмлари зикр қилинган АҚШ фуқаролари ўзларининг ғайриқонуний ҳаракатлари учун Ўзбекистондан чиқариб юборилди”, - дейди Регнум ахборот агентлигига маълумот берган Ўзбекистон расмийси.
XS
SM
MD
LG